Мирзиёевнинг Москвага сафари якунланди (фото)

Жамият

image

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан Москва шаҳрига амалий ташрифи доирасида Ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этгани ҳақида хабар берган эдик.

Айни дамда, Шавкат Мирзиёевнинг Россияга амалий ташрифи якунланди. Аэропортда Ўзбекистон Президентини Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Денис Мантуров ва бошқа расмийлар кузатиб қўйган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича,  кўплаб тарихий далил ва мисоллар Ўзбекистон халқи буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшганини яққол тасдиқлаган.

Даҳшатли уруш бошланган биринчи кунларданоқ ўзбекистонликлар фашизмга қарши мардона курашга отланган. Ўша пайтда республика аҳолиси 6,5 миллион кишини ташкил этган бўлса, шундан 1 миллион 950 мингдан ортиғи ёвуз душман билан юзма-юз бўлиб қонли жангларда иштирок этган. Бу ўғлонларнинг 538 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган. 158 минг нафардан кўпроғи бедарак кетган.

Ўзбекистонлик аскар ва офицерлардан 214 минг нафардан зиёди жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган. Жумладан, 301 нафар юртдошимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига, 70 нафари эса учала даражадаги “Слава” орденига сазовор бўлган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик офицерлар орасидан ўнлаб генераллар, моҳир қўмондонлар етишиб чиққан.

Ўзбекистон уруш йилларида фронт ортидаги мустаҳкам таъминот базасига айланган. Республикадан жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, палатка, парашют ва бошқа зарур маҳсулотлар юборилган. 

Уруш бўлаётган ҳудудлардан Ўзбекистонга 170 дан ортиқ завод ва фабрика кўчириб келтирилиб, тезлик билан ишга туширилган. Ўзбекистон аҳолиси 1941-43 йилларда мудофаа фондига 475 миллион рублдан ортиқ маблағни, 22 миллион рубллик қимматбаҳо шахсий буюмларини ихтиёрий равишда топширгани ғалабани яқинлаштиришга яна бир муҳим ҳисса бўлиб қўшилган.

“Ўша суронли йилларда халқимиз гуманизм ва инсонийлик бобида ўзига хос тарихий мактаб яратди. Уруш алангаси ичида қолган ҳудудлардан кўчириб келтирилган, турли миллатга мансуб 1 миллион 500 мингга яқин инсонлар Ўзбекистондан паноҳ топди. Уларнинг орасида 250 мингдан зиёд етим болалар ҳам бор эди. Халқимиз уларга меҳр берди, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган аждодларнинг жасоратини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уруш қатнашчилари ва ногиронлари ҳар йили рағбатлантирилмоқда. Тошкент шаҳрида улкан Ғалаба боғи очилди, шу кунгача у ерга 2 миллион 200 минг нафардан зиёд зиёратчилар ташриф буюрган.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин ва бошқа давлатлар етакчилари билан бирга Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйган. Ёдгорлик Иккинчи жаҳон урушида Ватан учун жонини фидо қилган турли миллатларга мансуб миллионлаб аскарлар, шу жумладан ўзбек ўғлонларининг қаҳрамонлиги ва жасорати рамзи ҳисобланади.

Президентлар бир дақиқалик сукут билан аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирган. Маросим якунида фахрий қоровул ва оркестр тантанали равишда саф тортиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Москва Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made