Мирзиёев аҳоли гавжум жойларда хавфсизликни кучайтиришни буюрди 

Жамият

image

Бугун, 29 март куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмалари раҳбарлари иштирокида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбариятининг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси йирик объектларида, шу жумладан савдо-кўнгилочар мажмуалар, боғлар, бозорлар ва бошқа фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ишларининг ташкил этилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тингланган. 

Жамоат хавфсизлигига янги таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётган бугунги шароитда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш муҳимлиги қайд этилган.

Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектларининг бу борада тўлақонли ҳамкорлик қилишини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берган. 

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига жамоат тартибини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш, аҳоли гавжум бўладиган жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифаси қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Миллий гвардия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made