АҚШда ўзбекистонлик “гангстерлар” $4,5 миллионлик товар ўғирлади

3-саҳифа

image

Ўзини мафия аъзоларидек тутишга уриниб, АҚШнинг шимоли-шарқий қисмидаги омборхоналардан 4,5 миллион долларлик қимматбаҳо пишлоқлар, сигареталар ва бошқа товарларни ўғирлаган бир гуруҳ ўзбекистонликлар қўлга олинди. Бу ҳақда “New York Post” нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, гуруҳнинг эҳтимолий раҳбари Муродулло Ҳасанов ва унинг яна етти нафар шериги кенг кўламли жиноий тил бириктириш ва йирик миқдордаги ўғирлик қилишда айбланмоқда. Тергов давомида камида олтита юк ўғирлаш ҳолати аниқланган.
 
Прокурорларнинг айтишича, бу гуруҳ анъанавий мафия усуллари – қурол билан босқин қилиш ўрнига замонавий технологиялардан фойдаланган. Улар компьютер тизимларига кириб, сохта ҳужжатлар тайёрлаш орқали товарларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.


 
Тергов маълумотларига кўра, ўғирланган маҳсулотлардан олинган даромад Ҳасанов ва унинг шерикларига Бруклиннинг Брайтон-Бич ва Кони-Айленд ҳудудларидаги денгиз манзарасига эга қиммат уйларда яшаш, люкс автомобиллар ҳайдаш ва тунги клубларда катта миқдордаги нақд пулларни ишлатиш имконини берган.

Қайд этилишича, ўғриланган товарлар орасида қарийб 11,3 тонна пармезан, пекорино ва манчего пишлоқлари ҳам бўлган. Булар дунёдаги энг машҳур, узоқ муддат давомида етиштириладиган қаттиқ пишлоқ турлари (элита пишлоқлари) ҳисобланади. Нашр бу схемани машҳур “Гудфеллас” фильмидаги воқеаларга ўхшатган.

“Бу йигитлар гўё барча мафия фильмларини кўриб чиққан ва Голливуддаги америкалик гангстерларга тақлид қилган. Бу – “Коза Ностра” услубидаги америкалик орзу”, деган ҳуқуқ-тартибот органларидан бўлган бир манба.

Кеча, 3 июнь куни эрталаб полиция Ҳасановнинг Сёрф-авенюдаги нуфузли кўп қаватли уйида рейд ўтказган. Манбаларга кўра, терговчилар квартирадан ҳужжатлар солинган қутилар, компьютер ва телефонларни мусодара қилган. Кейинроқ Ҳасанов, шунингдек, унинг эҳтимолий шериклари Нодир Қобилов ва Алексей Воробьёв судга олиб борилган. Тергов материалларига кўра, гуруҳ аъзолари Байден маъмурияти даврида АҚШга ноқонуний кириб борган ва инглиз тилини билмайди.

“Бу йигитлар инглизча гапира олмайди, аммо кино учун тайёр қаҳрамонларга ўхшайди”, деган манбалардан бири.

Суд ҳужжатларига кўра, 2025 йил октябридан 2026 йил апрелигача амалга оширилган олтита ўғирлик ортидан қуйидаги товарлар қўлга киритилган:

  • 165 минг долларлик қўй гўшти;
  • 266 минг долларлик мис;
  • 295 минг долларлик мол гўшти;
  • 432 минг долларлик пишлоқ;
  • 3,3 миллион долларлик сигарета.

Айбловларга кўра, гуруҳ номаълум жиноий синдикат билан ҳамкорлик қилган. Улар ўзини қонуний юк ташувчи компаниялар номидан таништириб, юк ташиш тендерларида ғолиб чиққан. Синдикат муайян юклар ҳақидаги маълумотларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган, Ҳасанов эса сохта ҳужжатларни ҳайдовчиларга етказган. Ҳайдовчилар Нью-Жерси, Пенсилвания ва Виржиния штатларида юкни қабул қилиш нуқталарига бориб, ўзларини расмий ташувчи сифатида кўрсатган ва товарларни олиб кетган.

“Энг ташвишли жиҳати шундаки, товар эгалари ва қонуний ташувчи компаниялар бу воқеалардан зарар етказилгандан кейингина хабар топган”, дейди Манҳэттен прокурори Элвин Брэгг.

Унинг сўзларига кўра, ўғирланган озиқ-овқат маҳсулотларининг бир қисми “Costco” каби йирик савдо тармоқларига етказиб берилиши керак бўлган.

Билдирилишича, ўғирланган товарлар Нью-Йорк шаҳрига олиб борилиб, қора бозорда сотилган ёки сотишга уринилган. Айниқса, Теннесси штатига юборилиши керак бўлган катта партия сигареталар Бронксдаги омборхонага бориб қолган. Полиция ва Бронкс прокуратураси ходимлари апрель ойида тинтув ўтказиб, уларни мусодара қилган.

Терговчилар WhatsApp хабарлари, юк ташиш ҳужжатлари ва фотосуратлар орқали далиллар занжирини тиклаб, уни Ҳасанов ва унинг гуруҳигача олиб борганини маълум қилган.

Ҳужжатларга кўра, бир нечта айбловчи суратларда Ҳасановнинг ўғирланган қўй гўштини ўзининг 2025 йилги Range Rover машинасига юклаётгани, Бруклиндаги рангли металл парчаларини қабул қилиш жойида ўғирланган мисни сотиш бўйича савдолашаётгани ва Бронксдаги ўғирланган сигаретлар билан тўлдирилган омборхона ташқарисида тургани акс этган.

Қобилов ва Воробьёв суддаги айбловни эълон қилиш жараёнида ўзларини айбдор деб тан олмаган ва уларга нисбатан назорат остидаги озодлик (тилхат билан очиқда қолдириш) эҳтиёт чораси қўлланилган. Бироқ прокурорлар, ўз навбатида айбини тан олмаган Ҳасановни 1,5 миллион доллар нақд пул гарови эвазига ҳибсда ушлаб туриш кераклигини талаб қилган.

Ҳасановнинг адвокати Майкл Стенли Мандель мижозининг жиноий муаммоларини, жумладан, у фирибгарлик учун қидирилаётган Ўзбекистондан берилган Интерполнинг “қизил билдиришномаси” борлигини хаспўшлашга уринган.

Манделнинг чиқиши у Ҳасановни “озиқ-овқат савдоси соҳасида ишлайди” деб айтганида барбод бўлган – бу гапдан сўнг бутун суд зали кулиб юборган. Якунда Ҳасановни гаров эвазига қўйиб юбориш ҳақидаги ариза кўриб чиқиладиган 11 июндаги суд мажлисига қадар панжара ортида сақлаш тўғрисида қарор чиқарилган.
 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Оҳайо штати Цинциннати шаҳрида ноқонуний кўча пойгалари ва автомобиль шоулари билан боғлиқ рейд давомида 6 нафар ўзбекистонлик қўлга олинган эди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ ўзбекистонлик мафия пишлоқ гангстер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг