Самарқанддаги каналлар ва коллекторларни ободонлаштириш бўйича Ҳукумат қарори қабул қилинади
Жамият 05 Март 11:52 657
image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтадиган канал ва коллектор тармоқларининг ҳолатини яхшилаш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди. 

Қарорга мувофиқ Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси таркибида Самарқанд шаҳридаги каналлар ва коллекторларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлашга ихтисослаштирилган бўлим ташкил этилади. 

Қуйидагилар Ихтисослаштирилган бўлимнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

•    шаҳар ҳудудида жойлашган каналлар ва коллекторлар ҳамда сув хўжалиги иншоотларининг зарур даражадаги санитария ҳолатини ва техник жиҳатдан ишончлилигини таъминлаш;

•    каналлар ва коллекторларни тозалаш ишларини комплекс ва тубдан яхшилаш, каналларга туташ ҳудудларни экология, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ободонлаштиришни амалга ошириш;

•    каналларнинг шаҳардаги участкаларини уларнинг қуйилиш жойларини бетонлаш йўли билан реконструкция қилиш;

•    ажратилган маблағлар, моддий-техника ресурслари, махсус техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

Қарор билан қуйидагилар:

Самарқанд шаҳридаги каналлар ва коллекторларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлашга ихтисослаштирилган бўлими тузилмаси тасдиқланади;

Самарқанд шаҳридаги каналлар ва коллекторлар тармоқларини Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтказилади.

Самарқанд шаҳрар Ободонлаштириш бошқармаси ҳисобига Зарафшон ирригация тизими ҳавза бошқармасидан бериладиган асосий воситалар ҳамда 2020-2021 йилда харид қилинадиган автотранспорт воситалари рўйхати тасдиқланади.

Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги Самарқанд вилоятидаги сув хўжалиги ташкилотларидан 44 та штат бирликларини, Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ишлаб чиқариш ходимларининг 4 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобига ушбу қарорга мувофиқ ташкил этилаётган Ихтисослаштирилган бўлимнинг штатлар жадвали шакллантирилади.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги бир ой муддатда, Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси таркибида ташкил этилаётган каналлар ва коллекторларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва таъмирлашга ихтисослаштирилган бўлимнинг низомини ишлаб чиқиб тасдиқлайди.

Ихтисослаштирилган бўлим ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ободонлаштириш ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2009 йил 1 апрелдаги 91-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

•    бир ой муддатда мазкур қарорга мувофиқ асосий воситаларни Зарафшон ирригация тизими ҳавза бошқармаси балансидан Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказилишини таъминлайди;

•    сув ресурсларини ҳавзавий бошқариш тамойилидан келиб чиққан ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминлаш, берилаётган  каналлар  ва иншоотлар бўйича сув олиш ва сув бериш тўғрисидаги ҳисоб ва ҳисоботларни юритишни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ишдан бўшатаётган ходимларни ишга жойлаштириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Самарқанд вилоят ҳокимлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил учун белгиланган тегишли штат жадваллари ҳамда харажатлар сметаларига ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020 йилдан бошлаб, Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети параметрларини шакллантиришда каналларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ҳамда техника ва механизмлар харид қилиш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутади.
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3
Рейтинг: 3.3
Теглар