Австралияда кафтдек дўл ёғди
Олам
−
24 Ноябрь 2694 1 дақиқа
Австралиянинг шимоли-шарқидаги Квинсленд штатида кучли бўрон юз бериб, ўн минглаб аҳоли электр таъминотисиз қолди. Ҳудудда кучли шамол, йирик дўл ва жала ёғиш ҳодисалари кузатилмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Метеорология бюроси (BoM) маълумотига кўра, Тамрукум, Кумбаба ва Тамборин тоғи атрофида диаметри 6–8 см бўлган дўл ёққан. Айрим жойларда эса дўл тошлари 9 сантиметргача етгани қайд этилган.
“Жуда хавфли момақалдироқлар Брисбеннинг жанубий ва шарқий томонларига яқинлашмоқда. Осмондан жуда катта дўл ёғмоқда. Кучли шамол уй-жойлар ва дарахтларга зарар етказиши мумкин”, дейилади Метеорология бюроси огоҳлантиришида.
Бўрон пайтида Брисбен аэропортида шамол тезлиги 107 км/соатгача чиққан. Ҳудуд бўйлаб ярим миллиондан ортиқ чақмоқ чақнаш ҳолати ҳам қайд этилган.
Кучли шамол ва ёғингарчилик сабаб 138 мингдан зиёд хонадон электрсиз қолган. Шунингдек, тахминан 300 та электр узатиш линияси шикастлангани айтилмоқда.
Аҳоли ижтимоий тармоқларда улкан 7–8 сантиметрлик дўл суратларини жойлади. Баъзилар бу ҳудудда сўнгги бир неча йилда бундай йирик дўлни илк марта кўраётганини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркияда сув остидан 12 минг йиллик қоятош тасвирлари топилгани ҳақида хабар берилганди.
Комила Қобилова