“Бирорта ҳам баҳсли масала йўқ”. Тўқаев Путин билан учрашди

Олам

image

Бугун, 22 декабрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) раҳбарларининг норасмий йиғилиши доирасида Санкт-Петербург шаҳрида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.

“Бу ерда Янги йил арафасидаги анъанавий Петербург учрашувлари доирасидаги ташрифимиз дастури мутлақо пухта ўйланган ва сермазмун бўлди. Биз ЕОИИ доирасида қатор масалаларни кўриб чиқиб, қарорлар қабул қилдик. МДҲ форматида ҳам ҳамкорлигимизга оид жуда муҳим, долзарб масалалар муҳокама қилинди. МДҲ нуфузли ва талаб юқори бўлган халқаро ташкилот ҳисобланади.

Икки томонлама ҳамкорликка келсак, жорий йил шубҳасиз муваффақиятли бўлди. Айтиш мумкинки, икки томонлама муносабатлар изчил ривожланди. 12 ноябрь куни Россияга амалга оширган давлат ташрифим тўлиқ муваффақият билан якунланди. Ушбу ташриф давомида кўрсатилган самимий қабул учун сизга миннатдорлик билдираман.

Қозоғистон учун стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги ҳамкорлик сўзсиз устувор йўналишдир. Биз Қозоғистон ва Россия фуқароларининг кундалик ҳаётига дахлдор барча масалаларда бирга бўлишимиз керак, чунки бу ҳамкорлик ва стратегик шерикликни ривожлантиришга қаратилган ишларимиз мамлакатларимиз халқларининг туб манфаатларига тўлиқ мос келади”, дейди Қозоғистон раҳбари.

Владимир Путин ҳам МДҲ давлатлари раҳбарлари учрашуви якунлари ҳақида фикр билдирган.

“Кеча ва бугун бу ерда биргаликда ишладик, бугун эса ярим кун давомида норасмий мулоқот чоғида КХШТ, МДҲ доирасидаги ишларимиз, шунингдек, икки томонлама масалалар юзасидан гаплашиш имконига эга бўлдик.

Сиз билан алоҳида учрашиб, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун сиз ҳам, мен ҳам устувор деб биладиган масалаларни муҳокама қилиш имкониятидан жуда мамнунман. Умуман олганда, менинг назаримда, вазият деярли барча йўналишлар бўйича ижобий ривожланмоқда. Бизда бирорта ҳам баҳсли ёки мураккаб масала йўқ”, дейди Россия Президенти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев МДҲ норасмий саммитида қатнашишдан бош тортгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг