Apple энг арзон iPhone 17 моделини тақдим этди (видео)
Технология
−
02 Март 5226 2 дақиқа
Бугун, 2 март куни Apple компанияси 17-авлоддаги энг арзон смартфон – iPhone 17e чиққанини эълон қилди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, гаджет А19 процессори ва компаниянинг ўз ишланмаси бўлган янги C1X модеми билан жиҳозланган. Ушбу модем 16 Pro моделидагига қараганда 30 фоиз самаралироқ ишлайди.
Ишлаб чиқарувчи қувватлаш тезлиги сезиларли даражада ошишини ваъда қилмоқда, гарчи iPhone 17e модели MagSafe’нинг 25 ваттли тўлиқ қувватидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаса-да. Янги ҳамёнбоп модель фақат 15 ватт қувватни қабул қила олади, бироқ бу iPhone 16e имкониятидан икки баравар кўп дегани.

Шунингдек, iPhone 17e Ceramic Shield 2 экрани билан жиҳозланган. Apple’нинг билдиришича, унинг тирналишга чидамлилиги уч бараварга ошган. Бундан ташқари, янги смартфон яхшиланган портрет режими функцияларига эга бўлди. Шу билан бирга, қурилманинг олд ва орқа томонида фақат биттадан камера бор. Орқа панелда жойлашган камера 48 мегапиксел.

Apple’нинг янги смартфони кенгайтирилган ранглар гаммасини ҳам олган. Агар ишлаб чиқаришдан тўхтатилган унинг мантиқий “аждоди” – iPhone 16e фақат оқ ва қора рангларда тақдим этилган бўлса, 17e модели оч пушти рангда ҳам сотувга чиқади.
iPhone 17e нархи 599 доллардан бошланади. Ўтган йили iPhone 16e ҳам худди шу нархда сотилган эди, бироқ унинг хотираси икки баравар кам эди – iPhone 17e’да 256 гигабайт.
Эслатиб ўтамиз, iPhone 17 ва унинг икки версияси – Air ҳамда Pro тақдимоти ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган эди. iPhone 17 нархи 799 доллардан, Air модели камида 999 доллардан, Pro эса 1099 доллардан бошланган.