Президентимиз санъаткорларнинг рекламасига муҳтож эмас – Одилжон Абдуқаҳҳоров

Маданият-санъат

image

Бугун, 8 февраль куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар агентлигида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бош директори Одилжон Абдуқаҳҳоров иштирокида миллий эстрада санъати ва унинг олдида турган қатор масалалар хусусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Абдуқаҳҳоров хонанда Жаҳонгир Позилжонов томонидан куйланган ва қатор баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Президентим билан селфи” қўшиғига нисбатан муносабат билдирди. 

“Жаҳонгир Позилжоновнинг “Президентим билан селфи” қўшиғи “Зўр” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳа сифатида эфирга берилди. Қўшиқ “Ўзбекконцерт”нинг бадиий кенгашига топширилмаган эди. Оммавий ахборот воситаларига ушбу қўшиқ бўйича суриштирув ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, деб айтгандим. Бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ, қўшиқ айтсин ё айтмасин демаймиз. Лекин, бир нарсани тўғри тушунайликки, Президентимиз санъаткорларнинг рекламасига муҳтож эмас. 

Ўз-ўзидан кўриниб турибди, амалий ишлар натижасида Президентимизни бугунги кунда нафақат Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё тан оляпти. Шахсан Президентимиз фаолиятларини бошлаган илк кунларда айтдилар: бўлди энди, мақташ бўлмайди, энди амалий ишларга ўтайлик, шунча вақт бир-биримизни мақтаб юрдик. Қиладиган ишларимиз кўп, деб бир неча бор таъкидладилар”. 

Шавкат Мирзиёев ҳақида қўшиқ айтиб чиққан биринчи хонанда Жаҳонгир Позилжонов эмас. Бу ишни хонандалардан Дилфуза Исмоилова бошлаб берган эди. У Мирзиёев Президентликни бошлаган илк даврларда давлат раҳбарига атаб қўшиқ куйлади. Бироқ, қўшиқ эфир юзини кўрмасдан туриб, чиқарилишига тақиқ қўйилди. Аммо, “Ўзбекконцерт” Позилжоновнинг қўшиғини тақиқлашда бироз фурсат кутгандек, “дешевый пиар”га йўл очиб бергандек. 

“Биз ҳозир Жаҳонгир Позилжоновга индамасак, яхши кўринишга ҳаракат қилиб, иккинчиси шунақа қўшиқ айтади, учинчиси... Қарабсизки, ташқарида тирноқ ичидан кир қидирадиган ўнлаб журналистларимиз нима дейди, Президент ҳақида қўшиқ айтиш учун Ҳукумат топшириқ берди деган мақолалар чиқишни бошлайди. 

Яна бир бор айтаман: Президентимиз санъаткорларнинг рекламасига муҳтож эмас. Президентга яхши кўринмоқчи бўлсак, Ватан учун, халқ учун хизмат қилайлик. Бугун олиб борилаётган ислоҳотларга ўзимизнинг оз бўлса-да ҳиссамизни қўшайлик, шунда биз яхши кўринамиз. 

Биласизми, қонуний жиҳатдан яна бир тарафи борки, Президентнинг сурати ёки давлат рамзлари бўйича ўзига яраша тартиблар бор. Уни қайси ҳолатларда ишлатиш мумкинлиги белгилаб қўйилган. Булардан келиб чиққан ҳолда биз канал маъмуриятига клипни эфирдан олиб ташлашни тавсия қилдик”, дейди Одилжон Абдуқаҳҳоров.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир-Позилжонов Ўзбекконцерт

Баҳолаганлар

418

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг