Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади
Жамият
−
12 Ноябрь 1763 5 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу тўғрисидаги тегишли фармони бугун, 12 ноябрь куни эълон қилинди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4–6 ноябрь кунлари АҚШга ташрифи давомида “С5+1” саммити доирасида Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Америка томони билан келишган ҳолда АҚШ Президенти вакили ҳамраислигида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш бўйича келишувга эришилганлиги маълумот учун қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевага Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркибини, унинг регламентини ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш ваколати берилади.
Фармонда белгиланишича, Кенгашга кўриб чиқиш учун киритиладиган қуйидаги масалаларни ишлаб чиқиш устувор ҳисобланади:
- стратегик бизнес ташаббуслар, йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва келишилишини мувофиқлаштириш, шунингдек, улар амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш;
- Ўзбекистонга қўшимча инвестицияларни жалб этиш учун махсус инвестиция фондини яратиш, йирик инвесторлар сифатида Халқаро молиявий тараққиёт корпорацияси (DFC)ни ва Ўзбекистон томонидан ҳам инвесторларни белгилаш, шунингдек, муҳим инфратузилмавий ва стратегик лойиҳаларни молиялаштириш ва хатарларни тақсимлаш учун йирик молия институтларини (ЕТТБ, ХМК, ОТБ) жалб қилиш;
- тариф ставкаларини ўзаро пасайтириш масалалари бўйича музокараларни давом эттириш;
- Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резидентлари бўлган компаниялар маҳсулотлари ва хизматларини тизимли равишда илгари суриш;
- мамлакатнинг инвестиция портфелини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки валюта захирасининг бир қисмини ва бошқа активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар киритиш.
Шунингдек, ташқи сиёсий ва давлат ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида 2026 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасига қўшимча маслаҳатчи-элчи – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими киритилади. Маслаҳатчи-элчи лавозимига тайинлаш ва ундан озод этиш, шунингдек, фаолияти регламентини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчи-элчи ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарига ҳисобдор ва Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари фаолиятини икки томонлама муносабатларни ривожлантириш қисмида қўллаб-қувватлашга масъул ҳисобланади.
Маслаҳатчи-элчи зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:
- Ўзбекистон ва АҚШда йирик ва стратегик инвестиция ва савдо лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича тўғридан-тўғри ташаббус кўрсатиш ва муҳокама қилиш;
- Ўзбекистон томонидан Кенгаш ишини комплекс мувофиқлаштириш.
Шу билан бирга, инвестиция-савдо блокини мустаҳкамлаш ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш, Кенгашнинг масала ва лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек, маслаҳатчи-элчиси фаолиятига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги:
- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда уч ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ходимлари штат бирлигини кўпайтириш тўғрисида таклиф киритади;
- бир ой муддатда АҚШ ҳудудида қўшимча консулликлар очиш масаласини ишлаб чиқсин, бунда географик қамровни таъминлаш учун контингентга АҚШ тармоқларининг асосий хаблари билан ишловчи ходимлар ва мутахассисларни киритсин ҳамда ватандошлар йирик диаспоралари энг кўп тўпланган ҳудудларни (Филадельфия, Чикаго, Орландо ва Сиэтл шаҳарлари) ҳисобга олади.
Бундан ташқари, АҚШнинг барча штатларида яшаб келаётган ўзбек диаспоралари билан самарали ҳамкорлик моделини ишлаб чиқиш ва муваффақиятли амалга ошириш – АҚШ ҳудудида янгидан ташкил этилаётган консулликларнинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланади.
Фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб хорижий корхоналарнинг устав фондини шакллантириш (ёки капиталда иштирок этиш) учун АҚШдаги инвестиция фаолияти бўйича резидентлар операциялари – Ўзбекистон Республикасидаги банкларда резидентлар ҳисобларидан пул маблағларини ўтказиш, АҚШдаги филиалларини айланма маблағлар билан тўлдириш чекловларсиз, резидентлар ҳисобларидаги маблағлар доирасида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур банд талабларидан келиб чиқадиган ўзгартиришлар киритади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк билан биргаликда даромадни ошириш мақсадида Кенгашга энг фойдали ва юқори ликвидли, шу жумладан, АҚШда жойлашган активларга йўналтириш учун мамлакатнинг инвестиция активлари ва валюта захиралари тузилмасини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги эса Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда:
- икки ҳафта муддатда Америка томони билан биргаликда доимий офиси АҚШда бўлган Кенгашнинг ижро органи ходимлари доимий штатини, шу жумладан, АҚШ мутахассисларидан иборат таркибда шакллантириш масаласини ўрганиб чиқади;
- йигирма кун муддатда Ўзбекистон томонидан Кенгашнинг регламенти ва фаолияти тартиб-таомилларини тасдиқлаш учун киритади;
- бир ой муддатда:
- Ўзбекистон томонидан Кенгаш таркибини, шу жумладан, унга Америка ишбилармонлик ва инвестиция ҳамжамияти нуфузли вакилларини жалб қилган ҳолда тасдиқлашга киритади;
- Америка томони билан Инвестицияларни ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича музокаралар бошлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритади.
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Шавкатовна Мирзиёева зиммасига юкланади.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашган ва Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари билан бирга C5+1 форматидаги саммитда қатнашганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь