Суди бошланган блогер, “жиноят ини”га айланган Қўқон, “учирилган” 31 амалдор, қамоққа ташланган ҳоким – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Статистик маълумотларга кўра, охирги вақтларда боғча болалари орасида жиноятчилик кескин ортган. Асосий жиноятлар туркуми қуйидагича: гуруҳ ухлаётганда ухламай ётиш – жамоат хавфсизлигини бузиш, ўйинчоқларни олиб қўйиш – майда безорилик, чўнтагимда шоколад бор деб алдаб, ўзганинг молига эга чиқиш – фирибгарлик, овқатдан бош тортиб, “борщ”ни емаслик – боғча тузумини куч билан ағдаришга уриниш, сурункали гуруҳ бўлиб боғчага келмаслик – уюшган жиноятчилик, пора бериш ва воситачилик қилиш. Бу статистика СТАТҚЎМга эмас, менга оид. Ўтган ҳафта ички ишлар ходимларининг қилар иши қуригандек, мамлакатда жиноятга мойиллиги бор шахсларнинг ҳаммаси билан мулоқот қилиб бўлингани, гўё бошқа одам қолмаганидан болалар боғчасида 3-4 яшар болаларга ваъз ўқиётгани, оқ ва қорани таниш ҳақида маъруза қилаётганини кўриб, юқоридаги айтганларимни қоғозга туширгандим. Ассалому алайкум! Ички ишлар ходимларининг маърузаларидан фарқли ўлароқ QALAMPIR.UZ'нинг катталар учун тайёрланган ҳафта воқеалари таҳлили билан камералар қаршисида Қамариддин Шайхов. Биз бошладик.

Абдуқодир Мўминовнинг судига журналистлар киритилмади

Тугаётган ҳафтани сўзсиз энг шов-шувли судлар ҳафтаси, десак хато қилмаймиз. Улардан бири ўтган йилнинг февраль ойида қатор жиноятларда айбланиб, ҳибсга олинган журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов билан боғлиқ. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўрилиши бошланган ишда Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Суд мажлиси жамоатчилик орасида қатор савол ва эътирозларни келтириб чиқариб, ижтимоий тармоқда муҳокама марказида бўлди. Суд очиқ ўтказилиши белгиланганига қарамай, уни ёритиш учун келган кўплаб журналистлар маҳкамага киритилмади. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов эса буни суд зали кичиклиги, бино эскилиги, жабрланувчиларнинг ўзи 10 дан ошиқлиги билан изоҳлади. 

Судни ёритишга ҳозир бўлган журналистлар орасида QALAMPIR.UZ, BBC ва “Америка овози” журналистлари ҳам бор эди. Бироқ улар жой етишмаслиги сабаб суд залига кира олмади. 

Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 млн 421 минг 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган. Бироқ ижтимоий тармоқларда тарқалган гапларга қараганда, 27 июль куни бўлиб ўтган иккинчи суд мажлисида бир неча жабрланувчилар Мўминовга нисбатан даъвоси йўқлигини билдириб, шикоятини қайтариб олган. 

Айни вақтда суд давом этмоқда. Якуний хулосага келинишига ҳали эрта. Биринчи суд мажлисида эса журналист ва блогер Абдуқодир Мўминов журналистик суриштирувлар ўтказиб бериш учун бир неча мурожаатчидан шартнома асосида пул олганини тасдиқлаган. Шуни алоҳида урғулаш ўринлики, Ўзбекистонда журналистик суриштирув ўтказиш учун пуллик шартнома тузиш бўйича ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмас. Фақат журналистнинг бирор аризани пуллик шартнома асосида ўрганиши унинг холис бўлолмаслиги, тўловни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахснинг манфаатларини кўзлаб иш тутиши, бу эса журналистик этикага зид экани билан баҳоланади. 

Telegram'даги гуруҳга нашид юборгани учун 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродов озодликка чиқарилди

Бу Telegram'даги 10 кишилик гуруҳга тақиқланган нашид юборгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган Жаҳонгир Улуғмуродов онаси. Бу видео ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларни портлатган эди. Бу ҳафта эса унинг оҳу нолалари ўз манзилига етиб бориб, ўғлига тайинланган уч йиллик қамоқ жазоси енгил жазога алмаштирилиб, Улуғмуродов озодликка чиқарилди. 

28 июль куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган)га нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукми ва Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими устидан адвокат Абдумалик Абдуллаев томонидан берилган кассация шикояти кўриб чиқилди. 

Суд мажлисида қайд этилишича, қуйи судлар Жаҳонгир Улуғмуродовга оид жиноят иши тафсилотларини тўғри аниқлаб, унинг айблилиги ҳақида асосли хулосага келган.

Улуғмуродовнинг суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганликдаги айби дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида гувоҳларнинг биринчи инстанция суди мажлисида, мутахассисларнинг апелляция инстанциясида берган кўрсатмалари, билдирги, баённомалар, фотожадваллар, тушунтириш хатлари, судга оид диншунослик ва адабиётшунослик экспертизаларининг хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ишончли ва мақбул далиллар йиғиндиси билан ўз исботини топган.

Кассация судлов ҳайъати, иш бўйича Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорларини ўзгартириб, унинг ёшлиги, талаба эканлиги, муқаддам судланмагани, ўқиш жойидан ижобий тавсифлангани, оилавий шароити, қилмишидан пушаймонлиги, шунингдек жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атвори каби ҳолатларни эътиборга олди.

Шу тариқа Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги ажримига мувофиқ Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилиб, унга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан ушбу Кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаган ҳолда 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Улуғмуродовнинг 2023 йил 24 февралдан 2023 йил 28 июлга қадар қамоқда сақланган 5 ой 4 кун Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари)га асосан чегирилиб, ўташ учун 2 йил 6 ой 26 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилиши белгиланди.

Жаҳонгир Улуғмуродовга озодликни чеклаш жазосини яшаш жойи бўйича ўташ белгиланиб, соат 22:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиш тақиқланди.

Улуғмуродовга Жиноят кодексининг 48-1-моддаси (озодликни чеклаш) 5,6-қисмлари талаблари тушунтирилиб, дарҳол жазони ижро этиш жойларида қамоқдан озод қилиниши белгиланди.

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг ҳимояси остидаги Улуғмуродовни оқлаш ҳақидаги шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Ушбу лавҳа аввалида Улуғмуродовнинг онасининг нолаларига қулоқ тутгандик. Бугун эса ўғли озодликка чиққан бу онадан бахтли инсон йўқ.

Термиз шаҳри ҳокими Исроил Худойбердиев 11 йилга қамалди

Ўтган йилнинг октябрь ойида қамоққа олинган Термиз шаҳри ҳокими Исроил Худойбердиев ва унга шерик сифатида кўрилган 17 киши устидан жорий ҳафта маҳкама бўлиб ўтди ва собиқ ҳоким 11 йилга қамалди. 

Улар “Яшил дунё” савдо мажмуаси қурилиши давомида 14,8 миллиард сўмни ўзлаштирганликда гумонланган эди. Бош прокуратура Термиз шаҳар ҳокимияти собиқ мансабдор шахслари томонидан давлат ва жамият ҳамда тадбиркорларнинг манфаатларига 35,6 миллиард сўм зарар етказилганини маълум қилган эди.

Иш Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида очиқ тарзда кўриб чиқилган. 

Ҳукмга кўра, 2017-йилнинг февралидан 2022-йилнинг сентябригача Термизни бошқарган ҳоким Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми, 2-қисми “а” банди, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 2-қисми “а” банди, 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “а” банди, 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ўташ учун узил-кесил 2 йил 6 ой муддатга давлат ташкилотларида мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўталиши белгиланган. 

Қолган 17 нафар судланувчи Жиноят кодексининг 25,167, 167, 168, 184, 28,205, 205, 206, 28,209, 209 ва 229-4-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга тегишлилиги бўйича жарима, 1 йил 9 ой 15 кундан 2 йил 3 ойгача ахлоқ тузатиш ишлари ва 3 йил 6 ойдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган. 

Бу ҳокимларнинг қамалиши билан боғлиқ ягона ҳолат эмас. 2022-йилнинг декабрида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Жорий йилнинг март ойида Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихоновга нисбатан эса Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан 3 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Қарши шаҳри собиқ ҳокими Жамшид Фозилов ҳам жорий йилнинг март ойида 4 йилга қамалган бўлса, июль ойининг бошида Урганч шаҳри собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев 3 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона ва Қўқон шаҳарларига ташрифи

Аслида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27-28 июль кунлари Фарғона ва Қўқон шаҳарларига амалга оширган ташрифи ҳафтанинг асосий воқеаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Балки ой воқеаси, дейилса ҳам ярашар. Ҳар ҳолда бу ташрифни ҳали нафақат Қўқон ва фарғоналиклар, балки бутун республика, айниқса, шу кунларда ишдан қувилган ўнлаб раҳбарлар кўп ва хўп эслаб юради, менимча. 

Эсингиздами, Президент навбатдаги етти йиллик учун қасамёд қабул қилаётиб, “ким сайлов ўтди, сафарбарлик тугади, деб ўйласа хато қилади”, деган эди. Мирзиёев рост айтган экан. Охирги вақтларда Президентдан Фарғонада бўлгани каби танқидлар, ўз ишига лаёқатсиз кадрларни лавозимдан олишларни кўпам учратмаётган эдик. Қўқон ва Фарғонада бўлган йиғилишлар менга 2017 йилда, Мирзиёев эндигина Президент сифатида иш бошлаган даврларни, ўша шижоат ва ғайрат, ўзгаришлар, ўзгартиришларга нисбатан алангани эслатди. 

Президент Фарғонада ўтказилган йиғилишда вилоятдаги инвестицион муҳитни қаттиқ танқид остига олди. Саноатдаги ўсиш ҳам жуда паст, ишлаб чиқариш ҳам мақтангулик эмас. Вилоятда муаммолар қалашиб кетган. Бунча танқиддан кейин вилоят ҳокими Бозоров “учиб кетса” керак деб ўйлагандик. Йўқ, ундай бўлмади. Ўрнига вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Адҳамжон Тиллаволдиев, Риштон тумани ҳокими Суфхонжон Солиев, Марғилон шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов ва туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Т.Хусанов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Хожиқўзижон Исақов ҳамда инвестиция бўйича ўринбосари Иқболжон Эргашев, Бағдод тумани ҳокими Юсуфжон Хусаинов, Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров ва Бувайда тумани ҳокими Беҳзод Ибрагимовга “ҳайфсан” эълон қилинди.

Фарғона шаҳри ҳокими Восилжон Назаров ва сектор раҳбарларининг лавозими 3 ой синов муддати билан ўз вазифасини бажарувчи даражасига туширилди.

Шунингдек, давлат раҳбари вилоятда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб, бу борадаги ишлар аҳволи қониқарсизлигини танқид қилди. Фаолиятида йўл қўйган камчиликлар учун Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Жўраев лавозимидан озод этилди. Президентнинг айтишича, Жўраев жиноятчиликка қарши курашиш ўрнига статистикани сунъий камайтириш билан шуғулланиб келган. Вилоятда жиноятларни рўйхатга олмаслик орқали уларни яшириш оддий ҳолга айланиб қолган.

Шу куннинг ўзида ушбу лавозимга 2019 йилдан буён Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган генерал-майор Азизбек Икромов тайинланди. 

Шуни алоҳида айтиб ўтиш ўринлики, Фарғонада Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилиб, ўрнига вазир ўринбосари тайинланиши билан боғлиқ воқеа биринчи марта рўй бераётгани йўқ. 2020 йилда ҳам вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига вазирнинг ўринбосари Дониёр Тошхўжаев тайинланган эди. 

Ҳа дарвоқе, Президент Қўқонда фақат мажлис билан банд бўлмади. У оддий қўқонликлар хонадонида меҳмон бўлиб, ёши улуғ онахонни ўз ҳисобидан Ҳажга юборишга ваъда берди. Боғчада ишлаётган тарбиячини эса ўқишга олиб кириб қўйди. 

