Аномал иссиқ: ёз ёндирадими?

Интервью

Ўтган қиш аномал совуғи билан ёдимизда қолди. Кузатилаётган сел, ёмғир, дўл, чанг бўронларига-ку ўрганиб ҳам қоляпмиз. Баҳорнинг илк ойлари ёздек бошлангани билан апрель ойининг илк ҳафтаси ёғингарчиликларга бой бўлди. Баҳорнинг кейинги ойларидаги ҳаво ҳарорати, сел, дўл ва чанг бўронлари, келаётган ёзнинг жазирамаси ҳақида Гидрометеорология хизмати маркази директори Шерзод Хабибуллаев билан сухбатлашамиз.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Баҳорнинг илк ойлари ёздек бошланди. Апрель-май ойида ёғингарчиликлар кузатиладими?

Шерзод Хабибуллаев, Гидрометеорология хизмати маркази директори: — Қишнинг совуқ кунларидан кейин ҳозирги ҳаво иссиқдек туюлди. Аслида ҳаво ҳароратида катта ўзгариш йўқ. Ёғингарчиликлар эса доимгидан кўпроқ, албатта. Апрель ойида ёғаётган ёмғирлар ва кўп йиллик маълумотларни солиштирганда, бугунги об-ҳавони баҳорий деб атасак бўлади. Аслида, баҳор, куз ҳаволари тонг ва тунда салқинроқ, кундузи иссиқроқ бўлиши керак.
Апрелнинг дастлабки 15 кунида ҳозиргидек ёғингарчиликлар кузатилади. Бир нарсани айтиш керак, ҳозирги об-ҳаво аномалга кирмайди. 15 апрелдан кейин циклон келса, албатта, огоҳлантирилади. Ҳозирги прогнозларимиз эса 15 кун ёғингарчилик, ундан кейин эса ҳаво исишини кўрсатмоқда.

Ф.Н.: Аномал сўзининг маъноси нима, аномал деганда қандай об-ҳаво назарда тутилади?

Ш.Х.: — Қиш фаслида аномал сўзини жуда кўп муҳокама қилдик. Агар қонунчиликка эътибор қаратадиган бўлсак, аномал: доимий ҳароратдан ўртача 8 даража плюс ёки минусга фарқ қилишига айтилади.

Ф.Н.: — Ўзбекистонда фаслларнинг ўз вақтида бўлмаслигининг асосий сабаби нима?

Ш.Х.: — Фаслларнинг вақтида бўлмаслиги, ҳаво ҳароратининг ўзгариб кетиши умумий иқлимий муаммо билан боғлиқ. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёнинг муаммосидир. Шунингдек, яқин қўшниларимизда кузатиладиган об-ҳаво ҳам бизга таъсир қилмайди деб айтолмаймиз. Сўнгги уч йиллик кузатишлар ҳақида айтадиган бўлсак, биз аномал деб номлаган совуқлар ўз вақти ва фаслида, яъни қишда бўлди.

Ф.Н.: — Бизни чанг бўронлар, селлар кутяптими?

Ш.Х.: — Сел 15 апрелгача келиши прогноз қилинган. Сел келиши қор ва музликларга қараб ўлчанади. Албатта, яна қўшимча маълумотлар тақдим этилади. 
Чанг эса, қуруқчилик бошлангандан кейин кузатилади. Биринчи шамол бўлиб ўтади ундан кейин чанг кўтарилади. Прогнозларга эътибор берсак, чанг кунлар исигандан кейин кўтарилишини кўриш мумкин.

Ф.Н.: — Чанг бўрони бўлиб, ҳаво ифлосланганда кўпчилик буни Тошкентдаги дарахтларнинг кесилиши, пала-партиш қурилишлар билан боғлайди. Аввал ҳам чанг бўронлари бўлган ва ўша вақтларда ҳам ифлосланиш даражаси ҳозиргидекмиди?

Ш.Х.: — 2021 йилга қадар прогнозларда шамол ҳақидаги маълумотлар берилмаган. Чанг ҳақида маълумотлар берилмаган. Энди прогнозларга чанг ҳам қўшилди. Шу вақтга қадар шамол, момақалдироқ ва бошқалар ҳақида огоҳлантирилганди. 2021 йилда содир бўлган чанг бўронидан кейин ҳамманинг эътибори чангга қаради. 

Кучли чанг бўрони бўлишига, албатта, бир нечта сабаблар бор. Чанг кўтарилиши ҳамма нарсага боғлиқ. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қурилишлар, автомобиль ёқилғиси, дарахтлар кесилиши барчаси бир-бирига алоқадор. Ўзи Республикамизда энг катта чанг бўрони 1970 йилда содир бўлган ва 6 соат давом этган. Орадан анча йил ўтиб, 2021 йилда кунлаб давом этган чанг бўрони кузатилди.

Ф.Н.: — Бу йилги ёз қандай келади нималарга тайёр бўлишимиз керак?

Ш.Х.: — Ёз фасли иссиқ бўлади. Лекин аномал деган сўзни ишлатиш ҳали эрта. Аномал олдиндан бериладиган прогноз эмас. Ўтган йили ҳавонинг исиши бўйича рекорд даража қайд этилди. Ҳамма фаслга тайёргарлик кўргандек, ёзнинг жазирамасига ҳам ҳозирликни бошлашимиз зарур. Қиш қаттиқ келди дегани, ёз ҳам аномал бўлади дегани эмас. Албатта, фасл яқинлашгани сари прогнозлар ўтказилади ва янада аниқ маълумотлар берилади.

Гидрометеорология хизмати маркази директори Шерзод Хабибуллаев билан тўлиқ интервьюни QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

об-ҳаво Гидрометеорология аномалёз узгидромед

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made