Бир йилда тўртта “Оскар”? Сандра Хюллер тарих ёзмоқчи

Олам

image

Германиялик актриса Сандра Хюллер бугунги кунда Голливуд ва Европа киносининг энг кўп муҳокама қилинаётган актрисаларидан бирига айланди. У бир йилнинг ўзида тўртта «Оскар» номинациясини қўлга киритиши мумкинлиги айтилмоқда. Агар бу ҳодиса содир бўлса, у академия тарихида бундай натижага эришган илк актрисага айланиши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Сўнгги йилларда “Йиқилиш анатомияси” ва “Қизиқиш зонаси” фильмларидаги роллари билан халқаро шуҳрат қозонган актриса энди бирданига бир нечта йирик лойиҳалар марказида турибди. Айниқса, “Project Hail Mary” ва “Fatherland” фильмларидаги ижроси кино мухлислари томонидан юқори баҳоланмоқда.

Кино шарҳловчиси Марк Харрисоннинг айтишича, Сандра Хюллер ҳозирги даврнинг энг кучли драматик актрисаларидан бирига айланган.

“У камера қаршисида ҳиссиётларни жуда табиий етказади. Сандра Хюллер роль ўйнамайди - у образнинг ичида яшайди”, деди кино шарҳловчиси Марк Харрисон.

Айниқса, “Fatherland” фильмидаги меҳмонхона саҳнаси аллақачон “келажакдаги Оскар клипи” сифатида тилга олинмоқда. Фильмда у ёзувчи Томас Манннинг қизи Эрика Манн ролини ижро этган. Сандра Хюллер саҳнада оиласидаги фожиали воқеа ҳақида телефон орқали хабар олади. Актрисанинг қўрқув, изтироб ва ички босимни табиий ифодалагани томошабинларни ҳайратда қолдирган.

Бундан ташқари, актриса Рян Гослинг билан бирга суратга тушган “Project Hail Mary” фильмида ҳам асосий эътибор марказида бўлиши кутилмоқда. Фильмнинг айрим саҳналари интернетда муҳокамаларга сабаб бўлиб улгурган.

Кино журналисти Анна Смит эса Хюллернинг муваффақиятини тасодиф эмаслигини таъкидлади.

“Унинг кучи - сунъий драматизмдан қочишида. Сандра томошабинни баланд овоз ёки ортиқча эмоция билан эмас, оддий нигоҳ билан ҳам ларзага сола олади”, деди Смит.

Актриса йил охиригача яна икки йирик лойиҳада - “Digger” ҳамда австриялик “Rose” драмасида кўриниш беради. Мутахассислар айнан шу фильмлар унга яна янги номинациялар олиб келиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

48 ёшли Сандра Хюллернинг Голливуддаги катта муваффақияти кўпчилик учун “кеч келган шуҳрат”дек туюлмоқда. Бироқ кино ихлосмандлари унинг истеъдоди аслида анча олдин кашф этилганини айтмоқда. Айниқса, “Тони Эрдманн” фильми актрисанинг халқаро майдондаги илк катта портлаши бўлганди.

Энди эса Сандра Хюллер нафақат Европа киносининг юзи, балки “Оскар” тарихини ўзгартириши мумкин бўлган актрисага айланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Голливуд Сандра Хюллер “Оскар”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг