Ўзбекистонлик руслар теракт ҳақида (фоторепортаж)

Таҳлил

22 март куни кечқурун Москвадаги "Крокус Сити Ҳолл" концерт мажмуасида теракт содир этилди. Ҳозиргача теракт оқибатида 133 киши ҳалок бўлиб, 182 киши яралангани айтилмоқда. Москвадаги фожиали террор ҳужумидан кейин Россиянинг турли мамлакатларидаги элчихоналари олдига ҳамдардлик белгиси сифатида гуллар қўйиб кетилмоқда. 

QALAMPIR.UZ айни дамда Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида. Бу ерда одамлар кети узилмаётганига гувоҳ бўлдик. Келаётганлардан кимдир гул, кимдир юмшоқ ўйинчоқлар, эсдалик совғалар, шамлар билан ташриф буюрмоқда. Бегуноҳ инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш учун келган фуқаролардан бири ҳам теракт қурбонларининг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.

"Даҳшатли жиноят содир этилди. Террорчилар миллати бўлмаган жиноятчилардир. Уларнинг юраги ҳам, жони ҳам йўқ, шунчаки қобиқ. Қандай қилиб қуролсиз одамларга, болаларга ўқ отиш мумкин. Биз миллатимиз ва диний эътиқодимиздан қатъи назар уларга қарши бирлашишимиз керак", дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни кечаси Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида номаълум шахслар отишма бошлади, бинода портлаш содир бўлди ва ёнғин чиқди. 

Бинонинг учдан бир қисми ёниб кетган, атрофни қуюқ қора тутун қоплаган. Ўт ўчирувчилар одамларни том орқали олиб чиқишга муваффақ бўлган ва 100 га яқин одам эвакуация қилинган. 

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси теракт юзасидан жиноий иш қўзғатди. Россия Фидерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ) директори Александр Бортников Россия Президенти Владимир Путинга 11 киши ҳибсга олинганини очиқлади.

Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев теракт муносабати билан Президент Владимир Путинга ҳамдардлик билдирди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги терактни қоралади. Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси теракт оқибатида жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаганини билдирди

Шунингдек, Россия Тергов қўмитаси теракт оқибатида ҳалок бўлганлар сони 133 нафарга етгани ҳақида хабар берганди. Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 154 нафарга етган.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг