20 йил қамоқ. Энди наркожиноятчилар оғирроқ жазоланади

3-саҳифа

image

Эндиликда наркожиноят содир этган шахсларни жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилмаслик ёки жазосини енгилроғи билан алмаштирмаслик тартиби жорий этилади. Бу  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–207-сон фармонида белгиланган.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддаларига асосан шахс жазони ўташдан муддатидан илгари озод этилиши ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин. Бироқ, наркожиноят содир этган шахслар билан бундай амалиёт қўлланмайди.

Шунингдек, энди Ўзбекистонда ҳар қандай наркожиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан ёки уни жалб қилган ҳолда содир этиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида қайд этилади, шунингдек, уларни кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланади.
Бундан ташқари, таълим ташкилотлари, талабалар ётоқхоналари, болалар оромгоҳларида ёки уларга туташ ҳудудларда кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш учун жазо 2 бараварга оғирлаштирилади ҳамда айнан ушбу жойларда вояга етмаганларни мазкур моддаларни истеъмол қилишга жалб қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.

Энди наркотикларнинг ноқонуний муомаласига ҳомийлик қилиш, наркожиноий уюшма ёки ғайриқонуний нарколаборатория ташкил этиш учун жиноий жавобгарлик белгиланади ва ушбу жиноятларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум этилади.

Прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланади. Мамлакатда саноат ва тиббиётда фойдаланиладиган кимёвий моддалар (прекурсорлар) нинг наркотикларни ноқонуний тайёрлаш жараёнига кириб боришининг олдини олиш мақсадида: 

  • прекурсорлар рўйхати халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда кенгайтирилади ва уни соддалаштирилган тартибда янгилаб бориш (тўлдириш) механизмлари жорий этилади;
  • прекурсорлар ишлаб чиқарилишидан (хориждан келтирилишидан) бошлаб, реализация қилинишигача (транзит, маҳсулот ишлаб чиқаришда фойдаланиш, сотиш, сақлаш, бериш ва бошқа) бўлган барча жараёнларни қатъий электрон назорат қилиш тизими йўлга қўйилади.

Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги прекурсорлар муомаласи устидан тизимли назоратни амалга оширади ва уларнинг ноқонуний айланмаси юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига тақдимнома киритади.

Интернетдаги наркодўконларни ҳамда наркожиноятларни сунъий интеллект ёрдамида аниқлаш ва блоклашга мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш бўйича ёшлар ўртасида хакатон ўтказилиб, энг мақбуллари амалиётга жорий қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

наркожиноят

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг