Байден Японияни хафа қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден Ҳиндистон, Хитой ва Россияни ксенофобияда айблади. Шунингдек, Президент Япониянинг иқтисодий муаммоларига ҳам унинг "ксенофобия" ва қаттиқ иммиграция сиёсати сабаб бўлаётганини айтди. Бу ҳақда у Вашингтондаги сайловолди кампаниясида сўз очди.

"Биласизми, иқтисодимиз ўсиб бораётганининг сабабларидан бири сиз ва Қўшма Штатлардаги бошқа кўплаб одамлардир. Нега? Чунки биз муҳожирларни қабул қиламиз. Нима учун Хитой иқтисодий жиҳатдан бунчалик секинлашмоқда? Япония нега муаммоларга дуч келмоқда? Чунки улар ксенофоб, улар муҳожирларни кутишмайди", деган у.

Президент айтган бу гаплар АҚШнинг Осиёдаги энг яқин ҳамкорларидан бўлган Японияга қарата тош отилиши эди. Апрель ойида Япония Бош вазири Фумио Кисида АҚШ Конгрессидаги нутқида Токио америкаликлар ўз мамлакати раҳбариятидан шубҳаланаётган ва чарчаган бир пайтда Вашингтонга глобал тартибни сақлашда ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди. Шунингдек, у Япония АҚШ билан турли соҳаларда муносабатларни мустаҳкамлашда давом этиш ниятида эканини, чунки Вашингтон билан иттифоқ минтақавий тинчлик ва барқарорликка ҳисса қўшишини таъкидлаган эди.

Байденнинг Япониядаги “ксенофобия” ҳақидаги гаплари муносабати билан Япония ҳукумати дипломатик каналлар орқали Америка томонига чуқур афсус билдирди.

“Kyodo” агентлигининг маълумотларига кўра, Америка томони ҳам бу ҳодисадан афсусда эканини ва Байденнинг баёнотлари Япониядаги вазиятни нотўғри тушунишга асосланганлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Россия ҳам Байденнинг юқоридаги гапларига расмий муносабат билдирди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Байденнинг Россияни ксенофоб давлатлар қаторига қўшгани ҳақидаги баёноти ҳақиқатга зид.

"Бизнинг фикримизча, бу баёнот мутлақо тескари ҳақиқатни акс эттиради. Ҳақиқатан ҳам Россия баъзида фақат миллат мезонларидан келиб чиққан ҳолда баъзи компанияларга нисбатан мутлақо гангстер чекловларини киритадими? Муайян миллат вакилларини қувиб келаётган Россиями? Йўқ, бу билан Россия эмас, бутунлай бошқа давлат шуғилланади”, деган Песков.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар ҳам АҚШ Байденнинг ксенофобия ҳақидаги сўзларини рад этди. 

“Биринчидан, иқтисодиётимиз инқирозга учрамаган. Ҳиндистон ҳар доим ўзига хос мамлакат бўлиб келган. Мен ҳатто жаҳон тарихида очиқ жамият сифатида ажралиб турадиган Ҳиндистондир, дердим. Ҳиндистонга турли жамоалардан турли одамлар келади”, деган вазир.

ТИВ раҳбари яқинда кучга кирган фуқаролик тўғрисидаги қонунга ўз ватанларида жабр-зулм бўлса, Жанубий Осиёнинг айрим давлатларидан (Покистон, Афғонистон ва Бангладеш) келган мусулмон бўлмаганларга соддалаштирилган тарзда фуқароликка қабул қилиш ҳуқуқини берувчи ўзгартиришларни мисол тариқасида келтирди.

"Ўзгартиришлар адашиб қолган одамлар учун эшикларни очади. Ўйлайманки, биз Ҳиндистонга кўчиб ўтишга муҳтож бўлган ва Ҳиндистонга жойлашиш ҳуқуқига эга бўлган одамлар учун очиқ бўлишимиз керак”, дея қўшимча қилди вазир.

У тилга олган қонун ҳинд мусулмонларини ғазаблантирди, улар буни диндан қатъий назар тенгликни эълон қилувчи конституцияга зид деб ҳисоблайди. Республика ҳукумати ўзгартиришлар ҳеч кимнинг манфаатларига қарши эмаслигига ишонтирмоқда.

Маълумот учун, ксенофобия бегона, нотаниш, ғайриоддий нарсага нисбатан муросасизлик, бошқа бировни ёқимсиз ва хавфли деб билиш. Ксенофобия маҳаллий ҳамжамиятдан “бегона” деб ҳисобланган шахслар тоифаларининг чиқарилишига, уларнинг сиёсатда, кундалик ҳаётда, ишда, таълимда ва ижтимоий таъминотда камситилишига олиб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Ҳиндистон Япония Жо Байден ксенофобия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made