Ўзбекистонда педофиллар ўйлаганимиздан анча кўп

Интервью

Ота-онамиз ёки бирон яқинимиз билан суҳбатлашарканмиз, умрининг энг ёрқин паллалари ҳақида сўралганда дарҳол болалик хотираларини эсга олишади. Уларнинг орасида эса ушбу йилларга – подшолигим, беғуборлигим, умримнинг асл лаззатини ҳис этган чоғларим, дея таъриф берадиганлари ҳам топилади. Бу мавзу хусусида гап очар эканмиз, ўз-ўзидан бир савол туғилади: бугунги кун ўзбек болалари қанчалик бахтли? 

Бу саволга жавоб кимда аллақачон тайёр, кимнингдир топиши учун эса бироз вақт керак. Лекин юқори қаватлардан улоқтирилаётган, анҳорларга ташлаб юборилаётган, кўзёшлари ижтимоий тармоқларни портлаётган болаларнинг бахтлилиги ҳақида сўз очишнинг ўзи шубҳали. Хўш, бугунги кун ўзбек ёшларини бахтли қилиш учун ким, қаерда, қачон ва қандай ҳаракат қиляпти? Шу ва шу каби саволлар билан QALAMPIR UZ мухбири Фирдавс Завқиев Халқаро болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти UNICEF’нинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Маммадзадега юзланди. Суҳбат мобайнида тармоқларда таълимдаги табақаланиш дея баҳоланаётган президент мактаблари тизими, ота-оналар томонидан ҳуқуқлари топталаётган болалар билан биргаликда ота-оналикка лаёқатлиликни баҳоловчи тест тизими жорий этиш ва давлат болаларнинг тўлиқ васийлигини олиши керак ёки йўқлиги хусусида ҳам мутахассис фикри билан қизиқдик:

“UNICEF учун ҳар доим энг муҳим мақсадлардан бири бўлиб келган ва бизни ташвишга солиб келган нарса – бу ҳар бир жамиятнинг энг камбағал ва қуйи қатламлари учун ҳам сифатли таълимни кафолатлаш. Албатта, биз таълим ислоҳоти ва барча ёшлар учун таълим натижалари ҳақида кўп гаплашамиз. Аммо биз тарғиб қилаётган ва ҳукумат билан ишлаётган нарсаларга эътибор қаратадиган бўлсак, асосан, биз айтиб ўтган тенгликдаги бўшлиқ тобора камайиб бораётганига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Президент мактаблари намуна сифатида ташкил этилган. Шундай қилиб, қолган халқ таълими тизими ҳам инфратузилма нуқтаи назаридан ўхшаш натижаларга эришишга интилмоқда. Лекин энг муҳими, менимча, битирув маросимида ким қатнашгани ёки унга қанча пул сарфлангани эмас, балки бизнинг UNICEF учун энг муҳими – мактаб ўқувчиларига нима таклиф қилаётганимиз. Ва яна шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда президент мактаблари ёки давлат мактаблари ва хусусий мактаблар ўртасидаги тафовут катта эмас. Барча ёшлар таълим тизимида ютуқларга эришиш учун тенг имкониятларга эга”, дейди UNICEF’нинг Ўзбекистондаги вакили мухбирнинг умумий ўрта таълим мактаблари ва президент мактаблари ўртасидаги яққол кўзга ташланувчи фарқ юзасидан берган саволига.

Ўзбек оилаларида кенг тарқалган тарбияда зўравонлик ҳам ёш авлод психологиясига ижобий таъсир ўтказмаслиги ошкора ҳақиқатдир. Сўнгги вақтларда фарзандларига нисбатан очиқ зўравонлик тасвирлар ота-оналарнинг шахсан ўзари томонидан тармоқларга сиздирилаётгани эса фуқароларнинг маълум қисми нафақат бола тарбия қилиш учун, балки ота-оналик ва оила қуриш учун ҳам лаёқатли эмаслигини яққол кўрсатади.

Хусусан, статистика маълумотларига кўра Ўзбекистонда болаларнинг 21 фоизи оғир меҳнат билан шуғулланади. Аён ҳақиқатки, мактабдан бўш вақтларида на бирон фан тўгарагига, на спорт клубига қатнашиш учун вақт тугул қуввати ҳам қолмайдиган бу болаларнинг ўзлаштиришларида ҳам салбий ўзгаришлар пайдо бўлади. Тенгдошларига нисбатан ҳар жабҳада ортда қолишлари ҳамда доимий стресс уларнинг келажакда мустақил шахс сифатида шаклланишига жиддий тўсиқ бўлади.

“Яқинда ўтказилган тадқиқотлар Ўзбекистонда болаларнинг 21 фоизи иқтисодий фаолият билан шуғулланаётганини аниқлади. Болалар меҳнатига қарши кураш бўйича бундай тизимли ишлар ва ижобий натижаларни кўриб туриб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилган саъй-ҳаракатларни эътироф этишимиз керак. Бу масалада Ўзбекистонга берилаётган глобал баҳо ҳам буни тасдиқлайди. Менимча, болаларни меҳнат ва хўжалик фаолиятига жалб этишнинг бошқа шаклларини кўпроқ ўрганиш, у ерда ҳам нима қилиш мумкинлигини кўриб чиқиш вақти келди. Меҳнат турлари болаларнинг таълим олиш учун сарфланадиган вақтини ёки соғлиғини ўғирлар экан, биз буни зарарли деб ҳисоблашимиз мумкин ва бунинг олдини олиш учун алоҳида бир тизим ишлаб чиқишимиз керак. Аввало, ота-оналар буни тушунишлари керак, биз ота-оналик ҳақида гаплашдик, чунки, давлат тўлиқ жараённи назорат қила олмайди, биз ҳар бир оилага полициячиларни тайинлай олмаймиз. Ота-оналар боланинг манфаатларига мос келмайдиган ва унинг ривожланиши учун зарарли бўлган нарсаларни тушунишлари керак”, дейди Мунир Маммадзаде болалар меҳнати ҳақида гапира туриб.

Интервьюнинг тўлиқ шаклини QALAMPIR UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Фирдавс Завқиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

педофиллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made