Исроил Ғазо жанубидан қуруқликдаги қўшинларини олиб чиқди

Олам

image

Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидан битта бригададан ташқари барча қуруқликдаги қўшинларини олиб чиқиб кетди. Бу ҳақда “Reuters” ва “The Times of Israel” хабар берди. 

Ҳозир Ғазо секторида фақат “Наҳал” пиёдалар бригадаси қолган. Унга Ғазо сектори орқали Исроил жанубидаги Беэри ҳудудидан қирғоққа ўтувчи Нецарим йўлагининг хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юкланган. Бу Исроил ҳарбийларига секторнинг шимолий ва марказий қисмларида рейдлар ўтказиш имконини беради ва фаластинлик қочқинларнинг шимолга қайтишига йўл қўймайди.

“Reuters” хабарига кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш Исроилнинг жанубдаги Миср билан чегарадош Рафаҳ шаҳрига бостириб киришини кечиктирадими ёки йўқми, номаълум. У ерда бир ярим миллионга яқин фаластинликлар қолмоқда, уларнинг аксарияти минтақанинг шимолий ҳудудларидан келган қочқинлардир.

“The Jerusalem Post” газетасининг ёзишича, Исроил урушнинг фаол босқичи тугаганини эълон қилиб, “келажакда Рафаҳга бостириб кириш имкониятини очиқ қолдирган”. Исроил армиясининг юқори мартабали мулозимининг айтишича, қўшинларни олиб чиқиш қарори АҚШ босимига "ҳеч қандай алоқаси йўқ". Бироқ, “The Jerusalem Post”нинг қайд этишича, қўшинларнинг олиб қўйилиши АҚШ Президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан суҳбатлашганидан икки кун ўтиб амалга оширилган.

Қўшинларнинг олиб чиқилиши Миср ҲАМАС асирлигида қолган исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатишга оид келишув бўйича музокараларнинг янги босқичига тайёргарлик кўраётган бир пайтда юз берди. Келишув бўйича музокаралар январь ойидан бери давом этмоқда, бироқ ҳозирча келишувга эришилмаган.

Маълумот учун, 16 март куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо сектори жанубида қолган сўнгги шаҳар бўлган Рафаҳга бостириб кириш режасини тасдиқлади. Исроил қўмондонлари босқинни у ерда яширинган деб ҳисобланган ҲАМАС етакчиларига етиб бориш учун зарур деб ҳисоблайди. Америка Қўшма Штатларида Исроил армиясининг Рафаҳдаги режалари қораланиб, Рафаҳда кўчирилган фаластинликларнинг қочадиган жойи йўқлигига ишора қилиб, ҳарбийларнинг мақсадли амалиётлар ўтказишини таклиф қилмоқда.

4 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатлашди. “Politico” нашрининг хабар беришича, Байден Нетаньяхуга Оқ уйнинг сабр-тоқати тугаб қолганини айтган. Бу суҳбатдан сўнг Исроил Эрез ўтиш жойи ва мамлакат жанубидаги Ашдод портини Ғазо секторига инсонпарварлик юклари учун очишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Миср Исроил Жо Байден Ғазо ҲАМАС Биньямин Нетаньяху Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made