Америка ядровий қуроллари Польшада жойлаштирилса, Россия чора кўради – Кремль 

Олам

image

Россия ҳарбийлари Польшада АҚШ ядро қуроли пайдо бўлган тақдирда вазиятни таҳлил қилади ва зарур чораларни кўради. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни бўлиб ўтган брифингда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

“Ҳарбийлар, албатта, агар бундай режалар амалга оширилса, вазиятни таҳлил қилади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам хавфсизлигимизни кафолатлаш учун барча зарур жавоб чораларини кўради”, дейди Кремль вакили.

Песков Россия кучлари Украинадаги фронтда ўз позицияларини яхшилаётгани ва АҚШнинг Киевга ёрдами бу вазиятни ўзгартирмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ажратилган маблағлар "украиналиклар орасида янги қурбонларга олиб келади".

“Кўпроқ украиналиклар ўлади. Украина катта йўқотишларга дучор бўлади", дея таъкидлади Кремль вакили.

Шунингдек, Песков Россия расмийлари Ғарбнинг “санкция машқлари” давом этишини кутаётганини ва янги чекловлар қайси соҳаларга қаратилган бўлиши мумкинлигини тушунишини таъкидлади.

“Улар мисли кўрилмаган санкциялар пакетини кенгайтиришни хоҳлаётгани аниқ. Кўриниб турибдики, улар тишларини ғижирлатиб, ҳатто ўзларига салбий таъсир кўрсатишга тайёр”, дея давом этди Кремль воизи.

Песковнинг қўшимча қилишича, Россия расмийлари Европа Иттифоқининг мамлакатга қарши янги санкциялари оқибатларини минималлаштиради. Россия етакчиси матбуот котибининг сўзларига кўра, Москва Вашингтоннинг Россия активларини мусодара қилиш бўйича “ноқонуний ташаббуси”га жавоб қайтаради, хусусан, бундай қарор суд муҳокамасига сабаб бўлади.

“Бу иқтисодий тизимнинг барча асосларини йўқ қилишдан бошқа нарса эмас. Бу давлат мулкига ва хусусий мулкка тажовуздир. Бу ҳеч қандай тарзда қонуний ҳаракат сифатида талқин қилинмаслиги керак. Улар ноқонуний”, дея қўшимча қилди Дмитрий Песков.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Польша Президенти Анжей Дуда Россия чегарадош Калининград вилоятини “борган сари ҳарбийлаштираётгани” ва яқинда ядро қуролини Беларусга кўчиргани сабабли мамлакат ҳудудида НАТОнинг ядро қуролини жойлаштиришга тайёр эканини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия Польша ядровий қурол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг