Абрамович “Челси”дан тушган пулларни мусодара қилишга қарши чиқмоқда
Спорт
−
11 Март 1333 1 дақиқа
Россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг адвокатлари Буюк Британия ҳукуматига “Челси”нинг 2022 йилдаги савдосидан тушган маблағлар тўлиқлигича тадбиркорга тегишли эканини маълум қилди. Абрамович эса ушбу маблағларни мусодара қилишга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши суд орқали курашишга тайёрлигини билдирди.
Нашрга кўра, ҳозирда 2,35 миллиард фунт стерлинг (тахминан 2,7 миллиард евро) миқдоридаги маблағ Буюк Британия банк ҳисоб рақамларида музлатилган ҳолатда қолмоқда. Ушбу пуллар Абрамовичга тегишли компания ҳисобида бўлиб, уларни Украинага ёрдам сифатида йўналтириш масаласида ҳукумат ва бизнесмен ўртасида узоқ вақтдан бери келишмовчиликлар давом этмоқда.
Сўнгги молиявий ҳисоботларга кўра, умумий маблағнинг 1,4 миллиард фунт стерлинги Абрамовичнинг клубга эгалик қилган даврида берган қарз (кредит) маблағларидир. Шу сабабли, маблағнинг ҳаммаси хайрия ишларига сарфланиши сўроқ остида қолмоқда. 1,4 миллиард фунт стерлинг миқдоридаги ушбу кредит маблағлари манбаси бўйича Жерси штатида жиноий тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, тергов ва суд жараёнлари якунланмагунча, ушбу маблағларни бирон бир хайрия ташкилотига ўтказиш ҳуқуқий жиҳатдан имконсиздир. Бу эса “Челси” савдосидан тушган пулларнинг тақдири яна номаълум муддатга кечикишини англатади.