Ислом Каримовга суиқасд уюштирилган кун

Таҳлил

Ҳар бир давлатнинг яхши ёки ёмон тарихи бор. Ўзбек халқи ҳам ўз тарихини, мамлакатда бўлиб ўтган турли воқеаларни унутмайди. Ўрта авлод вакиллари 1999 йилнинг 16 февралини яхши эслайди. Тошкент осмони қора тутунлар билан тўлган ўша мудҳиш кунда мамлакатдаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган эди. Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатида, хавфсизлик хизматидан тортиб, энг кичик идоралар фаолиятида ҳам туб бурилиш ясаган ушбу ҳодиса нафақат мамлакатнинг конституциявий ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат, балки шахсан Биринчи Президент Ислом Каримовга қаратилган суиқасд эди.

Илк ва энг катта кучга эга портлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида соат 10 дан 55 дақиқа ўтганда содир этилди. Ўша куни Ҳукуматнинг 1998 йилдаги фаолияти ҳисоботига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтиши ва унда давлат раҳбари Ислом Каримов иштирок этиши режалаштирилганди. Ўша вақтда Президент матбуот котиби ва Олий Мажлис депутати бўлган Азамат Зиё бу воқеаларни шундай эслайди:

“Тахминан 09:45 ларда автоматдан отилган ўқ овозини эшитиб қолдик. Кейин мен Президент соқчиларининг биридан Президент келган, келмаганини сўрадим. Соқчи Президент деярли келиб бўлганини айтди. Мен пастга қараб югурдим. Шунда 3-қаватларга етганимда жудаям кучли портлаш содир бўлди”, дейди Азамат Зиё.

Бу портлашлардан кейин хавфсизликни сақлаш идоралари, ички ишлар ва ўт ўчириш хизматлари воқеа жойларига етиб келишди ва ўз бурчларини адо этишга киришган. Соат 12:57 да Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастурида портлаш содир бўлгани ҳақида эълон қилинди.

Портлашдан сўнг, суриштирув ишларига бош бўлган ўша вақтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳам бу воқеаларни унутгани йўқ. У ўзининг “Ортда қолган таҳликали кунлар” номли китобида шундай ёзади:

“Вазирлар Маҳкамаси биноси ёнида содир этилган портлаш шаҳардаги “Нодирабегим” кинотеатри, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Ички ишлар вазирлиги бинолари олдида ҳам юз берди. Портлашлар оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 128 нафарга яқин одам турли даражада тан жароҳати олди. Улардан, 83 нафари шифохоналарга ўтказилди. Бир нечта автомашина ёниб кетди. Жабрланганларнинг деярли барчаси тинч аҳоли вакиллари эди.

Бу хунрезлик ортидаги энг асосий мақсадлардан бири мамлакатимиз президенти Ислом Каримовнинг ҳаётига тажовуз қилишдан иборат эди. Чунки портлашлар асосан Президент кортежи ўтадиган йўлларда, Вазирлар Маҳкамаси биносига кираверишда портловчи моддалар билан тўлдирилган турли русумдаги 6 та автомашинани портлатиш орқали амалга оширилди”, деб ёзади собиқ ички ишлар вазири.

Воқеа ҳақидаги хотираларини давом эттираркан Азамат Зиё шундай дейди:

“Президент орқага қайтиб кетди деганларидан кейин мен Президент Девонига қараб кетдим. Энг қизиғи, Президент кабинетидаги хоналар ҳаммаси зирҳланган ойналардан иборат эди. Улар тарам-тарам бўлиб кетганди. Ўша аҳволни кўргандан кейин мен Ислом акага бошқа хавфсизроқ жойга ўтасизми, балки, десам у киши сен бу гапни бир марта менга гапирдинг, бошқа гапирмагин дедилар.

Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир, деди. У киши ҳар қандай шароитда, нима бўлмасин ўз ҳаёт принципларидан воз кечмаслигини айтиб, воқеа жойларига кетди”, дейди Азамат Зиё.

Ҳали террорчилик ҳаракатлари давом этаётган, Тошкентнинг бир нечта нуқталарида портлаш овози келиб турган пайтда Президент Ислом Каримов воқеа жойига бориб, вазият ва у ердагиларнинг аҳволи билан танишган. Президент интервью бераётган вақтда ҳам орқа томондан яна бир портлаш содир этилган.

“Мана шу бинода шикастланган, керак бўлса ярадор бўлганлар билан гаплашиб буларнинг олдини олиш керак. Халқимизга, аҳолимизга мана шу ердан туриб мурожаат қилмоқчиман, ваҳима бўлмасин.

Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, ваҳима бўлмасин. Кучимиз етади. Буларнинг ҳаммасини, айтайлик, жой-жойига қўйиш, керак бўлса, бу муттаҳамларни нафақат жойига қўйиш, қўлини кесиб ташлашга ҳам қурбимиз етади, кучимиз етади. Халқимиз шуни билсин”, деган эди Ислом Каримов.

16 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг йиллик мажлиси бўлиши керак эди. Қўпорувчилик ҳаракатлари сабаб бу мажлис соат 13:00 да Олий Мажлис биносида бўлди. Унда Президент Ислом Каримов қатнашди.

Тошкентда содир бўлган ҳолат ҳақида бутун дунё хабар топди. Кунлик хабарларда журналистлар Ўзбекистон пойтахтида содир бўлган воқеалар ҳақида гапира бошлади. Ўша вақтдаги ички ишлар вазири Зокиржон Алматов бу воқеалар ҳақида ёзар экан. Шу куннинг ўзидаёқ бир нечта мамлакат раҳбарлари Президент Ислом Каримовга ҳамдардлик мактублари йўллаганини айтади.

Портлаш оқибатида бевақт ҳалок бўлган юртдошларимизнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 17 февралдаги Фармонига биноан, 1999 йил 18 февраль мамлакатимизда Мотам куни деб эълон қилинди.

1999 йил 16 февраль воқеаларини ҳозиргидек эслайдиган Зокиржон Алматов QALAMPIR.UZ'га берган интервьюсида шундай дейди:

“Биласизми, террористик ҳаракатларни содир этиш учун жуда катта ақлнинг кераги йўқ. Ё белига бомба боғлаб ўзини шаҳид қилади ёки... Инсоннинг онгини шунчалар заҳарлашадики, ўз халқига қурол кўтаради, қўпорувчилик натижасида зиён етказади”, дейди Зокиржон Алматов.

Ўз сўзида давом этиб, ўқиб мулла бўлмаган ёки спорт билан шуғулланмаган, характери ожиз, заиф, иродасиз инсонлар террорчилар сафига қўшилиб, халқига қарши қурол кўтаришини айтади:

"1999 йилларда содир этилган 16 февраль воқеасига келсак, хўш, бу кимлар томонидан содир этилди? Андижон, Наманган яна бошқа 1-2 вилоятлардан чиққан йигитларимиз Чеченистонга бориб қолишган. Ана ўша ердаги урушда қатнашиб, араб фуқароси бўлган Хаттоб деган террорчининг қўлига тушиб қолишади. Шуни тарбиясини олиб, лагерда тайёргарликдан ўтиб, махсус портловчи моддалар билан ишлашни ўрганиб, Ўзбекистонга келиб, террорчилик ҳаракатларини содир этишган. Кутилмаган пайтда, кутилмаган аҳволда содир бўлган. Уларнинг асосий мақсади Ўзбекистон Президентига суиқасд ўтказиш, халқни ичида нотинчлик юзага келтириш ва яна бошқа салбий оқибатларга олиб келиш эди. Қайси ўзбек ўз халқига хиёнат қилиб, қонини тўкади?" дейди Алматов.

Зокиржон Алматовнинг таъкидлашича, ўша пайтда бу воқеа Ҳукуматни довдиратиб қўймаган. Шу куннинг ўзида махсус режа билан иш бошланган. Халққа ҳамма нарса адолатли етказилган ва мудҳиш жиноятни кимлар содир этиши мумкинлиги айтилган.

“Олий Мажлисда бўлган йиғилишда давлатимиз раҳбари буни халққа эълон қилди. Жиноятлар қайси экстремистик ташкилот томонидан содир этилишини изоҳлаб берди. Ана шу пайтда қаердан бўлса ҳам жиноятни содир этган жиноятчиларни топиб, зарарсизлантириш, Ўзбекистонга олиб келиш масаласи бизнинг олдимизга қатъий вазифа қилиб қўйилди. Қисқа вақтда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз жиноятчиларнинг изига тушдик”, дейди собиқ вазир Зокиржон Алматов. 

16 февраль воқеалари ўша давр мутасаддилари хотирасида ўчмас тамға бўлиб қолгани табиий. Зокиржон Алматов давлат раҳбаридан жуда катта танбеҳ эшитганини хотирлади.

“Давлат раҳбаридан жуда қаттиқ танбеҳ эшитдик. Бу ҳолат Халқимиз орасида норозиликка сабаб бўлди. Ички ишлар идоралари ходимлари қаёққа қаради, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, махфий хизмат қаёқда эди, деган ҳар хил салбий гапларни, иддаоларни эшитдик. Агар биз ўша пайтда довдираб, вазиятни издан чиқариб юборсак, тўғри келмас эди. Оператив маълумотларга эга бўлмаганлигимиз оқибатида шу воқеалар содир бўлди. Халқимизнинг қони тўкилди. Иқтисодий зарар етказилди.

Биз айбни ўз бўйнимизга олдик. Лекин ундан кейин бундай воқеалар бошқа такрорланмаслиги учун мен жуда катта йиғилишда, Ўзбекистон телевидениесида, Олий Мажлисда халқимизга узримни ҳам айтиб ўтдим. Халқимиз бизга ишонди. Жиноятчилар фош этилди. Кўпчилиги Туркия, Россия, Қозоғистон давлатларидан Тошкентга олиб келинди. Уларнинг ҳаммаси жиноий жавобгарликка тортилди”, дейди Алматов.


Мақола муаллифи

Теглар

16 февраль Ислом Каримов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг