Бармоғи кесиладиган аёллар, оғриқли эркаклик синови ва ахлатга беланган келин-куёв: дунёдаги энг ғалати анъаналар
Бу қизиқ
−
09 Февраль
15345Дунёда мавжуд миллионлаб халқларнинг миллионлаган урф-одатлари, анъана ва маросимлари бор. Бир ҳудуд аҳолиси учун муҳим анъана бошқа бир ҳудуддагиларга ғалати туюлиши табиий. Бугун бир неча халқларнинг бир-биридан ажабтовур баъзи анъана ёки урф-одатлари билан танишамиз.
Яқинини йўқотган аёл бармоғидан ҳам айрилади
Индонезияда яшовчи Дани қабиласи аёлларига ўз яқинларини йўқотиш нафақат ҳиссий, балки жисмоний оғриқ ҳам олиб келади. Гап шундаки, бу қабила аёллари яқин инсони вафот этганида, бармоқларидан бирини кесиб ташлашга мажбур. Бармоқнинг яримини кесиб ташлаш анъанаси орқали марҳумнинг руҳини тинчлантириш мақсад қилинади.
Одатда, бармоқ ўткир тиғли тош ёрдамида кесилади ёки бўлмаса ип билан қаттиқ боғлаб қўйилгач, қон етишмаслиги оқибатида бармоқ қорайиб, чирий бошлайди ва кўп ўтмай тушиб қолади. Бармоқ олиб ташланганидан сўнг, қон кетишини тўхтатиш учун очиқ яра куйдирилади ва ажратилган қисми ё ёқиб юборилади ёки махсус жойга кўмилади. Бир аёлнинг нечта яқин қариндоши вафот этса, шунча бармоғи кесилади. Катта ёшли қабила аёлларининг бир нечта бармоқлари йўқлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Бундан ташқари, Дани қабиласида янги туғилган чақалоқларнинг бармоқлари кесилмасада, оналари томонидан қаттиқ тишланади ва бу уларга омад олиб келишига ишонилади. Индонезия ҳукумати бундай ҳаракатларни қийноқ деб баҳолаб, тақиқ қўйган, аммо 250 минг кишилик мазкур қабила аҳли ўз анъаналарига содиқ қолмоқда.
Улғайиш учун азобли ўн дақиқа
Бир қанча халқларда болаларнинг балоғат ёшига етгани алоҳида маросимлар билан нишонланади, Баъзи халқлар анъаналарида болалар, айниқса ўғил болалар қийин вазиятга ташланади ва уни енгиб ўтиб, улғайганини исботлаш талаб этилади. Масалан, Бразилиядаги Сатере-Маве қабиласи ўғил болалари 12 ёшга тўлгач, эркакликка ўтиш маросимида даҳшатли синовга дош беришларига тўғри келади.
Гап шундаки, болалар қўлларини ўқ чумоли билан тўлдирилган қоп ичига қўйишлари ва 10 дақиқа чидаб туришлари керак. Бу энг жасур болани ҳам қўрқувдан титратиб қўйиши мумкин. Чунки ўқ чумолилар чаққанидаги оғриқ барча ҳашаротларникидан ҳам ўткирроқ – ари чаққанидан 30 баравар кучли бўлади.
Келин-куёв устига чиқиндилар сочилади
Тўй бутун дунё халқлари учун алоҳида нишонланадиган ўзгача кун ҳисобланади. Хина, фотиҳа, сангит каби маросимлар шулар жумласидан. Масалан, Шотландияда тўйдан олдин келин-куёвни энг жирканч тарзда табриклашади.
Гап шундаки, унаштирувдан сўнг оила ва дўстлар келин-куёвнинг устига турли нарсаларни тўкишади, улоқтиришади. Кўпинча бу лой, тухум, ун, ёғ, овқат қолдиқлари, бензин ва ҳатто ҳайвон ахлатлари ҳам бўлиши мумкин. Ушбу анъанадан маҳаллий ҳокимиятлар хурсанд бўлмайди, чунки одатда ўйин-кулгидан сўнг ифлосланган жой ва чиқиндилар ташлаб кетилади. Бу эса сайёҳларнинг таъбини хира қилиши мумкин.
Маййитларни калхатларга эҳсон қилиш
Дафн маросимлари дунёнинг турли бурчакларида турлича ўтказилади. Масалан, Кореяда жасадни ёқиб, кулини махсус идишларда сақлашади. Ҳиндлар эса бундай кулни дарёда оқизишади. Хитойликлар марҳумни тобутга солиб, йиртқичлардан асраш учун юқорига илиб қўйишади. Тибетликлар эса дафн этишнинг бироз ваҳшийроқ усулини танлаган дейиш мумкин. Мазкур дафн маросими буддизм анъаналарига мувофиқ бўлиб, унда танани ерга қайтариш ва муқаддас калхатларни озиқлантириш орқали табиатга эҳсон мақсад қилинади. Қолаверса, Тибет халқи руҳ тарк этгач, тана ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблайди.
