188 йилда қурилган Франция рамзи Нотр-Дам де Пари 15 соатда кулга айланди
Бу қизиқ 16 Апрель 20:36 10118
2019-04-15t185927z_1_lynxnpef3e1bc_rtroptp_4_france-notredame

Кеча, 15 апрель куни Париждаги Нотр-Дам де Пари ибодатхонаси йирик ёнғин натижасида ёниб кетди. 15 соат аланга ичида қолган собор Биби Марям ибодатхонаси номи билан ҳам машҳур. Мазкур меъморий обида XII асрда қурилган. Қуйида ибодатхонанинг тарихи ва Франция учун аҳамияти ҳақида сўз юритамиз.

Нотр-Дам де Пари – Париж ва Франциянинг ҳатто Европанинг ҳам рамзларидан бири, ўрта аср архитектураси дурдонаси ва готика меъморчилигининг ёрқин намунаси, шунингдек, Виктор Гюгонинг “Париждаги Биби Марям ибодатхонаси” романининг тўлақонли иштирокчиси ҳамдир.

Париж шаҳрига асос солинган милоддан аввалги 53 йилда Нотр-Дам де Парининг ўрнида қурбонлик келтириладиган алтарь бўлган. У вақтларда Париж ҳам Лютеция деб номланган. То Нотр-Дам де Пари қурилгунча, унинг ўрнида бир неча бор кичик ибодатхона, христианлар черкови барпо этилган. Аммо вақт ўтиб, аҳоли сони кўпайгач, мавжуд ибодатхона талабга жавоб бермай қолган.

Нотр-Дам де Парини қуриш ташаббуси Париж епископи Морис де Сюлли томонидан билдирилган. 1163 йилда епископ катта ибодатхона тамал тошини қуриш учун Парижга Рим Папаси Александр III ни таклиф қилган. Асосий қурилиш ишлари 19 йил давом этган ва ибодатхона ишга туширилган. Унда олий даражали тадбирлар ҳам ўтказилган. Аммо қурилиш ишлари яна бир асрдан ортиқроқ давом этган.

Масалан, 1185 йилда соборга Қуддус католик патриархи Гераклий ташриф буюрган. 1099 йилда Қуддус шаҳри Биринчи салиб юришлари натижасида эгаллангач, ибодатхона ҳузурида Рим Папасига бўй сунувчи ҳудудий бўлинма ташкил этилган. XII аср охирида Миср султони Салоҳ ад-Дин ҳужуми натижасида Қуддус қироллиги қулаган. Ўшанда Гераклийнинг Парижга таклиф қилиниши Франциянинг Исо Пайғамбар қабри учун курашда қанчалик собит эканлигининг рамзига айланган.

1351 йил Нотр-Дам де Пари қурилиши расман якунланган сана ҳисобланади. Унинг бутунлай қуриб битказилишига жами 188 йил кетган. Нотр-Дам де Пари ўша кўринишда  XVIII асрнинг биринчи чорагигача сақланиб қолган. Қирол Людовик XIII (1601-1643 йй) меросхўр дунёга келиши муносабати билан ибодатхонага янги алтарь қуриб, уни қайта безашга ваъда берган. Бироқ бу иш унинг ўғли даврида амалга оширилган. 1708-1725 йилларда собор алтари тўла янгиланган.

Нотр-Дам де Пари Франция тарихидаги энг муҳим воқеаларнинг гувоҳи ва ҳатто, иштирокчиси ҳамдир. Унда қироллик оиласи вакилларининг тўйлари ўтказилган. Аммо тож кийдириш маросими анъанавий тарзда Реймсда амалга оширилган.

Собор тарихий воқеалар майдонига ҳам айланган. 1302 йилда Нотр-Дамда Франция Парламенти тузилиши эълон қилинган. 1456 йилда эса ибодатхонада “Орлеан қизи” – Жанна д’Арк суд қилинган.

Собордан душманларни йўқ қилиш учун ҳам фойдаланилган. 1229 йилда ибодатхона дарвозаси олдида черковдан ажратиб қўйилган мустақил Тулуза графлигининг сўнгги ҳукмдори Раймунд ўз гуноҳларига тавба қилган.

Нотр-Дам де Пари қурилганидан бери бир қанча талафотларга учраган. Масалан, Буюк Француз инқилоби даврида уни бузиб ташлаш ниятидаги одамлар ҳам бўлган. 1789 йилда Максимилиан Робеспьер ўз декретларидан бирида парижликлардан ибодатхонани сақлаб қолиш учун махсус солиқ тўлашларини талаб қилган. Инқилобчилар ўз мақсадида жиддий эканини кўрсатиш учун соборнинг минорасини бузиб ташлаган. Шу билан масалага якун ясалмаган. 1793 йилда ибодатхона черковдан олиб қўйилган ва унда диний бўлмаган тадбирлар ўтказиш авж олган.

