АҚШнинг уруши 1 млн кишининг “ёстиғини қуритди”
Олам
−
06 Март 8016 2 дақиқа
Тадқиқотларга кўра, 2001 йил 11 сентябрдан бери АҚШ томонидан бошланган ҳарбий амалиётлар давомида қарийб 1 миллион киши ҳалок бўлган. Операциялар чорак аср давомида дунёнинг турли ҳудудларида олиб борилган. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
2001 йил 11 сентябрь кунги террорчилик ҳужумларидан сўнг Вашингтон “терроризмга қарши глобал уруш” сиёсатини бошлади. Шундан кейин АҚШ Афғонистон, Ироқ, Яман, Покистон, Сомали, Ливия, Сурия, Венесуэла, Нигерия ва Эрон ҳудудларида турли кўринишдаги ҳарбий зарбалар ва операцияларни амалга оширди.
Мазкур ҳарбий амалиётлар турли Президентлар даврида давом этган. Улар Жорж Буш президентлиги даврида бошланган бўлса, кейинчалик Барак Обама ва Дональд Трамп маъмуриятлари даврида ҳам турли шаклларда давом эттирилган. Операциялар айрим ҳудудларда тўғридан-тўғри ҳарбий аралашув, бошқа жойларда эса дрон зарбалари ёки махсус операциялар орқали амалга оширилган.
Braun университети ҳузуридаги Watson халқаро ва жамоат ишлари институти ҳисоб-китобларига кўра, 2001 йилдан буён ушбу урушларга қарийб 5,8 триллион доллар сарфланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, урушларда қатнашган ҳарбийлар учун кейинги йиллардаги тиббий хизмат ва ижтимоий таъминот харажатлари ҳам қўшилса, умумий сумма 8 триллион долларгача етиши мумкин.
Шунингдек, университетнинг тадқиқоти “Costs of War” маълумотларига кўра, АҚШ бошчилигидаги урушлар оқибатида тахминан 940 минг киши ҳалок бўлган. Бу рақамга фақат жанговар ҳаракатлар, бомбардимонлар ва қуролли тўқнашувлар оқибатида вафот этганлар киритилган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, урушлар сабаб юзага келган озиқ-овқат танқислиги, тиббий хизмат етишмаслиги, касалликлар ва бошқа ижтимоий муаммолар туфайли юзага келган билвосита ўлимлар бу статистикага киритилмаган. Шу боис, ҳалок бўлганларнинг сони бундан ҳам юқори бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Эронга қарши урушда қандай қуроллардан фойдаланаётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси