“Кишанланган болалик”. Ўзбекистонда болалар ишончли қўллардами?

Таҳлил

Аммасининг қурбонига айланган қизалоқ

“Онамга айтинг, мен уни яхши кўраман, бизни ташлаб Россияга кетмасинлар”. Бу сўзлар Тошкент вилоятида аммаси томонидан ўлдирилган 7 яшар қизалоқнинг охирги сўзлари эди.

Куни кеча таҳририятимизга Тошкент вилояти Бўка тумани Чўлобод қишлоғида яшовчи аёл 7 яшар жиянини уриб ўлдиргани ҳақида хабар келиб тушди. Аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби билан боғландик ва бу ҳолат, афсуски, тасдиқланди.

Гап шундаки, Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида яшовчи эр-хотин икки нафар қизини Бўка туманида яшовчи синглиси қарамоғига ишониб топширган ва Россияга ишлагани кетган. Ота-онаси хорижда ишлаб юрганда, болалар ҳар куни калтак еб, аммаси тарафидан зулм кўрган. 

Жорий йилнинг 12 март куни соат 01:00 да васийликка ишониб берилган аёл қариндошларининг кичик қизи, 2017 йилда туғилган қизнинг дарс тайёрламагани ва ёлғон гапирганини важ қилиб, ўзини қизнинг мазкур хатти-ҳаракатлари учун гўёки жазолаётгандек кўрсатиб, ўта шафқатсизлик билан унинг танасининг турли жойларига қўллари ва ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказган. Ҳа, адашмадингиз, ҳали энди мактабга чиққан қизалоққа нисбатан бу ваҳшийликни унга умуман бегона инсон эмас, ўз қариндоши қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 12 март куни Бўка тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 13 март куни қизнинг аммасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Орадан икки кун ўтиб, 15 март куни туман марказий тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, қизалоқ жонлантириш бўлимида вафот этган. Боланинг ота-онаси жанозага ҳам етиб келолмаган.

Шифокорларнинг билдиришича, қиз “онамга айтинг, мен уни яхши кўраман, бизни ташлаб Россияга кетмасинлар”, дея жон таслим қилган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу бизга маълум бўлган биргина ҳолат, холос. Аммо жамиятда бир бора бўлса ҳам қайсидир қариндошингиз, қўшнингиз ёки танишингизни, фарзандини бошқаларга ташлаб Россияга ёки бошқа давлатларга пул топиш важи билан кетган ота-оналарни эшитгансиз, кўргансиз. Афсуски, бунинг бадалини бегуноҳ болалар тўламоқда. Улар ота-онасиз ўсмоқда, зулм кўрмоқда ёки юқоридаги ҳолат каби қурбонга айланмоқда.

Кишанланган бола

Самарқандда 13 яшар бола оёғидан кишанланган ҳолда топилгани акс этган видеони кўргандирсиз. Энг даҳшатлиси, болага нисбатан бундай тарздаги зўравонлик ҳолатини мактаб ўқитувчиси содир этганидир.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2011 йилда туғилган Пахтачи тумани “Қалқон-жасорат ҳарбий спорт мактаби”да таҳсил олувчи 6-синф ўқувчисининг васийлари мазкур мактаб ўқитувчисини чақирган. Қизиғи, улар ўқитувчидан болани хулқи оғирлиги туфайли Самарқанд вилояти “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази”га олиб боришни сўраган. “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билдирган маълумотга кўра, айни дамда ўқитувчи экани айтилган шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг собиқ ходими бўлган.

2024 йил 15 март куни мактаб ўқитувчиси гўёки автомашинадан тушиб қочиб кетмасин, деган важ билан болани автомобилнинг орқа ўриндиғида ғайриқонуний тарзда оёқларини темир занжир билан боғлаб қўйгани аниқланган. Шу ўринда савол туғилади, биз ўзи ХХI асрда яшаяпмизми? Бошқа давлатларда ҳайвонларга нисбатан зўравонликлар учун одамлар кўчага чиқиб норозилик билдираётган бир пайтда бизда қўштирноқ ичидаги айрим шахслар болаларга ҳайвонларга ҳам қилинмайдиган муносабатда бўлишмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

“Бола қандай хулқда бўлишидан қатъи назар унга нисбатан бундай ғайриинсоний, ноқонуний чора кўрилишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бу боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги ҳуқуқига зиддир”, дейди Болалар омбудсмани.

Ҳозирда болага тиббий, психологик ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши чоралари кўрилмоқда.

Дарвоқе, бу ҳолатга Болалар омбудсманидан ташқари,Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳам муносабат билдирди. 

Унинг сўзларига кўра, жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. 

“Бу қонунбузарлик барчамиз учун муборак Рамазон ойида содир этилгани кишини баттар қайғуга солади”, дейди Мирзиёева.

У мамлакатда бирорта ҳам вояга етмаган шахс бундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши йўлидаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлаган. Шунингдек, Мирзиёева мазкур жиноят фош бўлишига ҳисса қўшган, ўз вақтида ички ишлар органларига хабар берган жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирган.

“Самарқандда рўй берган воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган. Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши, барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатамиз. Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан”, дейди Мирзиёева. 

Ўқувчиларнинг бошини уриштирган директор

Самарқанддаги ҳолатга ўхшаш воқеа Қашқадарёда ҳам содир бўлди. Фақат сал бошқачароқ, яъни мактаб директори ўқувчиларнинг бошини уриштирди. Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги мактаблардан бирининг директори ўғил болаларнинг бошини бир-бирига уриштириб, калтаклаётгани тасвирланган видео тарқалди. Видеода директор болаларни мактаб партасига шикаст етказмоқчи бўлгани учун аёвсиз урганини кўриш мумкин.  Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, воқеа бундан бир йил аввал, 2023 йилнинг январь ойида вилоятнинг Яккабоғ туманидаги 80-мактабда содир бўлган. 

Қайд этилишича, мактаб раҳбари 2018 йилдан буён 80-мактаб директори лавозимида ишлаб келмоқда. 2023 йил 13 январь куни мактабнинг 6-синф (ҳозирда 7-синф) ўқувчилари синфхона парталарини синдиришга уринган. Бу муҳокамада директор хонасида кадрлар менежери ва  бошланғич синф ўқитувчилари ҳам бўлган ва улар бу ҳолатга шунчаки томошабин бўлиб қараб ўтирган.

Албатта, ҳозирда мактаб директорининг фаолияти юзасидан текширув ишлари тайинланган.

Эътибор берган бўлсангиз, видеода директор парта боланики эмас, давлатники эканини бот-бот такрорлаган. Шу бир буюм болаларни аёвсиз калтаклашга арзийдими? Партани топиш мумкин, аммо болаларнинг соғлиғига нимадир бўлганда-чи?

Дарвоқе, юқоридаги ҳолатларни содир этган шахслар болаларни тарбиялаш учун уларни уриш йўлини танлаган ва бу йўлни ўз иш услубига айлантириб олган одамлар ҳам бор.

Сохта логопед

Ижтимоий тармоқларда логопед Дилором Жабборованинг дудуқланишдан азият чекаётган болани сўкиниш орқали ҳамда қўрқитиш усулида қўштирноқ ичида “даволаётгани” акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани Ички ишлар органи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланганди.

Болалар омбудсманига кўра мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Билдирилишича, Юнусобод тумани Ички ишлар органлари тергов бошқармаси олиб борган терговга қадар текширув материаллари Юнусобод тумани прокуратураси томонидан назорат доирасида ўрганилиб, экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида, Жабборованинг ҳаракатларида алдаш ва одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган. Шундай қилиб, жорий йилнинг 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Болалар омбудсмани логопед Дилором Жабборованинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун сўров киритган. Шу асосда малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида Жабборованинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, унинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган.

Қайд этиш жоиз, шу ва шунга ўхшаш ҳолатларнинг фош этилишига асосий сабабчи бу жим турмаган жамоатчиликдир. Агар бугун сиз ва биз индамасак, бефарқ бўлсак болалар жамиятнинг қурбонига айланаверади. Ўзингизни ва фарзандларингизни эҳтиёт қилинг. QALAMPIR.UZ'да қолинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг