АОКА тугатилади
Жамият
−
14 Июль 14974 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) фаолияти тугатилиб, унинг асосида Миллий контент ишлаб чиқарувчи марказ ташкил этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда белгиланди.
Фармонга мувофиқ, давлат идораларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлиги оширилмоқда. Матбуот котиблари институти янада мустаҳкамланади, аҳоли билан коммуникация қилиш ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашнинг янги тизими жорий этилмоқда.
Шунингдек, айрим йўналишларда Президент вакиллари лавозимлари жорий этилди.
Бундан ташқари, эндиликда ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва лойиҳа Президент Администрацияси ҳузуридаги илмий-таҳлилий институтлар тадқиқотлари, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертларнинг тавсиялари асосида ишлаб чиқилади.
Муҳим йўналишлар лойиҳа офислари орқали амалга оширилади. Администрация фаолиятида “комплаенс” тизими йўлга қўйилади. Бу эса шаффофликни таъминлаш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Маълумот учун, АОКА Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 февралдаги “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида ташкил этилган. 2019 йил 4 февралдан 2020 йил 29 январга қадар Комил Алламжонов АОКА директори вазифасини бажарган. 2020 йилнинг июлидан бери агентликка Асаджон Хўжаев раҳбарлик қилиб келади.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг юқоридаги фармони билан Президент Администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланган, натижада Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилиб, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилгани хабар қилинганди. Фармонга асосан, эндиликда Президент Администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар – таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.
Live
Барчаси