Аргентина расман ЖССТдан чиқди
Олам
−
18 Март 3569 2 дақиқа
Аргентина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидаги (ЖССТ) аъзолигини тўхтатди. Қарор расмий билдиришномадан бир йил ўтиб, кеча, 17 март куни кучга кирган. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Пабло Кирно баёнот берди.
“Мамлакатимиз ўз суверенитетини ва соғлиқни сақлаш сиёсати масалаларида қарор қабул қилиш имкониятини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда, икки томонлама келишувлар ва минтақавий форумлар орқали соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ҳамкорликка кўмаклашишда давом этади”, дейди Кирно.
АҚШ ва Аргентинанинг ЖССТдан чиқиши
Роппа-роса бир йил олдин Аргентина ҳукумати БМТ Бош котиби Антониу Гутерришни ЖССТ таркибидан чиқиш нияти ҳақида хабардор қилган эди. Мамлакат Президенти Хавьер Милей бу қадамни ЖССТнинг COVID-19 пандемияси даврида юритган сиёсатига рози эмаслиги билан асослаган.
Шунга ўхшаш қарор Аргентинадан тахминан бир ой олдин АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан ҳам қабул қилинган бўлиб, у январь ойи охирида кучга кирган эди. Шу тариқа, Қўшма Штатлар 1948 йилда ташкил этилган ва 190 дан ортиқ аъзога эга бўлган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини тарк этган биринчи давлат бўлди. Трамп ЖССТни коррупция, самарасизлик ҳамда Хитой ва бошқа давлатларнинг сиёсий босимига ён беришда айблади.
АҚШ ЖССТдан расман чиққандан сўнг 260 миллион доллар қарз қолдирди. АҚШ ва Аргентинанинг қарорлари муносабати билан ташкилот раҳбарияти ходимлар сонини қисқартирмоқда. Жорий йил якунига қадар ходимларнинг 25 фоизи ишдан бўшатилиши кутилмоқда.
Live
Барчаси