Биринчи Марказий Осиё – Япония саммити қачон бўлиши айтилди

Олам

image

Жорий йилнинг 19–20 декабрь кунлари Япониянинг Токио шаҳрида Марказий Осиё – Япония саммити ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Nippon” хабар берди.

Нашрга кўра, айни дамда Япония Бош вазири Санаэ Такаичи ва минтақа лидерлари ўртасида икки томонлама учрашувлар ҳам кўриб чиқилмоқда.

Ҳукмрон Либерал-Демократик партия вице-президенти Таро Асо Япония ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги дўстликни ривожлантиришга бағишланган қонунчилар йиғилишида ушбу режани эълон қилган. 

Асо сўнгги пайтларда Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар Марказий Осиё билан саммитлар ўтказганини таъкидлаб, Япониянинг ҳам шундай дипломатик тадбирни ўтказиши аҳамиятини юқори баҳолаган. 

Қайд этиш жоиз, саммит Марказий Осиёнинг бешта давлати – Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қозоғистон иштирокида бўлиб ўтади. 

Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.

Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.

Меҳмон раҳбарлар учун тартиб ва протоколни таъминлаш бўйича тайёргарликлар олиб борилмоқда. 

“Токиодаги саммит Япониянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан юқори даражадаги дипломатик алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган янги ҳаракатини белгилайди”, дейилади хабарда. 

Маълумот учун, жорий йил 4 апрелда Самарқандда Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити, 30 майда Остона шаҳрида Марказий Осиё – Италия саммити, 17 июнда Остона шаҳрида Марказий Осиё – Хитой иккинчи саммити, 9 октябрда Душанбе шаҳрида Марказий Осиё – Россия иккинчи саммити, 6 ноябрь куни Вашингтонда Марказий Осиё – АҚШ иккинчи саммити бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга бориши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Марказий Осиё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг