Сув энди “сувтекин” эмас! Ўзбекистонда сув нархи қарийб 2 баробар қимматлашди

Интервью

Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари нархи қарийб 2 баробарга қимматлашди. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ маълум қилди.

Масалан, 20 августдан бошлаб Тошкент вилояти аҳолиси 1 кб.м ичимлик суви (1000 литр) учун энди 950 сўмдан эмас, балки 1700 сўмдан пул тўлайди. Бюджет ташкилотларидан эса 1м3 сув (1000 литр) учун нақд 7 000 сўм пул олинади. Худди шундай, сув нархи Сурхандарё ва Қашқадарё туманларида ҳам ошадиган бўлди.
Хўш, бошқа вилоятларда ҳам нарх ошадими? QALAMPIR.UZ шу ва мавзуга доир бошқа саволлар юзасидан “Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот котиби Акмал Муродовдан интервью олди.

“Яқин кунларда деёлмайман. Чунки бу “Ўзсувтаъминот” АЖ зиммасидаги вазифа эмас. Нархларнинг ошиши маҳаллий депутатларнинг сўровлари, ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар билан биргаликдаги қарорларига боғлиқ бўлади. Аммо нархлар бошқа ҳудудларда ҳам барибир аста-секин ўзгаради”, деди саволга жавобан “Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот котиби Акмал Муродов.

Хўш, агар республика бўйлаб сув нархи ошадиган бўлса, одамлар бунга нима дейди? Ўзи улар ичимлик суви учун қанча пул тўлаётганликларини билишадими? Шундай саволлар билан таҳририят мухбири аҳоли вакилларига юзланди. Респондентларнинг асосий қисми ичимлик суви нархи ошишидан норози ва ҳозир сув учун қанча тўлашаётганини билмайди.

“Сувдан бошқа яна муҳим нима бор? Сув об-ҳаёт ҳисобланади. Шунинг учун нархларнинг ошишига қаршимиз”, деди фуқаролардан бири.

Бошқа бир фуқаронинг фикрича, ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг ортгани сабаб нархлар атайин ошириляпти. Унинг айтишича, қишда бундай ҳолатлар бўлмайди.

“Фақат тижоратни эмас, авваламбор, инсонларни ўйлаш керак. оширганда ҳам меъёрда ошириш деган тушунча бор, ахир”, деди у ичимлик суви учун қанча пул тўлаётганини билмаслиги айтиб.

“Ўзсувтаъминот” матбуот котиби Акмал Муродовнинг фикрича эса ошаётган сув нархи аслида қиммат эмас, барибир арзон. Масалан, дўкондан сотиб олинадиган ярим литр сувнинг нархи 2000 сўм бўлса, жўмракдан оқадиган ичимлик сувининг нақ 1000 литри эса ошган нарх билан шунча бўляпти. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деб шунга айтадиларда.

“Дунёдаги энг арзон ичимлик суви Ўзбекистонда. Ҳали-ҳануз нарх оширилмаганди. Аслида қиймати арзон нарсанинг қадри ҳам паст бўлади. Айни пайтда аҳоли ва юридик шахсларнинг ичимлик суви ташкилоти – “Сувтаъминот” корхонасидан қарздорлиги 1,5 триллион сўмдан ошиб кетган. Бу йиллар давомида шаклланиб келган қарздорлик ҳисобланади. Тошкент шаҳрида 1000 литр сувнинг нархи 400 сўм туради. Диққат қилинг, 1000 литр сув атиги 400 сўм. Бу бир литр сувнинг нархи 40 тийин дегани. Биз сувни шу даражада қадрсизлаганмиз. Халқ орасидаги “сувтекин” сўзининг пайдо бўлиши ҳам бекорга эмас”, деди Акмал Муродов.

Шу пайтгача аҳоли ичимлик суви учун арзимаган пул тўлаб келаётган экан, нега бу шундайлигича давом этавермади?  Нархлар олдинроқ эмас, айнан энди ошяпти? “Ўзсувтаъминот” АЖ масъули буни қуйидагича изоҳлади:

“Биринчидан, йилдан-йилга аҳоли сонининг кўпайиб бориши ва бунинг натижасида ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг ортиши, иккинчидан, ичимлик суви захирасининг камайиб бораётгани. Биз ичимлик сувини оладиган қўшни мамлакатларда ҳам захиралар камаймоқда. Учинчидан, айнан ичимлик сувини халққа етказиб бериш, қайта ишлаш масалалари ҳам таърифларимизга таъсир кўрсатди, дейиш мумкин. Бухорога, ёки Навоийга сув етказиб беришимиз учун Самарқанддан олиб боришимиз керак. Қанча электр энергияси ва бошқа ресурслар кетади? Масалан сув учун истеъмолчидан 100 сўм олсак, шунинг 30-40 сўмини электр-энергиясига тўлаймиз. Чунки узоқ ҳудудларга сув етказиб бериш учун кучли босимда ишлай оладиган кучли насослар керак бўлади. Бундан ташқари, авария-тиклаш бригадалари бор. Сув таъминотидаги қувурлар ўтган асрнинг 50-60 йилларида қурилган. Йиллар давомида улар эскирда ва бугун таъмирланишга муҳтож. Шунингдек, аҳолининг қарийб 75% ичимлик суви билан таъминланган бўлса, қолган 25 % аҳолига ҳали сув етиб бормаган. Нархларнинг ошиши ўша ҳудудларга ҳам ичимлик суви етиб боришини тезлаштиради”.

Ўзбекистонда ичимлик суви билан боғлиқ вазият ҳақида халқаро ташкилотлврнинг ҳам хулосалари ижобий эмас. Мамлакатда ичимлик суви тугаяпти. Қурғоқчилик, исрофгарчилик ва бошқа бир қатор сабаблар туфайли ққин келажакда авлодлар сувсиз қолиши мумкин.

“Биз аллақачон ўзимизнинг сувимизни ичиб бўлганмиз. Ҳозир фарзанларимизнинг, невараларнинг сувини ичяпмиз, исроф қиляпмиз. Шу ҳолатда давом этар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хулосаларида айтилганидек, 2050 йилга бориб Ўзбекистон қизил ҳудуд, яъни ичимлик суви танқис ҳудудга айланиб қолиши мумкин. Шунинг учун бугунданоқ сувни исроф қилмаслигимиз, буни болаларимизга ўргатишимиз керак. Африкага ўхшаб қолмаслигимиз зарур”, деди Муродов.


Мақола муаллифи

Теглар

ичимлик суви нарх Ўзсувтаъминот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made