Ур, теп, бўғизла... Тиланчи болалар, ҳомиладор ўқувчилар, педофиллар ва кастрация ҳақида Раҳмонова билан суҳбат

Интервью

Ўзбекистон зўравон ота-оналар мамлакати?! Нега мамлакатда кунда-шунда қайсидир ота-она ўз фарзандига зўравонлик қилгани, уни ургани, дўппослагани, ўласи қилиб калтаклаётгани ёки турмуш ўртоғидан алам олиш учун болага озор бераётгани ва камига бу қилмишини ўзи видеога олаётгани ҳақида эшитяпмиз, кўряпмиз? Урсанг эти, гапирсанг бети қотади, деганларидек одамлар аллақачон бундай воқеаларга нисбатан муросасизлигини йўқотиб қўйгандек. 

Болажон халқ мақомини ўз-ўзига ёпиштириб олган одамларимиз болаларни уриш, улар меҳнатидан фойдаланишни болани тарбиялаш ва уни чиниқтиришнинг асосий омили, деб санайди. Аслида ҳам шундайми? 

QALAMPIR.UZ ушбу масалаларда иш бошлаганига ҳали кўп бўлмаган Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сурайё Раҳмонова билан суҳбатлашди. Бу Раҳмонованинг мазкур лавозимда иш бошлаганидан буён оммавий ахборот воситаларига бераётган илк интервьюси. 

Ушбу эксклюзив интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин

Хўш, Раҳмонованинг зўравон ота-оналар ҳақида фикри қандай? 

“Қаердан пайдо бўлади зўравон ота-оналар? Қаердан пайдо бўлади зўравон ўқитувчилар? Улар ҳам болалигида ана шундай муносабатнинг қурбони бўлган. Ва улар шу муносабатнинг нотўғри эканини шахс сифатида белгилаб олмаган, таҳлил қилмаган, ўзига савол бермаган инсонлар. Бу психологик ва шахсининг шаклланишида муаммолари бор одамлар ўзини шундай тутиши мумкин ва бунга маънавий ҳаққи бор, дегани эмас. Ҳамиша айтаман, зўравонликни нормаллаштириш мумкин эмас”, дейди Раҳмонова. 

Унинг алоҳида урғулаб айтишича, бугунги жамиятда болалар ниҳоятда заиф. Бу фақат Ўзбекистоннинг муаммоси эмас. Деярли барча давлатларга хос бўлиб бораётган ҳолат.  

“Асосан Осиё давлатларида бола тарбияси зўравонлик усуллари ёрдамида олиб борилиши ижтимоийлашган умумий норма. Яъни зўравонликсиз, босимсиз бола тарбия қилиш мумкин эмас, деган стереотип бор. Биз ҳам Осиё ёндашувига кирамиз. Глобал таҳлиллар эса шуни кўрсатяптики, бу Ғарб давлатларида ҳам кенг тарқалган норма – болага тарбия беришда, албатта, зўравонлик ва босим элементлари бўлиши шарт”, дейди у. 

Жамоатчилик ва журналистлар фикрича, постсовет мамлакатлари инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, жумладан бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва ҳатто инсон ҳуқуқлари фаоллари мустақил эмас. Уларнинг ишига ижро ҳокимиятидан аралашув ва босим бор. Бу совет давридан қолган бошқарув услуби, номи мустақил, ўзи эса “мустақил”. Раҳмонова Ўзбекистон шароитида бундай эмаслигини алоҳида урғулаб, мустақилликни Президентнинг ўзи таъминлаб бергани, шунинг учун ҳам омбудсман парламент олдидагина ҳисобдор эканини айтди. 

“Ҳақиқатдан ҳам постсовет мамлакатларида инсон ҳуқуқларига бўлган муносабат совет даврида шиорлар даражасида бўлган. Совет мафкурасига кўра, “ҳамма нарса инсон, ҳамма нарса болалар учун”, дейиларди, лекин боланинг ҳуқуқи нима, бола ўзи ҳуқуқ объектими, деган саволлар умуман кўтарилмаган. Дунёдаги бундай институтларнинг бўлиши мутлақо совет мафкурасига зид эди. Давлат ҳамма нарсани, ҳатто, инсонлар қандай яшашини ҳал қиларди ва буни тўғри, деб биларди. Бундан бошқа муқобил эса умуман қабул қилинмас эди. Бизнинг тарихий шаклланишимиз яқин бўлган мамлакатларда, қўшниларимизда айнан бола ҳуқуқларига нисбатан муносабат ва муаммолар ниҳоятда ўхшаш. Чунки биз айнан битта йўлдан ўтганмиз ва трансформация йўлимиз ҳам бир хил бўлган. Шунинг учун ҳам ҳолатлар ва кейслар бўйича ниҳоятда ўхшашмиз. Лекин, таъкидлаб айтиш керакки, муносабат тубдан ўзгарган. Жамиятда нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институти, боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ихтисослашган махсус органнинг зарур экани давлат раҳбари даражасида эътироф этилиб, Президент фармони асосида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди”, дейди Раҳмонова.