1794 йилда Робеспьер ҳокимиятдан ағдарилгач, черковни таъқибга олиш тўхтаган. Аммо Нотр-Дам черковга қайтарилмаган. Бу ишни 1802 йилда Франциянинг бир умрлик Биринчи консули Наполеон Бонапарт амалга оширган. Кейинроқ 1804 йилда Нотр-Дамда Наполеоннинг тож кийдириш маросими ўтказилган. Шу тариқа Наполеон француз қиролларининг кўп асрлик Реймсга бориб тож кийиш анъанасини бузган.

Тож кийдириш маросимида яна бир қизиқ воқеа юз берган. Бўлажак император Наполеон Рим Папаси Пий VII нинг қўлидан тожни олиб ўзига кийдирган, кейин ўзининг ва турмуш ўртоғи Жозефина Богарненинг бошига гулчамбар қўйган.

XIX асрда Нотр-Дам де Пари қайта туғилган дейиш мумкин. Ўша даврга келиб ибодатхона кўрганда йиғлагулик аҳволга келиб қолган. Бурбонлар сулоласи даврида соборни биринчи марта тўла қайта таъмирлаш эълон қилинган. Бироқ ибодатхонанинг хароб аҳволини кўрган парижликлар уни бузиб, ўрнига янги бино қуришни таклиф қилган. Ўшанда соборнинг ҳимоячилари ҳам топилган. Улардан бири буюк ёзувчи Виктор Гюго эди. У ўзининг “Париждаги Биби Марям ибодатхонаси” романи билан французларни миллатнинг маданий меросини сақлаб қолишга руҳлантирган.

Охир-оқибат 1841 йилда соборни реставрация қилиш учун танлов эълон қилинган ва 1844 йилда 25 йил давом этган таъмирлаш ишлари бошланган. Танловда Жан-Батист Ласс ва Эжен Виолле-ле-Дюк ғалаба қозонган. Уларга Буюк Француз инқилоби даврида харобага айланган ибодатхонани таъмирлабгина қолмай, унга қайта ишлов бериш талаби қўйилган. Ўшанда бинонинг иморати каттароқ ва ҳашаматлироқ қилиб қайта қад ростлаган.

XIX аср ўрталарида собор расман Франция ва Парижнинг бош ибодатхонаси мақомини олган.

XX асрда Нотр-Дам де Пари мамлакат ҳаётида янги вазифани бажара бошлаган. Энди у ерда Франция қаҳрамонларини хотирлашар ва сўнгги манзилга кузатишарди. Бу ерда ёзувчилар Морис Баррес ва Поль Клодель, маршаллар Фердинанд Фош ва Жозеф Жоффр, собиқ президентлар Раймон Пуанкаре ва Франсуа Миттеран, океаншунос Жак-Ив Кусто ва бошқа кўплаб машҳур инсонлар сўнгги манзилга кузатилган. Соборда генераллар Шарль де Голл ва Леклерканинг Парижни озод қилиши ва Ғалаба куни қутланган ҳамда Франция мадҳияси “Марсельеза” қўшиғи куйланган.

Собор дунё тарихидаги икки Жаҳон урушини деярли талафотсиз ўтказган. Ваҳоланки, Биринчи жаҳон уруши вақтида Париж оғир артиллерия қуроллари билан ўққа тутилган, Иккинчи Жаҳон урушида ҳаводан бомбаланган. Аслини олганда, бу даврга келиб ибодатхона яна таъмир талаб бўлиб қолганди.

XXI асрда Нотр-Дам де Пари қурилганига 2013 йилда 850 йил тўлиши муносабати билан қайта таъмирланган. Унга янги қўнғироқ ва кўздан яширин электр симлари ўтказилган. Шу билан бинони ёритиш тизими ўзгарган. Ўшанда таъмирлаш ишларини соборнинг юбилейига битиришнинг иложи бўлмаган. Черков тарихий обидани таъмирлаш учун 100 млн евро кераклигини айтган. Бундан ташқари, собор меҳмонлар учун ёпилмаган. Бу ишлар даврий олиб борилишини талаб қилган. Черков айтган пулнинг йиғилиши ҳам осон иш эмасди. Бунинг учун фавқулодда бир ҳолат юз бериши керак эди. Шундай бўлди ҳам: Нотр-Дам де Пари ёниб кетди.

Эндиликда уни қайта қуриш учун 100 млн евро кифоя қилмайди. Ёнғинда соборнинг асосий қисми сақлаб қолинган бўлсада, ибодатхонинг томи ва минораси ёниб кулга айланди. Ёнғин етказган зарар ҳали ҳисоблаб чиқилмаган. Аммо бир нарса аниқки, Нотр-Дам де Пари учун Буюк Француз инқилоби давридан анчайин ёмон кунлар келди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 154
Рейтинг: 3.0