Анъана доирасида марҳум бир неча кун давомида ўтирган ҳолатда сақланади, роҳиблар эса ибодат қилишади. Осмонга яқинроқ бўлиши ва қушларни жалб қилиши учун маросим аҳоли истиқомат қилмайдиган баландлик жойларда ўтказилади. Дафн ўтказувчилар жасадни майда қисмларга бўлиб, қушлар истеъмоли учун тайёрлайди. Калхатлардан қолган қолдиқ ва суяклар ёқиб юборилиши ёки кўмилиши мумкин. Қизиқ факт: қушларнинг танани тезда еб қўйиши марҳумнинг яхши ҳаёт кечирганини англатади. Ушбу дафн маросими экологик фойдали бўлгани учун айримлар томонидан яхши қабул қилинади.
Жасадни қабрдан чиқариб, янгиликлар айтиш – ҳурмат белгиси
Мадагаскар оролида яшовчи қабилалардан бирида шундай одат борки, уни қайси маросимлар сирасига киритишганда ҳайронсан киши. Гап шундаки, Фамадиҳана номли бу маросим марҳум дафн этилгач, бир йилдан сўнг ўтказилади. У XVII асрда Мерина ва Бецилеу тоғ қабилалари орасида пайдо бўлган. Маросим илдизи тириклигида жамиятда муҳим мавқега эга бўлган шахсларнинг жасадларига тавалло қилиш эътиқодига бориб тақалади. Вафот этган қабилабошиларни илоҳийлаштириш мақсадида қилинган ҳаракатлар кейинчалик анъанага айланган. Вақтлар ўтиб, оддий қабила аъзолари вафот этганида қариндошлари томонидан уларга ҳам шундай ҳурмат келтирила бошланди.
Фамадиҳана марҳумлар худо ва тириклар ўртасидаги воситачилар деган тушунчага асосланади. Одамлар маросим давомида худди худога ибодат қилганидек, ота-боболарининг руҳларига ибодат қилади. Қабила халқларининг эътиқодига кўра, инсон танаси бутунлай парчаланиб кетгандан кейингина бошқа дунёга ўтади, бунгача эса марҳум оила аъзолари билан мулоқот қилиб туриши керак. Фамадиҳанада одамлар яқин қариндошининг маййитини қабрдан чиқариб, бўйрада кўтариб юради ва янги ипак матолар билан кафанлайди. Маросим давомида жасадни ерга қўйиш, унинг исмини айтиш ёки унга ишора қилиш мумкин эмас. Шунингдек, ҳар бир киши аждодидан соғлик, бойлик, фарзанд сўрайди, унинг вафотидан кейин содир бўлган оиладаги ва мамлакатдаги янгиликлар ҳақида гапиради. Бундан ташқари, маросимга мусиқачи ва актёрлар таклиф қилиниб, қариндошлар учун дабдабали зиёфат ташкиллаштирилади. Фамадиҳана бир неча соат давом этади ва маросим сўнггида маййитлар янги қабрга кўмилади. Маросим етти йил ичида яна такрорланади. Сўнгги пайтларда бу маросим камроқ ўтказилмоқда. Бу бир томондан, харажатларнинг юқорилиги билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан, баъзи христиан ташкилотларининг қаршилиги билан боғлиқ.
Чақалоқлар устидан сакрайдиган шайтон
Ривожланган давлатлар ҳам қанчалик мантиқсиз туюлмасин, аждодларининг анъаналари ва ғалати одатларини давом эттириб келади. Масалан, замонавий Европа давлати Испанияда чақалоқлар устидан сакраб ўтиш анъанаси мавжуд.
Тўрт асрлик тарихга эга ушбу маросим тўрт кунлик фестивалнинг бир қисми сифатида бўлиб ўтади. “Иблиснинг сакраши” маъносини билдирувчи El Salto del Colacho маросимида испанлар тасаввуридаги иблис кийимларини кийиб олган шахслар қўлларида от думидан тайёрланган қамчи билан атрофдагиларга ҳамла қилади, болаларни қувлайди. Кўчалар бўйлаб шундай томошалар сўнггида “шайтон” тизиб қўйилган чақалоқлар устидан сакраб ўтади. Бу орқали уларни гуноҳларидан фориғ этиб, келажакдаги касалликлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилинади. Фестиваль тариқасида ўтадиган ҳар йилги байрам мусиқа ва рақсларни ўз ичига олган зиёфат билан якунланади.
Айтиш мумкинки, асосан қабила шаклида истиқомат қилувчи халқлар ўз аждодларидан ўтиб келаётган одатларга шунчаки анъана сифатида эмас, балки чинакам бурч сифатида қарайди. Замонавий давлатларда эса мантиққа тўғри келадими-йўқми, бурунги аждодлар урф-одатлари миллий қадрият сифатида талқин қилинади.
LiveБарчаси