Ўзбек халқининг корейс боласи

Интервью

Ҳозирги кунда фотография айниқса, кўча фотографияси йўналиши оммалашмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўча фотографларининг саҳифалари кўпайгани, улар суратга туширган оддий инсонларга хос ҳиссиётларнинг ҳаётий тасвири кўпчиликни жалб этишидан бўлса керак. Бу сафарги интервьюмиз қаҳрамони Александр Югай ҳам кўча фотографлиги билан шуғулланади.

Александр Югай – 1989 йил 8 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – корейс, Ўзбекистон Республикаси фуқароси. 

Узоқ йиллар олдин Югайнинг бувиси, кўплаб корейслар билан бирга Россиядан Ўрта Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга кўчиб келган. Югайнинг ота-онаси ҳам Тошкентда туғилган.

2011 йилда Ўзбекистон санъат ва маданият институтини тамомлаган Александр айни пайтда кўча фотографлиги билан шуғулланади. Асосий шиори эса "Мамлакатнинг қалби – одамлар!". 2022 йил охиридан бери ўзининг Instagram саҳифасида худди шу номдаги лойиҳани юритади. 

У ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги, меҳмондўстлигини тарғиб қилиб келади. Qalampir.uz нашри Александр Югай фаолияти ҳақида маълумот тайёрлаш учун у билан интервью тайёрлади.

Дастлаб у болалиги ҳақида гапирар экан қандай қилиб фотографликни бошлагани ҳақида сўзлаб берди:

“Мактаб вақтимда кичкина ҳаваскорларга хос фотоаппаратим бор эди. Мен ундан турли жойларни расмга туширишда фойдаланардим. 11-синфдан кейин эса мен Ўзбекистон санъат ва маданият институтида Кинооператор ва маҳорат факультетида ўқишни бошладим. 1, 2 ва 3-курс вақтимда “Зенит” фотоаппаратида Ҳотам Файзиев, Абдураҳмон Исмоилов кабилар билан ишладим. “Тошкент – нон шаҳри” фильмини суратга олган Ҳотам Файзиев менинг устозим бўлади. 1-курс вақтимда фотоплёнкада расмга олган бўлсам, ҳозирда рақамли фотоаппарат ишлатаман.

Ўзбек халқи ҳеч қачон "аёл" ёки "эркак" деб айтмайди. Улар бегоналарни "ака", "амаки", "онажон" ва "отахон" деб атайди. Бу чиройли менталитет. Бу менга ёқади. Шунинг учун мен ҳам одамларни “онажон”, “синглим” “келинойи” деб чақираман. Ўзбек халқи бир-бирига қариндош.

Шунингдек, Qalampir.uz журналисти Александрга фаолияти ҳақида бир нечта саволлар билан мурожаат қилди:

Сизни самимий кутиб олишади. Сизга қўполлик қиладиганлар ҳам бўладими?

Мен контент олаётган вақтим кайфиятимни юқори ушлашга ҳаракат қиламан, Чунки ўзбек халқи анча меҳнатсевар, улар жуда кўп ишлайди. Мен ҳаммани хурсанд қилишга ҳаракат қиламан.
 
Мен Маъмура опани расмга олганимда менга текинга ош берди. Бекзод акани расмга олганимда ҳам мени овқатланишга таклиф қилди. Чорсуда таниш-билишларим бор.

Сизни бошқалар турист деб ўйлашадими?

Мен ҳар ерга борганимда шундай ўйлашади. Мен уларга Ўзбекистон фуқароси эканимни, яшил паспортим борлигини айтаман. Мендан улар “ни хао”ни кутишади. Қанақа “ни хао”, “ассалому алайкум” (дейиш) керак.

Асосий даромадингизни қаердан топасиз?

Мен асосан контентни жон, қалб ва юрак учун оламан. Бу менинг ижодим. Асосий ишим ҳам бор. Тўй, рекламалар учун фотосессия қиламан. Бешиктўй, суннат тўйларга ҳам бориб тураман. Чунки бу тирикчилик. "Қистир-қистир"ни севаман.

“Келин салом” урф-одати менга ёқади. Эрталаб келин уйғонади ва ота-онасига салом беради. Бу жуда самимий урф-одат. Мен биринчи марта бу урф-одатга дуч келганимда йиғлаганман. 

Нега айнан Ўзбекистон ва ўзбек одамлари?

“I am street photographer” жанри Нью-Йоркда, Москвада ва бошқа жойларда ҳам бор. Ўзбекистонда чиройли ва яхши одамлар жуда кўп. Нью-Йоркдаги кўча фотографлари расмларида самимийлик йўқ. Ўзбеклар эса жуда самимий ва расмбоп. Мен ўзбекларни севаман ва уларни расмга оламан. “Юртнинг қалби – одамлар” лойиҳаси бу менинг давлатим ҳақида. 

Интернетда хайп учун қилинадиган контентлар кўп. Уларга нисбатан фикрингиз қандай? Instagram’да кўтарилиш учун видеолар олганмисиз?

Бундай контентлар кўп. Бундай видеоларнинг билдиришномаларини мен ўчириб қўяман. Контент учун одамлар керак, улар илҳом беради. 2022 йил ноябрда мен ўз контентимни бошладим. Бўш вақтимда айланиб юрган пайтим яхши одамни кўрсам, контент оламан. Ўзбекистонда 90 фоиз одам – яхши одам. Ўзбекистонда ёмон одам йўқ.

Кулиб турган одамларни суратга оласизми?

Шунчаки яхши одамларни суратга оламан. Мен 17 йилдан бери  расмга олганим учун психолог бўлиб кетганман. Яхши ва ёмонни дарров ажратаман. Ҳозир эса мен фотомактаб очмоқчиман. 

Ўзбекистонда яшаб туриб ўзбек тилини ўрганмайдиганлар ёки ўрганишни хоҳламайдиганлар, шунингдек, ўзбек бўла туриб бошқа тилда сўзлашадиганларга нимадир дея оласизми?

Маслаҳатим – уялмаслик керак. Ўзбек тилида 2-3 та сўз ўргансангиз ҳеч ким сизга “агрессив” бўлмайди. Ўзбек тилини ўргансангиз сиз учун яхши. Кўпроқ тил ўрганган бўласиз, холос. Асосийси, ўзбек тилида гапириш амалиёти муҳим.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made