Қўқоннинг “безори” боласи, дардини тўккан Тўхтамуродов

Таҳлил

2023 йил сўнггида Республика бўйлаб ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” тезкор тадбирлари доирасида қўлга олинган ММА жангчиси Ҳумоюн Тўхтамуродовга суд ҳукми ўқилди. Унга қўйилган айблов ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киргани боис спортчи озодликка чиқарилди. 

Ўтган йилнинг декабрь ойи бошида Ҳумоюн Тўхтамуродов Қўқон шаҳрида икки нафар шахсга тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширингани маълум бўлган эди. Воқеа ортидан спортчи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ушланган ва унга Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми билан 3 ойлик қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган.

Спортчи жазо муддатини ўташ учун Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 42-манзил-колонияга юборилган. Унинг адвокати жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судига илтимоснома билан мурожаат қилиб, Тўхтамуродовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасини қўллаб, ўталмай қолган жазосидан муддатидан илгари шартли озод этишни сўраган. 

Шу йилнинг 26 февраль куни жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида суд адвокатнинг илтимосномасини қаноатлантириб, Тўхтамуродовнинг ўталмай қолган 3 ой-у 2 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод этган.

QALAMPIR.UZ озодликка чиққан Тўхтамуродовнинг кундалик ҳаёт тарзи, қамоқдан чиққанидан сўнг ҳаётида нималар ўзгаргани ва у “ичкари”да спортдаги келгуси фаолияти ҳақида қандай хулосаларга келганига қизиқиб, Қўқон шаҳрига етиб борди.

Тўхтамуродовга кўра, у севимли шаҳрида оддий ҳаёт кечиради ва ҳеч қандай ишкалли ҳолатларга аралашмайди.

Аввалроқ, Фарғона вилоят суди Матбуот котиби Қобилжон Муталиев QALAMPIR.UZ'ga 2024 йилнинг 30 январь куни Қўқон шаҳар суди фуқаро Ҳумоюн Тўхтамуродовни Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топиб, уни 6 ой озодликдан маҳрум қилганини маълум қилганди.

Суд ҳужжатида ёзилишича, Ҳумоюн Тўхтамуродов 2023 йилнинг 27 ноябрь куни соат 14:00 ларда Қўқон шаҳри Фурқат кўчасида Kia русумли автомобилида паст тезликда ҳаракатланиб, ортидан келаётган Damas русумли автомобилга йўл бермаган. Damas бошқарувидаги ҳайдовчи сигнал чалганига қарамай, спортчи йўлни бўшатмаган. 

Шундан сўнг, Damas ва Kia русумли автомобиллар ўртасида ўзаро пойга бошланади ва бу вақтда Damas ичидаги йўловчилар Kiaʼдаги йигитларни таниб қолади. Damas ҳайдовчиси Kiaʼни сиқувга олиб, йўл четида тўхташга ишора беради. Damas эгаси уни танишини айтиб, Ҳумоюн Тўхтамуродовга “Ўзлигингизда бўлинг, ўзлигимизни унутмайлик”, қабилида насиҳат беради. Бу гапдан кейин Тўхтамуродов фуқаронинг юзига бир марта уриб юборади. Унинг ёнида бўлган бошқа бир киши жанжалга аралашмоқчи бўлганида, уни ҳам уриб, енгил тан жароҳати етказади.

Тўхтамуродовга кўра, спортчининг йўловчини уришига сабаб, Damas ҳайдовчиси спортчининг йўлини тўсиб, у билан қўпол оҳангда гаплашган. 
“Қилган ишимга яраша қонуний чора кўришди. Ўзимга тегишли жазони ўтаб, қайтиб келдим. Айтмоқчи бўлганим шуки, мен ҳаётим давомида ҳеч кимга, ҳеч қачон ўзимдан-ўзим қўпол гапирмайман”, дейди спортчи.

Маълум бўлишича, Тўхтамуродов Қўқон шаҳрида атрофига одам тўплаб, гуруҳ тузиб, ҳар хил ишкалларга аралашмаган.
“Қўқон жуда зич шаҳар. Деярли ҳамма бир-бирини танийди. Ҳеч қачон гуруҳ тузиб, турли можароларга аралашмаганман. Мен ҳақимда тарқаётган бундай хабарлар асоссиз” дейди Тўхтамуродов.

Шунингдек, QALAMPIR.UZ 25 ёшли спортчига ўзбекистонлик UFC жангчиси Маҳмуд Муродов билан алоқалари нега ёмонлашгани ва спортдаги келгуси режалари билан боғлиқ саволлар билан юзланди.

“Маҳмуд ака билан орамизда сал тушунмовчилик бўлган, лекин ҳозир ҳаммаси яхши. Шахсий ишларим туфайли Муродов жамоасидан четда қолиб кетдим. Маҳмуд акани жамоасида бўлишим учун мен Тошкентда яшашим керак. Блогерлар ошириб-тошириб гапираверади. Муродов билан алоқамиз яхши”, деб айтди жангчи.

Шу вақтгача MMA’да 10 та жанг ўтказган Тўхтамуродовнинг навбатдаги жанги санаси ва рақиби ҳам тез орада аниқ бўлади.

“Ҳозирда машғулотларга куч берганман. Рамазон ойидан кейин жанг қиламан”, дея қўшимча қилди спортчи.

Маълумот учун, Ҳумоюн Тўхтамуродов 1999 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Спортдаги фаолияти давомида Тошкент ҳокими кубоги, Ўзбекистон Турон кубоги, R-1 халқаро турнири ва Ўзбекистон K1 чемпионатларида ғолиб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг