Ироқ Бош вазири Байден билан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш ҳақида гаплашиш учун Оқ уйга борди

Олам

image

Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий кеча, 15 апрель куни Вашингтонда АҚШ Президенти Жо Байден билан музокаралар олиб борди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди. 

Муҳокама учун асосий масалалар – икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, АҚШ ҳарбийларини мамлакатдан олиб чиқиш. Улар 2014 йилда ИШИД гуруҳига қарши курашиш учун тузилган халқаро коалиция таркибида Ироқда давом этаётган “Inherent Resolve” ҳарбий операцияси доирасида қолмоқда.

Америка қўшинларини олиб чиқиш йўллари бўйича музокаралар олдиндан режалаштирилган бўлса-да, улар бунинг учун нохуш бир вақтда бўлиб ўтди – бир кун аввал Эрон Исроилга ҳужум қилган ракеталар ва дронлар Ироқ ҳаво ҳудудидан учиб ўтган эди. Ироқда жойлашган АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Исроилга ҳужумига қарши туришда иштирок этди. Америка ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Патриот зенит-ракета мажмуасининг бир қисми сифатида Эрбил яқинидаги базадан (Ироқ Курдистони автоном вилоятининг маркази) камида битта Эрон ракетасини уриб туширди. 

АҚШ қўшинлари Бағдод халқаро аэропорти, шаҳарнинг чет эл элчихоналари жойлашган Яшил зонаси, Ғарбий Анбар вилоятидаги Ал-Асад авиабазаси ва бошқа бир қанча ҳудудларда жойлашган. Бағдоддан ташқарида АҚШ ҳарбийлари вақти-вақти билан эронпараст шиа гуруҳлари томонидан ўққа тутилади.

15 апрель куни кечқурун Байденнинг ал-Суданий билан учрашуви олдидан АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ироқ Бош вазири ўринбосари Муҳаммад Али Тамим билан суҳбатда унинг мамлакати барча томонларни кескинлашувдан қочишга чақиришини айтди. Ўз навбатида, Тамим Ироқ ҳукумати вазият кучайиши ва минтақа халқаро хавфсизликка таҳдид соладиган кенгроқ урушга тортилишидан огоҳлантираётганини таъкидлади.

"Шунинг учун биз барча томонларни вазминлик кўрсатишга ва дипломатик иш қоидаларини, шунингдек, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирамиз", дейди у.

Қайд этиш жоизки, Ироқ Бош вазири 6 январь куни Америка қўшинларини мамлакатдан якуний олиб чиқиш масаласини муҳокама қилиш ниятида эканини маълум қилган. Ўшанда у Ироқдаги коалиция кучларининг фаолиятини тўхтатиш учун шарт-шароит тайёрлайдиган махсус қўмита тузилаётганини айтган. Бунга ИШИД гуруҳига қарши курашда қатнашган дала қўмондони Муштақ ал-Жаварийнинг Бағдодда Америка ҳаво ҳужуми оқибатида ўлдирилгани сабаб бўлган. 

“Ироқнинг Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш талаби “ички аудиторияни қондиришга уриниш" эди, лекин аслида Ироқ расмийлари бу контингентни сақлаб қолишга кўпроқ мойил”, деб ёзди “Politico” АҚШ Давлат департаментидаги манбасига таяниб.

Ўз навбатида, Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги 25 январь куни АҚШ билан музокаралар муваффақиятли ўтгани ва ишчи гуруҳлар даражасида Олий ҳарбий қўмита фаолиятини бошлаганини маълум қилди. Жараённинг мақсади "халқаро коалиция маслаҳатчиларининг Ироқда бўлиш муддатини белгиловчи аниқ жадвални шакллантириш ва уларнинг Ироқ тупроғида босқичма-босқич қисқариши ва коалиция ҳарбий миссиясини тўхтатиши" экани айтилди. Шундан сўнг Пентагон Қўшма Штатлар ва Ироқ ҳукумати АҚШ-Ироқ Олий ҳарбий комиссияси ишчи гуруҳи йиғилишларини бошлаганини тасдиқлади.

Ироқ икки томонлама вазиятда. Бир томондан, у Америка иқтисодий тўсиқларининг якуний барҳам топишига, Вашингтон билан савдо ва бошқа алоқаларнинг мустаҳкамланишига умид қилмоқда. Бошқа томондан, кўпчилик шиалар яшайдиган, 2005 йилги конституцияга кўра, Бош вазир Исломнинг ушбу тармоғининг вакили бўлиши керак бўлган мамлакат Эрон билан яқин алоқада. 

“Эрон биз билан умумий манфаатларга эга бўлган қўшни давлат, АҚШ эса стратегик иттифоқчи. Улар билан муносабатларимиз муҳим. Ҳам Эрон, ҳам АҚШ билан алоқалар Ироқ учун тарангликни камайтириш мақсадида ишлатилиши мумкин бўлган афзалликдир ва бу барча минтақавий инқирозларда шундай бўлган”, деган Суданий АҚШга ташрифи олдидан.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Ироқ Жо Байден Муҳаммад Суданий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made