“Мона Лиза”ни портлатиб юбормоқчи бўлишди
Маданият-санъат
−
22 Март
755320 март, чоршанба куни Лувр музейига ҳужум таҳдиди режалаштирилаётгани бўйича Париж полициясига шикоят келиб тушди. Бу ҳақда Франциянинг “Le Figaro” нашри маълум қилди.
Қайд этилишича, 17 март куни эрталаб соат 04:00 лар атрофида юборилган хабарда номаълум шахслар Мона Лиза ва бошқа кўплаб дурдоналарни портлатиш ниятида экани айтилган.
“Биз "Мона Лиза" ва бошқа кўплаб дурдона асарларни портлатиш ниятидамиз. Фақат огоҳлантириш: 100 кг C4 бомба жуда кўп зарар келтиради", дейилади хатда.
Лувр музейига хабар келиб тушганидан сўнг, Маданият вазирлиги фаол мудофаа ва хавфсизлик хизмати навбатчиларидан музейда шубҳали нарсаларни қидиришни сўралган, бироқ ҳеч нарса топилмаган.
Маълумот учун, бу Луврга портловчи моддалар билан таҳдид қилинган биринчи воқеа эмас. Ўтган йилнинг октябрь ойида дунёнинг энг кўп ташриф буюрадиган сайёҳлик жойларидан бири бўлган машҳур Париж музейи ва Версал саройи бомба таҳдиди туфайли эвакуация қилинган эди. Париж полицияси биноларни синчиклаб текширган, аммо воқеа жойида ҳеч нарса топилмаган ва эртаси куни музей қайта очилганди.
Машҳур рассом Леонардо Да Винчининг дурдона асари “Мона Лиза” (Жоконда) эса сўнгги 20 йил ичида вандалларнинг бир неча бор ҳужумига учраган. 2009 йилда бир сайёҳ расмга чой улоқтириб, ўша пайтдаги оддий қоплама ойнани синдириб ташлаган, шундан сўнг расм устига зирҳли экран ўрнатилган. 2022 йил май ойида зирҳли ойнага торт суртилган, Жорий йил бошида эса экофаоллар портретга шўрва улоқтирди.