9 майда Москвага борманг – Зеленский (видео)
Олам
−
08 Май 7948 2 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский Россияга яқин давлатларга мурожаат қилиб, 9 май куни Москвага бормасликни тавсия берди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-канлида ёзиб қолдирди.
Даставвал, у Украина махсус операция кучлари ва бошқа ҳарбий бўлинмаларига миннатдорлик билдириб, Россия ҳудудидаги бир нечта муҳим объектларга узоқ масофали зарбалар берилганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Каспий денгизи ҳудудида “Калибр” ракеталарини учириш имкониятига эга бўлган ракета кемаси нишонга олинган. Шунингдек, Россиянинг Пермь вилоятида жойлашган нефть соҳасига тегишли объектга ҳам зарба берилган. Зеленский бу объект Украина давлат чегарасидан 1,5 минг километрдан ортиқ масофада жойлашганини таъкидлади.
У яна Брянск йўналиши, Туапсе шаҳри ва Россиядаги айрим стратегик нефть объектларига қилинган ҳужумлар натижалари Украина учун “қониқарли” бўлганини билдирган.
Зеленскийнинг айтишича, Украина Россияга яна бир бор ўт очишни тўхтатишни таклиф қилган. Бу сафар 6 майдан бошлаб тўлиқ сукут режими жорий этиш таклиф этилган. Украина томони бунга тайёр бўлганини билдирган, аммо жавобан Россия томонидан янги зарбалар ва таҳдидлар бўлган.
“Улар Украинадан ўз парадларини хавфсиз ўтказиш учун рухсат сўраётгандек. Бир соат тинч туриб, кейин яна одамларимизни ўлдириш ва урушни давом эттиришни хоҳлашяпти”, деган украина етакчиси.
Унинг таъкидлашича, Россия томони 9 майдан кейин ҳам зарбалар давом этиши мумкинлигини айтмоқда. Зеленский буни “ғалати ва мутлақо ноадекват мантиқ” деб атаган.
Шунингдек, у Россияга яқин айрим давлатлар Москвадаги тадбирларда иштирок этиш учун ўз вакилларини юборишни режалаштираётгани ҳақида мурожаатлар бўлганини айтган.
“9 май куни Москвага бориш истаги ғалати. Биз буни тавсия қилмаймиз”, деган Укрина Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Украина пойтахтига берилиши мумкин бўлган зарба хавфи туфайли хорижий давлатларга ўз дипломатларини Киевдан эвакуация қилишни тавсия этганди.
Live
Барчаси