Президентнинг Қўқонга борганини эшитган журналист Шарифа Мадраҳимова Facebook'да Мирзиёев билан учрашган қўқонликларга ҳаваси келганини айтаркан, давлат раҳбари Бувайда туманига келгудек бўлса, ундан уч йилдан буён ҳал бўлмаётган муаммоси – сувсизликка ёрдам сўрашини ёзди. 

“Кеча бағдодликларга роса ҳавасим келди. Президент улар билан учрашди, муаммоларини сўради. Бир онахонга текин Ҳажга бориб келасиз дейишди. Бир тарбиячининг “стаж”и етмас экан, “ўзимизнинг Қўқонгами”, деб ажойиб лутф билан “пединститут”да ўша қизнинг ўқишини ҳал қилиб қўйишди. Қанийди, бизникига ҳам келишса. Уч йилдан буён ҳал бўлмаётган муаммоим – сувсизлик барҳам топармиди?! Мен ҳам фақат битта нарсани – уйимизга сув тушириб беришларини сўрардим. Ортиқча нарса сўраб, у кишининг вақтини олмасдим”.


28 июль куни Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишмисан йиғилиш, сюрпризмисан сюрприз. Нақ 31 киши “учди” денг шу йиғилишда. Президентнинг гапларидан кўриниб турибдики, у ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолияти, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишлардан умуман қониқмаяпти. Унинг айтишича, ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган.

Йиғилишда Президент мамлакат бўйича криминоген вазият мураккаб бўлган, “қизил” тоифага киритилган маҳаллалар энг кўп Тошкент шаҳри, Фарғона, Қашқадарё, Бухоро ва Наманган вилоятларига тўғри келганини айтди. Маҳалладаги ўта оғир ва оғир жиноятлар Фарғона, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Қашқадарё вилоятларида энг кўп содир этилган.

Фарғона шаҳрида ўғрилик, Наманган шаҳрида безорилик, Қўқон шаҳрида тан жароҳати, Самарқанд шаҳрида номусга тегиш ва товламачилик, Миробод туманида қотиллик кўп юз берган.

Юқорида фантастикага берилиб, боғча болалари орасида жиноятчилик кескин ортгани ҳақида ҳазил қилгандим. Президент эса бу масалага тўхталди-ю, ҳазил қилиб ўтирмади. Масъулларга яхшигина танбеҳ берди. 

“Нима иш қилиш кераклигини билмаган айрим профилактика инспекторлари боғчаларга бориб, 3-4 ёшли болакайларга “оқ-қорани фарқлаш” бўйича маъруза ўқиш билан банд. Тизимда стажи 3 йилгача бўлган, энди тажриба тўплаётган профилактика инспекторларини криминоген оғир маҳаллага қўйиш амалиёти ҳалигача давом этмоқда. Аксинча, “яхши” маҳаллаларда эса кўп йиллик тажрибаси бор ходимлар хизмат қилмоқда”.

Танқидлардан Ички ишлар вазири Бобожонов ҳам бебаҳра қолмади. Унга кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишлари қониқарсиз йўлга қўйилгани кўрсатилди. 

Жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли билан ишлашда сусткашликка йўл қўйгани учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Раҳмоновга, маҳаллада профилактика инспекторлари ишини лозим даражада ташкил қилмагани учун, ички ишлар вазирининг ушбу соҳага масъул ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга “ҳайфсан” эълон қилинди ва уч ой синов муддати тайинланди.

Барча вилоят прокурорлари ва ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ўзига тегишли хулоса қилмаса, йил якуни билан барчаси лавозимидан озод этилиши айтилди.

Шунингдек, жиноятчиликка қарши курашишда сусткашликка йўл қўйган Тошкентнинг Сергели, Янгиҳаёт, Шайхонтоҳур, Бухоронинг Ғиждувон, Когон, Хоразмнинг Тупроққалъа, Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир, Навоийнинг Томди, Қашқадарёнинг Яккабоғ, Сурхондарёнинг Олтинсой, Жиззахнинг Зафаробод, Сирдарёнинг Боёвут, Гулистон, Наманганнинг Мингбулоқ, Андижоннинг Олтинкўл туманлари ички ишлар бўлими бошлиқлари, Андижоннинг Андижон, Сурхондарёнинг Бандихон, Фарғонанинг Бувайда, Самарқанднинг Нарпай, Тошкентнинг Юнусобод туманлари прокурорлари эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимида рақамлаштириш аҳволи қониқарсизлиги танқид қилинди. Вазирнинг бу масалалар учун масъул ўринбосари зиммасига юклатилган бирорта вазифа охиригача етказилмагани кўрсатиб ўтилди ва шу муносабат билан вазир ўринбосари – полковник Нажмиддин Тўрахўжаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Президентнинг айтишича, жиноят қилган шахсларнинг ҳар учинчиси ёшлар. Улар томонидан содир этилган жиноятларнинг 32 фоизи ўғрилик ва фирибгарлик. Уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида қайд қилинган. Ёшлар жиноятининг ҳар еттинчиси гуруҳ таркибида содир қилинган, 1 минг 100 нафар ёшлар такроран жиноятга қўл урган.

Мирзиёевга кўра, вояга етмаганлар ичида ўта оғир жиноят содир этганлари ҳам бор ва бу борада вилоятда ҳам, республикада ҳам энг ёмон аҳвол Қўқон шаҳрида.

Вилоятда вояга етмаганлар содир этган оғир жиноятларнинг 20 фоизи ва ўта оғир жиноятларнинг 43 фоизи айнан Қўқон шаҳрига тўғри келган. Ачинарлиси, 47 нафар мактаб ва 18 нафар коллеж ўқувчилари жиноятга қўл урган. Бу бутун республика бўйича энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади.

Гарчи Қўқондаги вазият танқид қилинган бўлса-да, қўқонлик раҳбарлар қолиб, негадир Сирдарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосарлари Шавкат Зайниддинов ва Яшин Душанов, Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, Президент яқинда Фарғонада 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганини тилга олиб, бу ҳолат вазият қанчалик оғирлигини кўрсатиб турганини айтди.

Президент жамоат жойларида тинчликни таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталди. Миллий гвардияга қўшимча ваколат берилиб, парк, хиёбон ва бозорларда жамоат тартибини сақлаш ушбу тузилма зиммасига юкланди. Лекин бозорларни “жиноятдан холи ҳудуд”га айлантириш борасида Миллий гвардиянинг фаолияти қониқарли эмаслиги айтилди.

Шу йилнинг ўзида Миллий гвардия масъул бўлган ҳудудлардаги 236 та жиноятнинг 86 фоизи айнан бозорда содир этилган.

Умуман, Миллий гвардия жавобгарлиги остидаги ҳудудларда жиноятларга қарши курашиш бўйича тизим яратилмагани кўрсатилиб, Миллий гвардия қўмондонининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи ўринбосари Инъомжон Ибрагимов лавозимидан озод этилди.

Зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармагани учун Миллий гвардиянинг Жиззах ва Сурхондарё вилоятлари бошқарма бошлиқлари Анвар Иброҳимов ва Шарофиддин Саидов, Навоий шаҳар қўриқлаш бўлими бошлиғини ишдан бўшатишга кўрсатма берилди.

Шунингдек, Президент йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар аҳволидан мутлақо норози. Ўтган олти ойнинг ўзида 4 мингга яқин авто-авариялар содир этилиб, 873 нафар шахс вафот этган, 3,5 мингдан ортиғи жароҳат олган. Аварияларнинг 48 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар сабаб келиб чиққан. Эҳ, бу ҳақда қачондан бери бонг уриб келамиз. Йўлларда чизиқлар йўқ, бори ҳам камера деган қопқонга илинтириш учун. Чизиқларнинг қанчадан қанчаси нотўғри чизилган, минглаб йўл белгилари ҳайдовчиларни чалғитади. Айтаман десанг гап кўп, эшитадиган, жавоб берадиган одам йўқ. Йўл ҳаракати хавфсизлигига масъул раҳбарлар эса матбуот, журналистлардан қочгани қочган. 

Президент йиғилиб қолган қатор эътирозларни инобатга олиб, Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги раҳбари Олимжон Саидовга “ҳайфсан” берди. Шунингдек, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари лавозимидан озод этилди. 

Жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ўзига юклатилган вазифаларга совуққонлиги, коррупция ҳолатларига йўл қўйгани ва мансаб ваколатидан шахсий манфаатларида фойдаланиб келганлиги учун Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва унинг биринчи ўринбосари, Қўқон шаҳар ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўлими командири ўринбосари, Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, вилоят прокурорининг ички хавфсизлик бўйича ёрдамчиси, вилоят прокуратураси иқтисодий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, вилоят прокурорининг вояга етмаганлар ишлари бўйича ёрдамчиси, Риштон тумани прокурори ишдан олинди.

Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизматига уларнинг фаолиятига қонуний баҳо бериб, тергов ҳаракатларини бошлаш топширилди.

Шунингдек, қўл остидаги ходимлари ҳамда ички ишлар идораларида қонун ижроси устидан назоратни сусайтириб юборгани учун Фарғона вилояти прокурори Бахтиёр Исмоиловга “ҳайфсан” берилди.

32 ёшли аёл кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, қайтиб чиқмади

Ўтган йилнинг қишидан бошлаб Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари қатори инвестицион жозибадорлиги билан кўз-кўз қилинадиган, аммо инфратузилмаси, коммуникациялари билан бунга у қадар ҳам жавоб бермаётган пойтахт Тошкентда “свет” ўчишлар авжига чиқди. Расмийлар ўшанда электр энергиясидаги узилишларни аномал совуқ билан боғлаган эди. Аммо узилишлар аномал совуқнинг чекиниши ёки Ортиқхўжаевнинг ҳокимликдан олиниши билан барҳам топгани йўқ. Аксинча, энди ёз ҳам электр энергиясидаги талафотларсиз ўтмаяпти. Қишдаги узилишлар, одамларнинг исиниш учун турли йўллардан фойдалангани ёки катта кучланишдаги электр сабаб ўт кетган уйлар бўлди, айрим туманларда қаҳратондан музлаб ўлганлар ҳам бўлгани ҳақида узунқулоқ, тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Қишдаги бундай гаплар лоф бўлиши мумкин, лекин электрдаги узилишлар ўз ортидан қурбонларни олиб келаётгани энди лоф эмас. Жорий ҳафтада “свет” ўчиши оқибатида 32 яшар почтачи Олга Леонтева кўп қаватли уйнинг лифтида қолиб кетиб, ҳаво етишмаслигидан вафот этгани маълум бўлди. Аёл почтага келган хатни етказиб бериш учун кўп қаватли уйнинг 9-қаватига лифтда кўтарилгани, лифт тўхтаб қолиши оқибатида қамалиб, анча вақт қолиб кетгач, вафот этгани айтилмоқда. 

Бош прокуратурага кўра, жорий йилнинг 24 июль куни соат тахминан 14:50 ларда 32 ёшли аёл Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Паркент кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг лифтига кириб, қайтиб чиқмаган. 26 июль куни марҳуманинг яқин қариндошлари томонидан ички ишлар идорасига бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган.

Текшириш давомида кўп қаватли уйда яшовчилар ушбу лифт бир неча кундан буён ишламаётгани, олдин ҳам носозлик ҳолатлари кўп такрорлангани ҳақида маълум қилган. 

Шифокорларнинг дастлабки тиббий маълумотномасида, марҳуманинг ўлимига юракнинг ишемик касаллиги, ўткир юрак, қонтомир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлгани кўрсатилган.

“Жамоатчиликда ушбу воқеа бўйича билдирилаётган тахминлар терговга қадар текширув давомида тўлиқ текширилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.


Шу Ўзбекистон туризмини расман Абдуҳамиков Туризм вазирлиги, деб номласак бўладиёв. Боиси жаноб Азиз Абдуҳакимов қайси вазирликка ўтса, туризм соҳаси унинг ортидан ўша вазирликка қўшиб қўйилади. 2022-йилнинг декабрида эълон қилинган ва бетакрору бехато деб таърифланган маъмурий ислоҳотлар 7 ойда самарасини кўрсатиб, иккита вазирлик номи ўзгарди. Мана, яна Маданият вазирлигидан туризм соҳаси юлиб олиниб, Маданият ва туризм вазирлиги негизида Маданият вазирлиги ташкил этилиб, унга яна Озодбек Назарбеков вазир этиб тайинланди. 

Азиз Абдуҳакимов бошқариб келаётган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида эса Туризм қўмитаси қайта ташкил этилди. Президент қарори билан Умид Шодиев қўмита раиси лавозимига тайинланди. 

Ҳа айтганча, тугаётган ҳафтада туризмни қўлидан бой берган Назарбековга Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори илмий даражаси берилди.

Ўзбекистонда камбағаллар сони қанча?

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистонда камбағаллар сонини ҳисоблаб чиқди. Бугунги кунда республика бўйича 1 миллион 307 минг 800 та камбағал оила мавжуд. Мамлакатда камбағаллик даражаси 14,1 фоизни ташкил қилмоқда. Вазирликнинг мақтанишича, ўтган йили бу кўрсаткич 17 фоиз бўлган бўлса, шу йил якунига қадар камбағаллик даражасини 12 фоизга (1 миллион 180 минг оила) қадар тушириб, 130 мингга яқин оилани камбағалликдан чиқариш режа қилинган.

Статистикага кўра, мамлакат бўйича камбағаллик даражаси энг паст бўлган ҳудудлар Тошкент шаҳри, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳисобланади. Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари эса аксинча, камбағал оилалар нисбатан кўпроқ бўлган ҳудудлар сифатида таснифланган.

Шуни айтиш ўринлики, Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган камбағаллик чегараси – минимал истеъмол харажатлари бир ойда бир кишига 568 минг сўмни ташкил этмоқда. 

Суви нархлари кескин қимматлашди

Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида ичимлик суви ва оқова хизматлар бўйича тариф нархлари кескин қимматлашди. Тошкент вилоятида 20 августдан бошлаб 1 кб метр ичимлик суви нархи 950 сўмдан 1700 сўмга оширилди, бюджет ташкилотлари учун бу миқдор 7 минг сўмни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ томонидан аҳолига етказиб бериладиган сув нархига нисбатан олинган. 

Оқова сув хизмати эса аҳоли учун 1 1 кб метр учун 850 сўм, бюджет ташкилотлари учун 1 850 сўм этиб белгиланди. 

Бундан ташқари, “Чимган-Чорбоғ сув таъминоти” МЧЖ ва “Мусаффо оби ҳаёт” МЧЖ томонидан етказиб бериладиган ичимлик ва оқова сув хизмати учун ҳам алоҳида янгиланган тарифлар миқдори келтирилган. 

Шунингдек, нархларнинг ошиши ҳудудларга ҳам таъсир қилади, хусусан, Сурхондарёда истеъмол суви нархи 1 кб метр учун 2140 сўмга, Қашқадарёда эса 2000 сўмга кўтарилган.

Маълумот учун, сўнгги беш йил ичида Тошкент вилоятида ичимлик суви таъминоти даражаси 60,9 фоиздан 73,8 фоизга етди. Марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти учта йирик ер усти иншоотлари орқали амалга оширилади: Ангрен шаҳридаги Наврўз сув тозалаш иншооти, Чирчиқ шаҳридаги очиқ сув тозалаш иншооти, Қибрай туманидаги Қодирия сув тозалаш иншооти, шунингдек, 22 тумандаги қудуқлар орқали. Ичимлик суви аҳолига 594 та сув иншоотлари, 866 та сув олиш қудуқлари, 6683,6 км сув қувурлари ва тармоқлар орқали етказиб берилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари Антониу Гутерриш дунёда глобал исиш даври тугаб, глобал қайнаш даври бошланганини айтди. Ўзбекистонда ҳам кун қайнагандан қайнаяпти. Одамлар экологик вазият, чанг-тўзонлар, дарахтлар қирғинидан норози. Ва бизга оид маълумотларга кўра, олдимизда турган ҳафталарда электр энергияси нархи ҳам ошиши кутилмоқда. Демак, келаётган ҳафтада ҳам муҳокама қилишимизга арзирли воқеалар кўп бўлади. Қалампирда қолинг. 


Мақола муаллифи

Теглар

блогер қамоқ Қўқон амалдор Ҳафта таҳлили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made