Тошкент метросининг 2 бекатида иш тартиби ўзгарди
Жамият
−
24 Ноябрь 2023
8241Тошкент метросининг “Технопарк” (Дўстлик-2) ва “Яшнобод” (2-бекат) бекатлари иш тартиби вақтинча ўзгарди. Бу ҳақда метрополитен матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, эртага, 25 ноябрдан бошлаб “Технопарк” ва “Яшнобод” бекатлари иш режими соат 06:00 дан 22:00 га қадар ташкил этилади.
Аниқлик киритилишича, Ерусти ҳалқа йўлининг II босқичидаги Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесигача бўлган “Турон” (13-бекат) ва “Қипчоқ” (14-бекат) метро бекатларини ишга тушириш мақсадида йўналишдаги бошқа мавжуд бекатлар билан техник жиҳатдан ўзаро боғлаш ишлари туфайли ушбу бекатларнинг иш тартиби ўзгартирилмоқда.
Шунингдек, “Тузел” (3-бекатидан) “Қурувчилар” (12-бекат) бекатигача бўлган бекатлар оралиғида иш режими ўзгармаган ҳолда 05:00 дан 23:00 га қадар ташкил этилади.
“Соат 05:00 дан 06:00 гача ва 22:00 дан 23:00 гача “Тузел”-“Қурувчилар” бекатлари оралиғида бир томонлама (челнок) поездлар ҳаракати ташкил этилади”, дейилади хабарда.
Бироқ, метрополитен матбуот хизмати томонидан “Технопарк” ва “Яшнобод” бекатларида иш режими қачондан ўз ҳолига қайтишига аниқлик киритилмаган.