Афғонистонга Эрон ва Покистон валюталарини олиб кириш тақиқланди
Олам
−
20 Июнь 926 2 дақиқа
Афғонистон Марказий банки Эрон ва Покистон валюталарининг мамлакат ҳудудига олиб кирилиши тақиқланганини эълон қилди. Бу ҳақда “Tolo news” хабар берди.
Қайд этилишича, Марказий банк ушбу чора миллий валюта – афғонийнинг қадрини сақлаб қолишга қаратилганини билдирган ва тадбиркорлар, пул айирбошлаш шохобчалари, транспорт компаниялари ҳамда сайёҳларни ушбу валюталарни мамлакатга олиб киришдан тийилишга чақирган.
Банк афғонийнинг минтақадаги кўплаб валюталарга нисбатан нисбий барқарорликни сақлаб қолаётганини алоҳида қайд этиб, миллий валютани ҳимоя қилиш мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини қўшимча қилган.
“Ушбу чора афғонийдан фойдаланишни оммалаштириш ҳамда минтақа давлатлари ва ундан ташқаридаги мамлакатлар билан савдо-сотиқ амалиётларида хорижий валюталар ишлатилишининг олдини олиш мақсадида кўрилди”, дейди Марказий банк матбуот котиби Ҳасибулла Нури.
Илгари Эрон тумани ва Покистон рупияси Афғонистоннинг Покистон ва Эрон билан чегарадош айрим ҳудудларида, айниқса, ушбу икки давлат билан бўладиган савдо муносабатларида кенг қўлланилар эди.
Айрим иқтисодчи таҳлилчиларнинг фикрига кўра, агар ушбу сиёсат самарали амалга оширилса, у афғонийнинг мавқеини мустаҳкамлаши, валюта бозоридаги тебранишларни камайтириши ва аҳолининг миллий валютага бўлган ишончини ошириши мумкин.
“Афғоний минтақада кучли қийматга эга. Очиғини айтганда, қўшни давлатларнинг валюталари афғонийга нисбатан кучсиз валюталар ҳисобланади”, дейди Иқтисодчи таҳлилчи Сайид Масъуд.
Сўнгги ойларда афғонийнинг нисбатан барқарор сақланиб тургани расмийлар томонидан мамлакатнинг асосий иқтисодий ютуқларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Live
Барчаси