50 минг долларлик соат таққан Қудбиев тармоқда сазойи қилинди (видео)
Жамият
−
20 Апрель 17318 2 дақиқа
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг раҳбари Шерзод Қудбиев Президент селектори йиғилишида Breguet брендига тегишли, баҳоси тахминан 50 минг доллар турадиган соат тақиб борди ва унинг бу ҳаракати тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Муҳокама Қудбиев қўлидаги соатнинг қиймати ва уни сотиб олиш учун керак бўладиган даромад манбаи ҳақида бўлмоқда. Соатнинг муҳокамаси унинг йиғилишда кўриниш берганидан кейин бошланди. Блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари соатни люкс модель (тахминларга кўра, Constantin Overseas ёки Breguet Marine Chronographe 5527) сифатида тахмин қилиб, унинг нархини 50 минг долларга баҳолади. Шунингдек, кенг жамоатчилик амалдорларнинг мол-мулкига жамият эътибори қаратилиши демократик давлат учун норма эканини таъкидлади.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамалар қизиган бир пайтда, Шерзод Қудбиев видеомурожаат эълон қилди ва соат атрофидаги гап-сўзларга жавоб берди.
“Биринчи навбатда, тўғри, бу соат менга жуда қадрли соат, кўп нарсани эслатади. Лекин қандай бўлишидан қатъий назар, давлат хизматчиси, авваламбор, камтар бўлиши керак”, деган Қудбиев.
Шунингдек, у амалдорлар касбий этикага, айниқса, оммавий тадбирлар ва йиғилишларда қатъий амал қилишлари зарурлигига қўшилган.
“Шунинг учун, айниқса йиғилишларда мана шундай учрашувларда касбий этикага қатъий риоя қилиб, авваламбор, камтарлик билан ўзининг хизматчи бўлганини яна бир бор кўрсатиб бориши керак деб ўйлайман. Бу шахсан менга катта хулоса бўлди ва келгусида фақат шу яхшилик йўлида, ватанимиз равнақи йўлида ишлаймиз ва шунга амал қиламиз, деган фикрдаман. Катта раҳмат ҳаммага”, деган қўмита раҳбари.
Бироқ у соатни қаердан олганига аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Маданият вазири Озодбек Назарбеков Андижонда бўлиб ўтган “Вазир ва ёшлар учрашуви”га қимматбаҳо пойабзалда борганди. Маданият вазирлигига кўра, тадбирда 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этган. Эътиборли томони шундаки, вазир Озодбек Назарбеков мазкур учрашувга Hermes брендига тегишли, Европа ва АҚШда 1200 доллардан қиммат турадиган оёқ кийимда борган.
Live
Барчаси