Мирзиёев Озарбайжон ва яна беш араб давлатининг вазирларини қабул қилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 апрель куни Саудия Арабистони, Қатар, Уммон султонлиги, Қувайт, Баҳрайн подшоҳлиги, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари ва Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазирини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди. 

Президент “Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши” доирасида Ўзбекистонда бўлиб турган Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Саудни қабул қилган.

Учрашувда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ва кенг кўламли шерикликни олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

“Бугунги кунда турли даражаларда фаол мулоқотлар ва делегацияларнинг ўзаро ташрифлари давом этмоқда. Ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошиб бормоқда. “Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари бошланган”, дейилади хабарда.

Шунингдек, бўлажак тадбирлар, шу жумладан 2025 йилда ўтказиладиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” мулоқотининг иккинчи саммитига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, минтақавий кун тартибидаги бошқа масалалар, хусусан, Афғонистондаги вазият ва Фаластин муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилган.

Қатар Давлати Бош вазири, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний бошчилигидаги делегация ҳам Президент Мирзиёев қабулида бўлиб, унда икки томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. 

Қатарнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётгани, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказилаётгани, октябрь ойида Ўзбекистонда Қатар маданияти ҳафталиги бўлиб ўтиши қайд этилган.

Қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини тезроқ яратиш муҳимлиги билдирилиб, трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилган.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, шу жумладан Яқин Шарқдаги вазиятнинг жиддий кескинлашаётгани юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Уммон султонлиги Ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий бошчилигидаги делегация билан учрашувда эса, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистонда фаолият юритаётган қўшма инвестиция компаниясининг лойиҳалар портфелини кенгайтириш муҳим экани қайд этилган.

Банк соҳасини ривожлантириш, рақамли технологиялар, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим каби устувор йўналишларда янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш таклиф қилиниб, ўзаро мулоқотларни ва ҳамкорликнинг институционал механизмларини фаоллаштириш – сиёсий маслаҳатлашувлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари, бизнес форумлари ва кўргазмаларни мунтазам ўтказиб бориш зарурлиги таъкидланган.

Минтақавий, шу жумладан 2011 йилги Ашхобод келишувлари доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Қувайт Давлати Ташқи ишлар вазири Абдулла ал-Яҳё билан ўтказилган музокараларда эса ўзаро ташрифларни фаоллаштириш, маданий ва туризм алмашинувларига оид дастурларни амалга ошириш, етакчи компаниялар иштирокида, шу жумладан Қувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан яқин ҳамкорлик доирасида ҳамда Қувайт инвестиция агентлиги билан самарали шерикликни йўлга қўйиш орқали устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш зарурлиги қайд этилган. Икки мамлакат ўртасидаги конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, молия-инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Яқин фурсатда икки томонлама сиёсий маслаҳатлашувлар, қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ва бизнес форумини ўтказиш муҳим экани таъкидланган ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Баҳрайн подшоҳлиги Ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяний бошчилигидаги делегация билан бўлган учрашувда Ўзбекистон билан Баҳрайн ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги қайд этилган.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, банк-молия, автомобиль ва темирйўллари қурилиши, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.

Шу мақсадда жорий йилда қўшма ҳукуматлараро қўмитанинг илк йиғилишини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон ва Баҳрайн етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашини таъсис этиш режалаштирилган.

Халқаро кун тартиби, шу жумладан хавфсизликка замонавий таҳдидларга қарши курашиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Ўзбекистон раҳбари Баҳрайн Ташқи ишлар вазирини қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар тилаган.

Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий билан бўлган музокаралар давомида, Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги юксак даражаси катта мамнуният билан қайд этилган. 

Билдирилишича, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми барқарор ошиб бормоқда. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошган.

Учрашувда “Яшил” энергетика, металлургия, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникация каби тармоқларда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва илгари суриш муҳимлиги таъкидланган.

Трансафғон темирйўлининг техник лойиҳасини тайёрлаш ва қурилишини бошлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.
Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамовни қабул қилган Президент дипломат билан Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиққан.

Мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги даражага чиққани, амалий мазмун билан бойигани мамнуният ила қайд этилган.

Билдирилишича, ўтган йилда товар айирбошлаш 27 фоизга ошган. Автомобилсозлик, электротехника, энергетика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Қўшма инвестиция фонди ўз фаолиятини бошлаган.

Учрашувда бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 апрель куни Шавкат Мирзиёев Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва Қатар Давлати Бош вазири, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Сонийни қабул қилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Араб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made