Африканинг энг яхши ҳаками АҚШга киритилмади
Спорт
−
15:23 1592 1 дақиқа
FIFA’нинг 52 нафар Жаҳон чемпионати ҳакамлари рўйхатига киритилган, 2025 йилги Африканинг энг яхши ҳаками – сомалилик Умар Артаннинг АҚШга киришига рухсат берилмади. Бу ҳақда Сомали футбол федерацияси (SFF) манбаларига таяниб, “The Daily Somalia” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Артан Майами халқаро аэропортига дипломатик паспорт билан етиб борган. Бироқ миграция хизматлари унга ҳеч қандай расмий сабаб кўрсатмасдан киришга рухсат бермаган ва у кейинчалик Истанбулга қайтиш рейсига жўнатилган. Унинг нега АҚШга киритилмагани сабаблари расман очиқланмаган.
FIFA мазкур ҳолат туфайли Умар Артан 2026 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларида ҳакамлик қила олмаслигини расман тасдиқлаган. Ташкилот баёнотида қайд этилишича, FIFA мезбон мамлакатнинг иммиграция жараёнларида иштирок этмайди ва Артаннинг ҳуқуқий мақомига таъсир кўрсата олмайди.
Артан Жаҳон чемпионати финал босқичи ҳакамлари рўйхатига киритилган илк сомалилик ҳакам сифатида тарихга кирган. 2025 йилда у Африка футбол конфедерацияси (CAF) томонидан қитъанинг энг яхши ҳаками деб топилган.
Маълумот учун, Сомали фуқаролари АҚШ виза чекловлари қўлланиладиган давлатлар қаторига киради. Айрим дипломатик ва АҚШ манфаатига хизмат қилувчи сафар тоифалари учун истиснолар мавжуд бўлса-да, мазкур ҳолат Артанга қўлланилмаган.
Live
Барчаси