“Андижон воқеаси”: Фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган ИИБ бошлиғи қамоққа олинди

Жамият

image

Андижон вилоятида қимматбаҳо тош ўғрилигида гумонланиб, 29 май куни соат 22:00 ларда ИИБга олиб келинган ва шафқатсизларча қийноққа солинган фуқаро А.Абдукаримов орадан икки ҳафтага яқин вақт ўтгач, шифохонада вафот этганди.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, шу куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБнинг 3 нафар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилганди.

Жорий йилнинг 27 июнь куни ушбу жиноятга алоқадор деб топилган яна икки киши — 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакили ҳам қамоққа олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Халқаро пресс-клубнинг 1 июль куни бўлиб ўтган сессиясида маълум қилди.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234, 235 ҳамда 227-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) билан айб эълон қилинган.

“Шу билан бирга, 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчи катта инспекторига ҳам Жиноят кодексининг 227-моддаси билан айб эълон қилиниб, унга муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча равишда ахборот берилади”, дея Ҳаёт Шамсутдинов.

Ҳолатга муносабат билдирган ИИВ Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилганини маълум қилганди.

Қайд этиш керакки, юз берган даҳшатли воқеа Ўзбекистон сиёсий элитаси ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг нигоҳини яна бир терговдаги қийноқлар масаласига қаратди. Ҳатто, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Андижон ва Чироқчида ИИБ биносидан ўлик чиққанига тўхталиб, масъулларни қаттиқ танқид қилди.

“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.

Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози”, деди Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

қийноқ Андижон воқеаси

Баҳолаганлар

444

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг