Йилнинг энг яхши ҳамширалари аниқланди

Жамият

image

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Ҳамшира – 2019” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танлов Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши, Республика Ҳамширалар ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 14 нафар ҳамшира ўзаро беллашди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Анъанавий тарзда ўтаётган “Ҳамшира” республика кўрик танловининг ҳам ўрта тиббиёт ходимлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёшларнинг интилишларини рўёбга чиқаришда алоҳида ўрни бор. Танловнинг бу йилги барча босқичлари ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилди.

Ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил танловни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари янада такомиллашди. Танловда асосий эътибор ҳамшираларнинг билими, интеллектуал ва касбий салоҳиятига қаратиладиган бўлди. Шунингдек, иштирокчиларнинг тиббиёт билан бирга мамлакатимиздаги сиёсий жараёнлар, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси, фаол фуқаролик позицияси баҳолашнинг муҳим мезонларидан этиб белгиланди.

Танлов натижаларига кўра, Наманган вилояти Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия пости навбатчи ҳамшираси Дилафрўз Паттаева биринчи ўринни қўлга киритди. Фарғона вилояти перенатал маркази қабулхона бўлими катта дояси Зуҳрахон Ҳайдарова иккинчи, Жиззах вилояти Пахтакор туман тиббиёт бирлашмаси ҳомиладорлар патологияси бўлими муолажа ҳамшираси Сарвиноз Қўшбоқова учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолибларга танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, анъанага мувофиқ “Ҳамшира – 2019” танловининг ғолиблари тиббиёт олий ўқув юртларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиниши белгиланган.

Маълумот учун, бугунги кунда Тошкент тиббиёт академияси ва тиббиёт институтларининг “Олий ҳамширалик иши” бўлимларида турли йўналишлар бўйича беш минг нафарга яқин олий маълумотли бакалавр ҳамширалар тайёрланди, юзга яқин ҳамширалар магистр даражасига эга. Яна бир эътиборли жиҳати, 18 нафар олий маълумотли ҳамшира тиббиёт соҳасида фалсафа доктори (PhD) илмий унвонига эга бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг