Путин Хитойга борди (видео)
Олам
−
16 Май
10751Россия Президенти Владимир Путин қайта сайланиб, лавозимга киришганидан сўнг илк хорижий ташрифи доирасида Хитой Халқ Республикаси пойтахти Пекинга борди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
Эълон қилинган кадрларда Путинни фахрий қоровул кутиб олганини кўриш мумкин. Аэропортдаги кутиб олиш маросимидан сўнг Россия етакчисининг кортежи Хитой полицияси ва мотоциклчилар отряди ҳамроҳлигида Пекин аэропортидан жўнаб кетди. Путин ўзининг Aurus'ида эди. Хитойда Путинга янгиланган Россия ҳукуматининг кўплаб расмийлари ва ишбилармонларидан иборат делегация ҳамроҳлик қилмоқда.
Владимир Путиннинг навбатдаги ваколат муддати бошланганидан Пекинга сафаригача 10 кун ўтди, ХХР раиси Си Цзиньпиннинг қайта сайланиши ва унинг 2023 йилда Москвага ташрифи ўртасида ҳам айнан шундай вақт ўтганди. Ўшанда Россияга сафар ҳам Хитой раҳбарининг биринчи халқаро саёҳатига айланганди.
Хитойга ташриф икки босқичда амалга оширилади: Россия Президенти Пекин ва Харбинга ташриф буюради. Бугун, 16 май куни Россия етакчисининг Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учта учрашуви режалаштирилган.
“16 май куни Пекинда Путин ХХР раиси Си Цзиньпин билан тор ва кенг доирада, шунингдек, чой устида ва 1+4 форматида музокаралар ўтказади. Хитойда энг муҳим нарса, айниқса, биргаликда чой ичишдир”, дейди Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков.
Путин ХХР раиси Си Цзиньпинга октябрь ойида Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этиш таклифини юбориши режалаштирилмоқда. Шунингдек, икки давлат раҳбарлари Украина, Яқин Шарқдаги вазият, Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги ўзаро ҳамкорлик, Евросиё иқтисодий иттифоқи ва Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” ташаббуси доирасидаги интеграция жараёнларини боғлаш масаласини ҳам муҳокама қилади.
Эртага, 17 май куни Владимир Путин Харбиндаги маҳаллий политехника университети талабалари билан учрашади. Хитойлик ёшлар Россия раҳбарига саволлар бериши мумкин бўлади. Университет Россия томонидан 100 йил аввал рус-хитой кадрлар тайёрлаш мактаби сифатида ташкил этилган.
Маълумот учун, биринчи уч президентлик муддати бошида Путин илк хорижий сафар сифатида қўшни давлатларга – 2000 йилда Беларусга, 2004 йилда Украинага ва 2012 йилда яна Беларусга борган. 2018 йилда Путиннинг тўртинчи президентлик муддати бошида биринчи давлат ташрифи Австрияга бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 5-10 май кунлари Хитой раҳбари Си Цзиньпин Европа давлатларига сафар қилган, Франция, Сербия ва Венгрияда бўлганди. Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Парижда Си Цзиньпинни Украинадаги можаро муносабати билан Россияга таъсир ўтказишга мажбурлашга уриниб кўрди.