АҚШ Яқин Шарқда ҳарбий машғулотларни бошлади
Олам
−
28 Январь 3405 2 дақиқа
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Яқин Шарқ минтақасида Agile Spartan номли кўп кунлик ҳарбий машғулотлар бошлади. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Марказий қўмондонлиги хабар берди.
Машғулотлардан кўзланган мақсад – АҚШ Қуролли кучларининг Марказий қўмондонлиги масъул ҳудудида кучларни тезкор жойлаштириш ва жанговар ҳаракатлар олиб бориш имкониятларини намойиш этишдир.
Генерал-лейтенант Дерек Франснинг айтишича, учувчилар мураккаб шароитларда тарқалиб ҳаракат қилиш, фаолият юритиш ва жанговар парвозларни амалга оширишга қодир эканини исботламоқда. Унинг таъкидлашича, ушбу машғулотлар учувчиларнинг жанговар тайёргарлигини сақлашга хизмат қилади ҳамда авиация зарур бўлган ҳудудларда доимий тайёр ҳолатда бўлишини таъминлайди.
АҚШ расмийларининг билдиришича, машғулотлар доирасида кутилмаган вазиятлар юзага келган тақдирда ҳаракат қилиш учун ҳарбий гуруҳлар бир нечта ҳудудларга жойлаштирилади. Ўзгарувчан шароитда тактикалар, усуллар ва амалий тартибларни ишлаб чиқиш, шу билан бирга масъулиятли ҳарбий мавжудликни сақлаб қолиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, бу машғулотларнинг давоми Эронга зарба йўллаш билан якунланади, деган сценарий ҳам йўқ эмас. Трамп дастлаб буни инкор этган бўлса-да, кейинчалик ҳаммаси ўзининг қўлида эканлиги ва Эрон ҳокимиятини алмаштириш вақти келганини кўп бора таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Abraham Lincoln авиация ташувчи кемаси Эрондаги можаролар сабаб Яқин Шарққа етиб борганди. Шунингдек, яқин кунларда минтақа яқинида THAAD ракетага қарши мудофаа тизими батареяси пайдо бўлиши кутилмоқда.
Live
Барчаси