Исроил юз минглаб фаластинликларни Рафаҳни тарк этишга чақирмоқда

Олам

image

Бугун, 6 май куни Исроил юз минглаб тинч аҳолини Рафаҳ шаҳрининг бир қисмидан чиқиб кетишга чақирди. Бу ҳақда "Axios" ўз манбаларига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, душанба куни Исроил ишғолчи кучлари Рафаҳнинг шарқий қисмидаги фаластинликларни шаҳардан 20 чақирим наридаги "кенгайтирилган гуманитар ҳудуд"га кўчиб ўтишга чақира бошлаган.

Исроил ҳарбийлари фаластинликларни белгиланган ҳудудни ташлаб чиқишга ундаш йўлида араб тилидаги матнли хабарлар, варақалардан фойдаланган ҳамда ижтимоий тармоқ орқали эълон берган.

Осмондан ташланган варақаларда Исроил ўз ҳарбийлари шаҳарнинг қайси қисмларида амалиёт олиб боришини тинч аҳолига маълум қилган ҳамда ҳудудда қолган ҳар бир шахс ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйишини айтган.

Маълум қилинишича, тахминан юз минг чоғли одам Хон Юнис ва ал-Маваси ҳудудларидаги чодир шаҳарчалар томон "аста-секин" чиқарила бошланган. Исроилнинг ундови ортидан Рафаҳ шарқида қўним топган фаластинликлар кўчишга тайёргарлик бошлангани тасвирланган суратлар ҳам пайдо бўлган.

Кўпчилик Исроил ҳарбийлари буйруғи ортидан мушкул вазиятга тушиб қолгани ҳақида ҳам гапирган.

"Бомбалар туфайли тунги соат иккидан бери ухлолмадик. Тонгда кўз очганимизда ёмғир қуяётганини кўрдик - кийимларимиз ва бошқа нарсаларимиз сувга бўккан эди. Ўзи шундоқ ҳам кўчада бўлсак. Бундан ташқари Рафаҳни ташлаб чиқиш тўғрисидаги янада ёмон хабарни эшитдик. Мен бутун Араб дунёсини бизга ёрдам беришга чақираман - аралашсин ва бизни бу вазиятдан қутқарсин. Биз чарчадик", деган Омина Адван исмли фаластинлик аёл.

Рафаҳда бошпана топган бошқа бир фаластинлик Абу Райд шундай деган: "Жуда кучли ёмғир ёғмоқда, биз эса қаерга боришимизни билмаймиз. Бу кун келишидан хавотирда эдим ўзи. Энди оиламни қаерга олиб кетишни ўйлашим керак".

Маълумот учун, Ғазо жанубида жойлашган, Миср билан чегарадаги Рафаҳ шаҳрида 1,4 миллиондан зиёд инсон бошпана топган.

Қатор гуманитар ташкилотлар ҳудудда "хавфсиз жойлар қолмагани" туфайли Рафаҳ шарқидан одамларни эвакуация қилиш режаси "мисли кўрилмаган оқибатларга олиб келиши"дан огоҳлантирмоқда.

"Уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган ва борарга хавфсиз жойи қолмаган миллиондан зиёд фаластинликни Рафаҳдан эвакуация қилиш нафақат қонунга зид, балки мисли кўрилмаган оқибатларга ҳам олиб келади", деган Британиянинг Action Aid хайрия ташкилоти воизи.

Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель ҳам Рафаҳда эвакуация ва қуруқликдаги ҳарбий амалиёт режасини танқид қилган.

"Исроилнинг Рафаҳдаги тинч аҳолини кўчириш буйруғи энг ёмон нарсадан дарак беради: янада кўп уруш ва очарчилик. Исроил қуруқликдаги ҳужум режасидан воз кечиши керак. Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият бундай сценарийнинг олдини олиши мумкин ва шундай қилиши ҳам керак", деган у.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Фаластин Исроил Рафаҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made