“Бавария” эътиборидаги Файзуллаев ва легионерга айланган футболчилар – Спорт дайжести

Таҳлил

“Бавария” назарига тушган Аббосбек Файзуллаев, Туркия ҳамда Эрон клубларига бориб қўшилган ўзбекистонлик футболчилар ва терма жамоа футболчисига нисбатан қўпол гапириб, узр сўраган шарҳловчи бугун диққат марказимизда. Ассалому алайкум QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести

Президент ҳокимлар иқтидорларни кашф қилишга эътибор қаратмаётганини айтди

Жорий йилда спортга қарийб 2 триллион сўм ажратилмоқда. Шу боис спортни оммалаштириш бўйича тизим тўлиқ ва юқори самара билан ишлаши зарур. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни ўтказилган 2024 йилда таълим, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди.

Йиғилишда ҳокимлар ўзи мусобақалар ташкил қилиб, янги иқтидорларни кашф қилишга етарли эътибор қаратмаётгани ва оқибатда, ҳудудларда яхши спортчилар четда қолиб кетаётгани айтилди.

Маҳаллаларни футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси каби спортнинг 12 та оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳар ойда маҳаллаларда оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Спорт вазирлигига ва ҳокимликларга йил давомида “сектор – туман – вилоят – республика” даражаларида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш топширилди.

“Спорт мактаблари – спорт коллежлари – спорт федерациялари – олий маҳорат мактаблари” занжири асосида доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Президент Олимпия ва Паралимпия ўйинларига қаттиқ тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади
Париж-2024 га тайёргарлик кўраётган спортчилар учун 15 та Олимпия ва Паралимпия марказида ҳамда Тошкент шаҳри, Андижон ва Тошкент вилоятларидаги 14 та спорт базаларида барча шароитларни яратилади. 

Йиғилишда Мирзиёев бу йилги ютуқларни Токио Олимпиадаси каби фақат якка кураш спорт турлари ҳисобидан қўлга киритамиз, деган фикр мутлақо нотўғри эканини айтиб ўтди.

Селекторда Олимпия ўйинларидаги натижалар Ўзбекистон тарихидаги энг яхшиси бўлиши учун зарур чораларни ҳозирдан кўриш юзасидан вазифалар берилди.

Олимпия ва Паралимпия қўмиталари билан биргаликда уларни чуқурлашган тиббий кўрикдан ўтказиш, фармакология ва диетология жиҳатидан сифатли таъминлаш вазифаси қўйилди.

Маҳмуд Муродов охирги жангидан қанча даромад қилгани маълум бўлди

Ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов россиялик Алиасхаб Ҳизриевга қарши жангдан 76 минг АҚШ доллар даромад қилди. 

Мазкур жанг 11-сониядаёқ тўхтатилди ва ўтказилмаган, деб қайд этилди, чунки Ҳизриев жанг давом этаётган бир паллада Муродовнинг кўзига қўлини тиқиб олди ва ўзбекистонлик жангчи баҳсни давом эттиролмади.
Шундай қилиб, Муродов умумий ҳисобда жанг учун 70 минг, ҳомийлик келишувларидан 6 минг АҚШ долларига эга бўлди. Ҳизриев эса жангдан 16 минг, ҳомийлик шартномаларидан 4 минг АҚШ доллар фойда қилди. 

Маълумот учун, Муродов Ҳизриевгача UFC'да 5 та жанг ўтказиб, 3 тасида ғалаба қозонган, 2 марта эса мағлубият аламини таътиб кўрган. Ҳизриев эса UFC'да 1 марта октагонга кўтарилган ва ғалаба қозонган.

Жалолиддин Машарипов фаолиятини Эронда давом эттирадиган бўлди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчиси Жалолиддин Машарипов Эроннинг “Истиқлол” клуби билан ярим йиллик шартнома имзолади. 

“Салом, Истиқлол клуби мухлислари. Тез кунда кўришамиз”, дейди Машарипов Эрон клуби билан эълон қилган видеода.

“Истиқлол” клуби навбатдаги ўйинини “Hazfi cup” турнири доирасида “Мес Рафсанжан” клубига қарши ўтказади. 30 ёшли Машарипов мазкур учрашувда дебют қилиши мумкин.

Маълумот учун, Жалолиддин Машарипов фаолияти давомида Тошкентнинг “Пахтакор” ва “Локомотив” клубларида тўп тепган. Хориж клубларидан “Шабаб Ал-Аҳли”, “Ал-Наср” ва “Пансерраикос” жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Ҳозирда “Transfermarkt”га кўра қиймати 1,5 миллион еврони ташкил этади.

Терма жамоа футболчисига нисбатан қўпол гапирган шарҳловчи узр сўради

“Спорт” телеканалининг рус тилидаги шарҳловчиси Отабек Жўраев Осиё кубоги чорак финалидан ўрин олган Қатар – Ўзбекистон ўйинидаги пенальтилар серияси давомида Зафармурод Абдураҳматовнинг муваффақиятсиз уринишидан сўнг қўпол гапиргани учун футболчидан узр сўради. Бу ҳақда шарҳловчи ўз Telegram саҳифасида маълум қилди. 

“Сўнгги чорак финалдан деярли икки кун ўтди. Стресс қўйиб юборди, ҳиссиётлар жойига тушди. Энди иштирокимиз ҳақида ўз фикрларим билан ўртоқлашсам бўлади, аммо бундан олдин менга энг муҳим бўлган нарсага эътиборимни қаратмоқчиман. Ўша ўйиндаги пенальтини назарда тутяпман. Зафармурод билан алоқага чиқдим. Узр сўрадим. Масала ёпилди. Қиёматга қолмади. Мана энди ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман”, дейди Отабек Жўраев.

Маълумот учун, 20 ёшли Зафармурод Абдураҳматов Қаршининг “Насаф” клуби аъзоси ҳисобланади. У Қатар билан ўйиндаги пенальтилар сериясида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 4-зарбасини амалга оширди, бироқ уриниш самарасиз якунланди.

Аббосбек Файзуллаевни “Бавария” скаутлари кузатмоқда

Германиянинг “Бавария” клуби скаутлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаевнинг ўйинларини кузатиб бормоқда. Бу ҳақда “Қорабоғ” жамоаси дарвозабони Андрей Луневнинг агенти Антон Смирнов маълум қилди.

“Мюнхенликлар футболчини U-23 терма жамоада ўйнаганида ҳам ўйинларини катта қизиқиш билан кузатган ва ҳозирда Файзуллаев немис скаутлари “нишонида” турибди”, деб ёзди Смирнов Telegram саҳифасида.

Кейинроқ мазкур хабарга Файзуллаевнинг агенти Қаҳҳор Мўминов муносабат билдирди.

“Албатта, кўплаб клубларнинг скаутлари Аббосни кузатиб бормоқда ва кўпчилик унга қизиқиш билдирмоқда, аммо “Бавария”нинг қизиқиши ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Ҳозир асосийси эътибор Аббоснинг бироз дам олиши ва мавсумга тайёргарлик кўриш учун ЦСКАга қўшилишига қаратилган”, дейди Мўминов.

20 ёшли Файзуллаев ўтган ёзда ЦСКАга ўтган эди. “Армиячилар” таркибида ҳужумкор ярим ҳимоячи 18 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.

Файзуллаев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 14 та ўйин ўтказиб, 4 та гол урди ва терма жамоа таркибида Осиё кубоги чорак финалига қадар етиб борди.

Сардор Рашидов БАА клуби аъзосига айланди

Ўзбекистонлик таниқли футболчи Сардор Рашидов фаолиятини Бирлашган Араб Амирликларида давом эттирадиган бўлди. 

32 ёшли Рашидов “Дубай Сити” жамоаси билан шартнома имзолади. Тез орада клуб ҳам футболчи билан келишувга эришганини эълон қилади.

Ҳозирда “Дубай Сити” мамлакат чемпионати турнир жадвалида 18 та ўйиндан кейин 13 очко тўплаб, 16-ўринда бормоқда. Жамоа БААнинг янги клубларидан бири ҳисобланади. “Дубай Сити”га 2018 йилда асос солинган.

Маълумот учун, Сардор Рашидовнинг охирги жамоаси Тошкентнинг “Пахтакор” клуби бўлди. У “шерлар” сафида умумий 26 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. “Transfermarkt”га кўра Рашидовнинг қиймати 250 минг еврони ташкил этади.

Расман: Эркинов БАА клуби аъзосига айланди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Россиянинг “Торпедо” клуби аъзоси Ҳожимат Эркинов Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Ваҳда” клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Эркинов янги жамоасида 15-рақам остида тўп тепади. Футболчи 30 июнга қадар амирликлар клуби шарафини ҳимоя қилади. Шартномаси якунлангач 22 ёшли футболчи яна Москва клубига қайтади. 

Маълумот учун, Эркинов “Торпедо” сафида умумий 24 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та голли узатмани амалга оширган. Унинг “Transfermarkt”га кўра қиймати 600 минг еврони ташкил этади.

Расман: Ўрунов Эрон клуби билан шартнома тузди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Остон Ўрунов Эроннинг “Персеполис” клуби аъзосига айланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди. 

Ўрунов янги жамоаси билан 2025 йилнинг 30 июнига қадар шартнома имзолади. 23 ёшли футболчи янги клубида мавсумига 807 минг АҚШ доллари ишлаб топади.

Ўруновнинг охирги жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бўлди. У наманганликлар сафида Осиё Чемпионлар лигасида (ОЧЛ) 5 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди. Унинг трансфер нархи 1 миллион еврони ташкил этади. 

“Реал”га гол урган ўзбекистонлик футболчининг янги жамоаси маълум бўлди

Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Жасур Яхшибоев Қозоғистоннинг “Ордабаси” клуби билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Бир ойдан буён Чимкент клуби сафида машғулотларда иштирок этиб келаётган 26 ёшли футболчи ниҳоят “Ордабаси” билан шартнома тузди. Яхшибоевнинг клуб келишуви шу йил охирига қадар амал қилади. 

Маълумот учун, Яхшибоевнинг сўнгги клуби “Навбаҳор” бўлди. Ундан аввал у “Пахтакор”, ОКМК, “Энергетик БГУ”,

“Шахтёр Солигорск”, “Легия”, “Шериф” клублари шарафини ҳимоя қилган. Ҳужумкор айрим ҳимоячи Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 10 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та гол муаллифи бўлган.

Қайд этиш жоиз, “Шериф”даги фаолияти давомида футболчи Европа Чемпионлар лигасида иштирок этган ва Молдова клуби сафида Мадриднинг “Реал” клуби дарвозасини ишғол қилган.

Туркия клуби ўзбекистонлик футболчи трансферини эълон қилди 

Туркиянинг “Сивасспор” клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Азиз Турғунбоев билан 2025 йилнинг 30 июнига қадар шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

“Мавсумий танаффусда трансфер ҳаракатларини давом эттирган “Сивасспор” 29 ёшли чап қанот ярим ҳимоячиси Азизбек Турғунбоев билан келишувга эришди”, дейилади клуб хабарида.

Турғунбоев янги клубида 90-рақам остида тўп тепади.

Маълумот учун, Азиз Турғунбоев 1994 йилнинг 1 октябрда Наманганнинг Поп туманида туғилган. Катта футболга илк қадамни маҳаллий “Навбаҳор”да ташлаган. 2021 йилда у “Пахтакор”га ўтган.

Фаолияти давомида 218 та учрашувда қатнашиб, 44 та гол уриб, 16 та голли узатмани амалга оширган. У Ўзбекистон терма жамоаси либосида 30 марта майдонга тушган.

Расман: Отабек Шукуров “Кайсериспор” клубига кўчиб ўтди

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Отабек Шукуров Туркиянинг “Кайсериспор” жамоаси аъзосига айланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Осиё кубоги бошланишидан аввал “Фотиҳ Карагюмрук” билан хайрлашган 27 ёшли футболчи фаолиятини Кайсери шаҳри жамоасида давом эттиради. Шукуров янги клуби билан 2,5 йиллик шартнома имзолади.

Маълумот ўрнида, “Кайсериспор” клубига 1966 йилда асос солинган. Жамоа уй ўйинларини 33 минг томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган “Кадир Хас” стадионида ўтказади. Ҳозирда “Кайсериспор” Туркия Суперлигасида 24-турдан кейин 20 жамоа орасида 28 очко билан 13-ўринни эгаллаб турибди.

Акбар Жўраев Осиё чемпионатида 3 та олтин медалга сазовор бўлди

9 февраль куни оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг кун дастурида Ўзбекистон вакили Акбар Жўраев 3 та йўналишда шоҳсупанинг 1-поғонасидан жой олди.

-102 кг вазнда иштирок этган Жўраев даст кўтаришда 180 кг, силтаб кўтаришда 220 кг натижа қайд этиб олтин медалга эга чиқди. Спортчи икки кураш натижасига кўра, 400 кг натижа қайд этиб, мусобақадаги олтин медаллари сонини 3 тага етказди.

-96 кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Суннатилла Ўсаров даст кўтаришда 161 кг, силтаб кўтаришда 185 кг ни ўзига бўйсундирди. Спортчи икки кураш натижасига кўра, 346 кг билан 3 та йўналишда кумуш медалга сазовор бўлди.

-89 кг вазн тоифасида иштирок этган Сарварбек Зафаржонов даст  кўтаришда 167 кг оғирликни ўзига бўйсундириб олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтаришда эса -195 кг лик тошни кўтаришни уддалаган Зафаржонов икки кураш натижаларига кўра умумий 362 кг натижа билан 2-ўринни қўлга киритди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда ўзбекистонлик Нигора Сувонова ва Турсуной Жабборова жамоа ҳисобига 4 та медални қўшиб қўйди.

-87 кг вазнда иштирок этган Сувонова даст кўтаришда 101 кг лик натижа билан олтин, силтаб кўтаришда эса  128 кг билан кумуш, икки кураш натижасига кўра кумуш медални қўлга киритди.

+87 кг вазн тоифасида ўз имкониятларини синовдан ўтказган Турсуной Жабборова даст кўтаришда 116 кг лик тошни ўзига бўйсундирди ва бронза медали соҳибига айланди. Жабборова силтаб кўтаришда 124 кг, икки кураш натижасига кўра, 258 кг натижа қайд этди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг