Асал байрами. Шифо, меҳнат ва ишонч бир жойда
Бизнес
−
04 Декабрь 2605 3 дақиқа
Асал айнимас, у минг дардга даво. Айнан мана шу ҳикматларни англаб етган ҳолда, Тошкентда 2-11 декабрь кунлари анъанавий асал байрами ўтказиб келинмоқда. QALAMPIR.UZ ушбу жараёнларни бевосита ёритиш, сизга асал ҳақидаги муҳим ва керакли маълумотларни етказиб бериш ҳамда мутахассис ва харидорларнинг фикри билан ўртоқлашиш мақсадида “Анҳор” истироҳат боғи ҳудудида жойлашган мазкур ярмаркада бўлди.
Ҳосил байрами арафасида бўлиб ўтаётган ушбу фестиваль Ўзбекистон Асаларичилар уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Асаларичилик тармоғидаги янги ислоҳотлар натижасида 2025 йилда асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар сони 35 000 тага етган. Бу 2024 йилга нисбатан 9 фоизга, 2017 йилга нисбатан эса 2,3 баробарга кўп дегани. Мана шу янгиланишлар фонида бухоролик Ёдгор Ражабов ҳам учинчи авлод сифатида асаларилар билан тиллашиб келмоқда. У бизга ошқозон ярасини даволовчи, иммунитетни мустаҳкамловчи, қувватни оширадиган ва терини озиқлантириб, ёшартирувчи хусусиятга эга бўлган асалари мумининг фойдалари ҳақида гапириб берди.
“Бу мум асал пишгандан кейин устини ёпади. Жигар, ошқозонга, иммунитетни кўтаришга, одамнинг қувватини оширишга жуда ҳам фойдаси катта. Нон билан есангиз агар, нон билан чайнасангиз, умумий ошқозонга кетади, ошқозон ярасини даволашга жуда ҳам зўр”, дейди у.
Ярмарка доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларидан 400 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи субъектлар ҳамда соҳанинг 1500 га яқин илғор мутахассислари иштирок этмоқда. Ушбу байрамда ҳар йил иштирок этиб, асарларига талаб юқори эканлигини айтадиган Зебо хола эса қарийб 40 йилдан бери мана шу соҳада ризқ топиб, фарзандларини ўқитиб, уй-жойли қилган.
“30-35 йилдан бери шуғулланамиз. Хўжайиним бошчилигида, фарзандларим, оиламиз, келинларим, ўғилларим – ҳаммамиз шу иш билан шуғулланамиз. Давлат ишида ишлайди ўғилларим, келинларим, қизим, лекин хўжайиним нафақага чиққанларидан кейин энг кўп ўзлари шу иш билан шуғуллана бошладилар. Ҳозир Жиззах, Фориш тарафларда етиштириб келамиз. Фарзандларимни шу иш орқали ўқитганмиз, уйли-жойли қилганмиз. Худога шукур, ҳаммасининг тагида машинаси бор. Асал шифобахш нарса. Ҳар куни эрталаб бир қошиқ еб, устидан ярим пиёла чой ичсангиз, ёшартиради. Соғлом бўласиз. Қишда касал бўлмайди. Оилалар олиб, фарзандларига едирса, касалга кетадиган пулдан кўра, қишдан соғлом чиқади”, дейди Зебо хола.
Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳам асаларичилик билан шуғулланиб келгани, бу соҳага бегона эмаслигини айтиб, бизга ўзи севиб истеъмол қиладиган асал турларини санаб берди.
“Мен биринчи йил келганимда бизда бир хил асал бўларди. Лекин ҳозир хурсандман, бизда пандемия даврида занжабилли асал пайдо бўлди. Менга жуда ёқади, ўзим истеъмол қиламан. Қушқўнмас деган гул бор, у жигарга яхши. Кейин занжабилни, янтоқ асалини жуда яхши кўраман. Асаларини тушунаман. Ўзимни ҳам асаларичи деб биламан. Менда 15 та оила бор эди, энг кўп боққаним ҳам 15 та бўлган. Асалари меҳрни яхши кўради”, дейди у.
Шунингдек, Россия, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркиядан нуфузли меҳмонлар, илмий-тадқиқот институтлари профессорлари ва кўп йиллик тажрибага эга экспертлар ташриф буюрган. Тадбир нуфузини янада ошириб, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) ва халқаро ИКАРДАнинг мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.
“Биз ушбу тадбир учун Хитойнинг кенг, ҳавоси ва муҳити жуда гўзал жойларида табиий тарзда етиштириладиган асалларимизни олиб келдик. Албатта, Ўзбекистонда ҳам шундай табиий ва сифатли асал бор. Бироқ ҳудуд бошқача, иқлим бошқача, ўсимликлар ҳам бошқача бўлгани учун асалнинг таъми ва ширинлиги фарқ қилади. Соғлиқ учун фойдаси ҳам бироз бошқача бўлади. Мен айнан Хитойдан келиб, Ўзбекистонда ўтказилаётган ушбу асал фестивалида иштирок этаётганимдан мамнунман”, дейди хитойлик тадбиркор Гая Гатро Ҳалл.
Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’ даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.