Ўзбекистонда болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ энг йирик ва кўп кўзга ташланадиган муаммо – тиланчилик. Кўпчилигимиз ё тиланчилик қилаётган болалар, ё тиланчиликда восита ўлароқ қўлланилаётган гўдакларга кўзимиз тушади. Жамоатчилик уларга ачиниш ҳисси билан қарайди ва муаммо ечимсиз қолаверади. Бу масалага тўхталаркан, Сурайё Раҳмонова шундай дейди: 

“Тиланчиликнинг бизнес даражасига чиқаётгани ва бунга болаларнинг жалб қилиш кўлами кенгайиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, албатта, бунга муносабат билдирмасликнинг иложи йўқ. Энг оғир масала – болалар меҳнати. 

Тиланчилик фактларининг бўлиши, бугунги кундаги сиёсий позициямизга мутлақо зид. Буни эса фақат қонуний ва ҳуқуқий чоралар билан ҳал қилишни ҳам имкони йўқ. Чунки бу ижтимоий воқелик. Бунинг турли сабаблари бор. Тиланчилик қилаётган одамларга фақат оғир кундан чиқяпти, дейиш ҳам нотўғри. Биз ўтказган кўплаб ўрганишлар натижаси шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳрида тиланчилик билан шуғулланаётган болаларнинг кўпчилиги бошқа ҳудудлардан пойтахтга келган ва ўз ҳудудида тиланчилик қилишдан уялади. Масалан, Қашқадарёга борганимда атайин кузатдим ва тиланчилар умуман йўқлигига гувоҳ бўлдим”. 

Мактаб ўқувчилари орасида ҳомиладорлик аниқланаётгани ҳақидаги хабарлар эса кишини сескантириб юборади. Раҳмоновага кўра, бундай ҳолатлар аввал ҳам бўлган. Ҳозироқ жамоатчилик назорати кучли бўлгани, ижтимоий тармоқларда бонг урилаётган ҳар бир ҳолат катта баҳсларга сабаб бўлаётгани учун ҳам гўё ўқувчи қизлар ҳомиладор бўлиб қолиши кўп учраётгандек туюлмоқда. Ҳақиқий вазият эса у қадар ваҳимали эмас. 

“Мактаб ўқувчилари ўртасида ҳомиладорлик ҳолатларини рақамлар билан айтмайман. Чунки бир нечта шундай мавзулар борки, улар ҳақида гапирилиши бундай ҳолатларнинг оммалашишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам булар ҳақида очиқ гапирилмайди. Боланинг ҳам шахсий ҳаёти, қадр-қиммати бор. Бу маслаларни очиқлаш, болаларга таҳдидга асос бўлади. Мақсадимиз болани ҳимоя қилиш, унга зарар келтириш эмас”, дейди омбудсман.

Тугаб бораётган 2023 йилда мамлакат жамоатчилигини ларзага келтирган воқеаларнинг энг бошида болаларга нисбатан жинсий зўравонлик келмоқда. 

“Жинсий жиноятлар кўпайиб, динамикаси ошиб кетаётгани йўқ. Ҳозирги очиқлик сиёсати, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлар, ҳар бир ҳолат катта резонансга сабаб бўлаётганини инобатга олсак, бунинг жамиятга таъсири катта. Бундай жиноятларнинг содир этилаётгани ҳар бир инсонни, айниқса, ота-оналарнинг юрагини ларзага солади. Ўзбекистон айнан болаларга нисбатан жинсий зўравонликка нисбатан жазо қўллашда қонунан ниҳоятда катта муросасизлик кўрсатди. Жазо оғир ва бу жиноятни содир этган шахсга нисбатан бирорта енгиллаштирувчи норма қўлланилмайди, яъни унинг ҳукми шартли ҳукмга алмаштирилмайди. Суд томонидан тайинланган жазони тўлиқ ўтайди. Бу ниҳоятда катта қадам”, дейди Раҳмонова. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сурайё Раҳмонова Бола ҳуқуқлари бўйича вакил

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made