БМТ ходимлари Ғазодаги ҳаракатларни “геноцид” деб тан олишни талаб қилди
Олам
−
29 Август 3256 2 дақиқа
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 500 дан ортиқ ходими БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк ва Бош котиб Антониу Гутерришга мурожаат қилиб, Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини “геноцид” деб тан олишни талаб қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ходимлар ўз мурожатида урушнинг кўлами ва шафқатсизлиги халқаро ҳуқуқда белгиланган “геноцид” таърифига тўлиқ мос келишини айтган.
Уларнинг огоҳлантиришича, БМТнинг “кўзларини юмиб”, бамайлихотир сукут сақлаши ташкилот обрўсини баттар йўқотиши мумкин. Ходимлар Шарқий Африкада жойлашган Руанда мамлакатидаги 1994 йилги воқеаларни хотирлаб, ўша пайтда ҳам “геноцид” содир бўлгани, лекин БМТнинг ҳаракатсиз қолганини эслаган.
Фолькер Тюрк аввалроқ Исроилнинг ҳаракатларини қоралаган ва Ғазодаги вазиятни “даҳшатли” деб атаган. У ходимларнинг норозилигини яхши тушунишини билдирган. Гутерриш ҳам уни қўллаб-қувватлаган, аммо расмий равишда “геноцид” деб аташ фақат Халқаро суд ваколатида эканини айтган.
Бу орада вазиятдан хабардор бўлган Исроил ходимларнинг даъвосини рад этиб, уларни доимгидек “асоссиз айбловлар” деб атаган. Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат “ўзини ҳимоя қилаётгани”ни қўшимча қилган.
Бир нечта ташкилот ва БМТнинг мустақил экспертлари Исроил тажовузини аллақачон “геноцид” деб атаган, аммо БМТ расмий равишда бу сўзни ишлатмаяпти. Жанубий Африка томонидан Халқаро судга киритилган даъво эса ҳалигача кўриб чиқилмаган.
Халқаро ташкилот Исроилнинг Ғазодаги тўхтамаётган ҳаракатларини “геноцид” дейишга тили бормаётган бир вақтда, ҳудуд очлик ва ўлим исканжасида қолган. Ёш болаларнинг ўлими соат сайин ошиб бормоқда. Минтақавий ва халқаро ташкилотлар эса Исроилни турли баёнотлар билан айблай оляпти, холос.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил ҳужумлари бошланганидан бери деярли 63 минг киши, асосан аёллар ва болалар уруш қурбонига айланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойи ўрталаридагина БМТ Ғазо секторидаги очарчиликни биринчи марта расман тасдиқлаганди. Аммо уруш деярли икки йилдан бери давом этмоқда. Можаро, оммавий кўчиришлар, гуманитар ёрдамга қаттиқ чекловлар, озиқ-овқат, сув, тиббий ёрдам, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва балиқчиликка кўмак беришнинг тўхтатилиши, шунингдек, соғлиқни сақлаш, санитария ва бозор тизимларининг емирилиши одамларни очликка маҳкум этди. Шунда ҳам ташкилот фақатгина урушни якунлаш кераклиги ҳақида баёнот беролди.
Live
Барчаси