АҚШ–Хитой муносабатларида кескинлик яна кучайдими?
Олам
−
22 Февраль 5419 2 дақиқа
АҚШ Олий судининг Президент Дональд Трамп жорий этган кенг қамровли тарифларни бекор қилиш қарори Вашингтон ва Пекин ўртасидаги аллақачон мураккаб савдо муносабатларини янада ноаниқ ҳолатга солган. Бу ҳақда APP ёзди.
20 февраль кунидаги қарор назарий жиҳатдан Хитой позициясини кучайтиргандек кўринса-да, таҳлилчилар Пекин эҳтиёткор йўл тутишини айтмоқда. Сабаби — Трамп импорт божларини жорий этиш учун бошқа ҳуқуқий механизмларга ҳам эга.
Трампнинг жавоби: 10 фоиздан 15 фоизгача
Суд қароридан ғазабланган Трамп аввал вақтинчалик 10 фоизлик глобал тариф жорий этишини билдирган, кейин эса уни 15 фоизгача оширишини маълум қилган. Етакчи тарифларни АҚШнинг иқтисодий ва ҳарбий устунлигига асосий таҳдид сифатида кўрилаётган ХХРга қарши зарур восита деб атаган. Оқ уй Трамп 31 март — 2 апрель кунлари Пекинга ташриф буюриб, Си Цзиньпин билан учрашишини тасдиқлаган.
Пекин эҳтиёткор
Мутахассислар фикрича, Си Цзиньпин суд қарорини очиқчасига «ғалаба» сифатида намойиш қилмайди. Аксинча, у Трамп билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва нозик савдо сулҳини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Хитой элчихонаси вакили Лю Пэнъюй тариф уруши икки томон манфаатига хизмат қилмаслигини таъкидлаб, иқтисодий барқарорлик учун ҳамкорликка чақирган.
Бошқалар ҳам хавотирда
Суд қарори фақат Хитой эмас, балки АҚШ билан аллақачон келишувга эришган бошқа давлатлар учун ҳам саволлар туғдирмоқда. Айниқса, Япония бош вазири март ойида Вашингтонга ташриф буюриши кутилмоқда — бу фонида Токио вазиятни диққат билан кузатмоқда.
Трампда “Б режа” бор
Трамп аввал ҳам фавқулодда ваколатлар қонунига таяниб Хитой товарларига 20 фоизлик тариф жорий этган эди. Кейинчалик ўзаро чоралар натижасида тарифлар кескин ошиб, сўнгра музокаралардан кейин базавий 10 фоиз даражага туширилган.
Таҳлилчиларга кўра, маъмурият ХХРнинг аввалги савдо келишувига риоя қилаётган ёки қилмаётганини текшириш орқали янги тарифлар жорий этиш имкониятига эга.
Шу билан бирга, Пекин ҳам музокаралар орқали тарифларни пасайтиришга умид қилмоқда. Айрим экспертлар фикрича, Хитой АҚШга харид кафолатлари ёки бошқа иқтисодий имтиёзлар таклиф қилиши мумкин.
Қисқаси, суд қарори Трампнинг тариф сиёсатига тўсиқ қўйган бўлса-да, АҚШ–Хитой савдо муносабатларидаги рақобат ва савдолашув давом этади. Қизиғи, бу ноаниқлик музокараларга туртки бўладими ёки янги тариф тўлқинини бошлайдими?
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой Халқ Републикаси Раиси Си Цзиньпин жорий йил охирига қадар Оқ уйга ташриф буюришини маълум қилган эди.
Live
Барчаси