Россияда “хорижий агент”ларнинг сайловларда қатнашиши тақиқланяпти

Олам

image

Россия Федерацияси Давлат Думаси "Сайлов ҳуқуқларининг асосий кафолатлари ва Россия Федерацияси фуқаролари референдумида иштирок этиш ҳуқуқи тўғрисида"ги қонунга ва бошқа бир қатор федерал қонунларга “хорижий агент”ларнинг барча даражадаги сайловларда иштирок этишини тақиқлашни белгилайдиган ўзгартишларни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда кеча, 6 май куни Давлат Думаси матбуот хизмати хабар берди.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилгунга қадар номзод “хорижий агентлик” фаолиятини тўхтатиши керак. Норма федерал давлат ҳокимияти органларига, минтақавий ҳокимиятларга, федерал ҳудуднинг давлат ҳокимияти органларига ва маҳаллий ҳокимиятларга сайловлар учун тегишли бўлади. Ўзгартишлардан келиб чиқадики, “хорижий агент”лар номзод ва сайлов бирлашмаларининг ваколатли вакили бўла олмайди.

Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин қонунни муҳокама қилиш чоғида унинг "жуда инсонпарвар" эканлигини айтди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда ҳам ўн нафар “хорижий агент” турли даражадаги депутатлар ҳисобланади. Улар автоматик равишда ваколатларидан маҳрум этилмайди, балки уларга ушбу мақомдан чиқиш учун 180 кун муддат берилади.

“Шахсни “хорижий агент” сифатида тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун чет элдан пул олиш асос бўлади. Ёки сиз фуқаро сифатида ўз мамлакатингиз манфаатлари йўлида ишлайсиз ёки ҳукуматда резидентларнинг вакили бўла олмайсиз”, деб таъкидлади Вячеслав Володин.

Унга кўра, “хорижий агент” сифатида аллақачон тан олинган ҳар қандай шахс сайловда қатнаша олмайди, бироқ тегишли тартиб доирасида бу мақомдан чиқиш, фаолияти учун чет элдан пул олишни тўхтатиш ва сайловда қатнашиш имконияти бор.

“Биз ватанимизни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қиламиз. Чет элда пул олиб, ҳукуматга сайланмоқчи бўлган ҳар бир киши ундан воз кечиши ва ўзини нотўғри иш қиляпман, деб ўйлаши керак", дея хулоса қилди Россия Федерацияси Давлат Думаси раиси.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия хорижий агент

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made