БМТ Исроилни очликни қурол сифатида ишлатишдан огоҳлантирди

Олам

image

Исроил уруш олиб боришда очликни восита сифатида ишлатишни тақиқловчи халқаро нормаларга риоя этиши шарт. Бу ҳақда бугун, 22 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро суди раиси Юдзи Ивасава эълон қилган Фаластин ҳудудида халқаро ташкилотлар иштироки бўйича Исроил зиммасидаги мажбуриятларга оид маслаҳат хулосасида келтирилган.

“Суд бир овоздан шундай хулосага келди: Исроил уруш олиб бориш воситаси сифатида очликни қўллашни тақиқловчи қоидага риоя этиши керак”, дейилади судья ўқиган баёнотда.

Халқаро суд ўзининг маслаҳат хулосасида Фаластин қочқинларига хизмат қилувчи асосий БМТ ташкилоти – Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкил этиш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) бетарафлик тамойилини бузмаганини ҳам қайд этган.

“Босқинчи давлат ҳеч қачон хавфсизлик сабабларини келтириб, босиб олинган ҳудудда барча гуманитар фаолиятни тўлиқ тўхтатишни оқлай олмайди. Далилларни ўрганиб чиқиб, суд Ғазо секторидаги маҳаллий аҳоли етарли даражада таъминланмаган деган хулосага келди”, дейди Юдзи Ивасава.

Бу хулоса БМТ Бош ассамблеяси томонидан 2024 йил декабрь ойида сўралган. У пайтда Исроил UNRWA фаолиятини мамлакат ҳудудида тақиқловчи қонунларни қабул қилиб, Ғазога ёрдам етказиш имкониятларини кескин чеклаб қўйганди.

Халқаро суд жорий йилнинг 28 апрель – 2 май кунлари давомида Фаластин ҳудудида халқаро ташкилотлар иштироки юзасидан Исроилнинг мажбуриятлари бўйича маслаҳат жараёнларини ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг Truth Social тармоғида Яқин Шарқ мамлакатлари ва бошқа иттифоқчилар ҲАМАС ҳаракати вакилларини жиловлаб қўйиш учун Ғазо ҳудудига қўшин киритишга тайёр эканини ёзган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил очлик Юдзи Ивасава

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг